28 ЙИЛ ДАВОМИДА 30000га ЯҚИН ОҒИР ВА ЕНГИЛ ЖАРРОҲЛИК ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ ЎТКАЗГАН ШИФОКОР
Шавкат Омоновнинг ҳар куни ана шундай қизғин иш жараёни билан бошланади. Шифохонада даволанаётган барча беморлар қўли енгил шифокорни дуо қилишади. Хасталикларга шифо топувчи, одамларнинг дардига малҳам бўлувчи оқ либосли шифокорни кўрганда кишининг юзига табассум югуради. Ҳавас қилса арзигудек касбнинг ўзига яраша машаққатлари, қийинчиликлари ҳам мавжуд. Болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган Шавкат ака Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлагач, илмий ишини ёқлади. Касбига умрини бағишлаган лавҳамиз қаҳрамони илмий изланишдан тўхтамади. Натижада профессор, деган эътирофга сазовор бўлди. Йигирма саккиз йиллик меҳнат фаолияти давомида ўттиз мингга яқин оғир ва енгил операцияларни амалга оширди. Ҳа, Шавкат Омоновнинг кўп йиллик фидойи меҳнатлари юқори баҳоланиб, Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига биноан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони билан тақдирланди.
Бундан ташқари, шифохонадаги ишларидан ортиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ҳам талабаларга дарс беради. Ҳаёти давомида тўплаган тажрибаларини келгуси авлод вакилларига етказиш учун вақтини аямайди. Ана шундай фидокор инсонларнинг меҳнати самарасида тажрибали ёш шифокорлар етишиб чиқмоқда.
Ниҳолни парвариш қилсангиз келажакда боққа кўрк берувчи, мўл-кўл ҳосил соладиган улкан дарахт бўлиб ўсади. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар замирида ҳам халқнинг фаровон турмуш кечириши, келажак авлодни ҳар томонлама соғлом вояга етказишдек эзгу мақсадлар мужассам.
“Қуш уясида кўрганини қилади”, деганларидек, Аминжон ҳам отасининг изидан бормоқда. Ўғил сифатида эмас, шогирдлари қаторида туриб сабоқ олаётган Аминжонни келажакда ўз касбининг малакали мутахассиси бўлиши шубҳасиз.
– Мен дадамнинг касбига ҳавас қиламан, – дейди Аминжон Омонов. – Падари бузрукворим бутун умрини касбига бағишлаган. Маҳаллада, ишда ҳам, ўқишда ҳам атрофидагилар дадамни эъзозлайди. Шифо топган беморларнинг дуо қилганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Шу сабабдан худди дадамдек эл корига ярайдиган, юртга муносиб фарзанд бўлиш ниятида ота изидан боряпман.
Дарҳақиқат, ёшларнинг ҳар томонлама етук, комил инсон бўлиб вояга етиши учун барча қулайликлар яратилган. Шунингдек, уларга таълим бериб, келажак авлодни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшаётган, ҳалол хизмати, жамоат ишларида фаол иштироки, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги билан элдошлари иззат-ҳурматига сазовор бўлганларнинг меҳнати ҳамиша қадрланган ва эътироф этилган.
– Илк бор эгнимга оқ халат кийганимда қалбимни чулғаган ҳаяжон орадан йиллар ўтсада ҳали-ҳануз тарк этмаган, – дейди Шавкат Омонов. – Кўринишидан касбга доир либос бўлгани билан, кийган одам унинг қанчалар оғир эканини ҳис қилади. Бу оқ ранг ишонч рамзи, масъулият туйғуси, бурч тушунчасидир. Ҳар бир беморни текширувдан ўтказаётганимда ана шу бурч тушунчаси мени сергакликка чорлайди. Операция бўлаётган бемор ҳаётини ишониб топшираётганини нажот кўзлари билан ифодалайди. Бу нигоҳларга боқар эканман, ҳар сафар биринчи бор жарроҳлик амалиётини ўтаётгандекман гўё. Операциядан сўнг кулиб турган беморнинг чеҳрасига қараб, касбимдан фахр туйғусини ҳис қиламан.
Д.ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири