“САЛОМАТЛИК” ЛОЙИҲАЛАРИ
АҲОЛИ СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШДА МУҲИМ ОМИЛ БЎЛАЁТИР
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Саломатлик” лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши истиқлол йилларида мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим бўғинига айланди. Муассасаларнинг замонавий тиббий ускуналар билан босқичма-босқич таъминланиши натижасида аҳолига юқори малакали хизмат кўрсатиш кафолатланди.
Ўтган йили биргина Асака тумани тиббиёт бирлашмасига “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида юқори технологик ускуналар ҳамда тиббий жиҳозлар келтирилди. Хусусан, замонавий ультратовуш ускуналари, “Дигитайзер” диагностик қурилмаси, автоклав, музлаткичлар, вакцина сақловчи мосламалар иш сифати ва самарадорлигининг ортиши, беморларга тўла-тўкис, аниқ ташхис қўйиш имкониятини яратди. Эндиликда бу ерда лаборатория таҳлиллари бугунги кун талаблари асосида олиб борилмоқда.
Бирлашманинг диагностика маркази мутахассиси Рустамжон Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, сўнгги русумдаги тиббий ускунаси ёрдамида қон томирлари тизимини аниқ кўриш, бир-биридан осонгина фарқлаш мумкин. Айни пайтда бир кунда 60-70 нафар бемор текширувдан ўтказиляпти. Бемор организмидаги ўзгаришларни қиёсий таҳлил этиш имкониятининг мавжудлиги, энг муҳими, нурланиш жиҳатидан хавфсизлиги боис ҳомиладор аёлларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказиш учун қулайдир.
– Илгари рентген ускунаси ёрдамида касаллиги аниқланадиган беморларни вилоят марказидаги шифохоналарга жўнатардик, – дейди бош ҳамшира Назирахон Тешабоева. – Тиббий текширув натижаси чиққандан сўнггина ташхис қўйиб, тегишли хулосага келар эди. “Саломатлик” лойиҳалари амалиётга жорий қилингач, барча турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар бир жойда жам бўлди. Эндиликда ҳар қандай хасталикка чалинган беморни шу ернинг ўзида кўрикдан ўтказиб, даволаш имкониятига эгамиз. Муҳими, у сарсон бўлмайди, вақтдан ютқазмайди. Янги ускуналарнинг яна бир афзаллиги, текширув натижаси тезкор аниқланади.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида гап кетганда, наинки, марказий шифохоналар, ҳатто қишлоқ врачлик пунктларининг ҳам замонавий жиҳозлар билан таъминланганлигини таъкидлаш зарур. Хусусан, “Саломатлик-2” лойиҳасига кўра, вилоятдаги барча ҚВПлар энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Бунинг учун қарийб 4 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. ҚВПлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан бирга, ходимларнинг малакасини ошириш, врачларни умумий амалиёт шифокорлигига қайта тайёрлаш орқали кадрлар салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратилди. Ушбу муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг билим даражасини мунтазам ошириб бориш мақсадида вилоятда умумий амалиёт шифокорларини қайта тайёрловчи иккита ўқув маркази, барча тиббиёт бирлашмалари қошида ўқув хоналари зарурий ўқув жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Лойиҳа доирасида ўнлаб ўқув семинарлари ташкил этилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг ҚВПларга қатнов даражаси ўсгани кузатилмоқда.
Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмалари рақамли рентген, УТТ, фиброгастроскоп, ЭКГ ускуналари билан жиҳозланди. Бундан ташқари, офтальмологлар рефрактометр ва гастроэтерологларнинг гастрофиброскоплар билан таъминланганлиги юқори самарадорликка эришишда муҳим омил бўлмоқда.
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда олинадиган замонавий жиҳозлар саккизта тумандаги давлат инвестиция дастурига киритилган қурилиш-реконструкция ишлари бажариладиган биноларга ўрнатилади. Бунинг натижасида улардан янада самарали фойдаланиш имконияти юзага келади. Бу эса бевосита аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Нажмиддин ИКРОМОВ,
Андижон вилояти