Кичкинтойлар либоси: унда шарқона жило ва миллийлик акс этиши лозим

Болажонлар кийимидаги суратларга ҳеч эътибор берганмисиз? Компьютер ўйинлари қаҳрамонлари, гўзал “барби хонимчалар”, “ўргимчак одам” расмлари… Афсуски, бу каби тасвирлар боғча ёшидаги болалар тарбиясига акс таъсир этиб, улар ҳаётига ёт ғояларнинг кириб келишига туртки бўлмоқда.

Аслида боғча ёшидаги болажонлар либосларида миллий қаҳрамонларимиз, буюк бобокалонларимиз расмлари, меҳнатсеварлик ва ватанпарварликни тарғиб этувчи тасвирларни қизиқарли образлар орқали ифода этиш лозим. Бу эса уларнинг маънавий дунёсига ижобий таъсир қилади.

Психологларнинг таъкидлашича, бу ёшдаги болаларда кўпгина ижобий хислатлар кўтаринки кайфият орқали шаклланар экан. Демак, яратилаётган болалар кийимларидаги тасвир уларда ижобий феъл-атворни шакллантириш ва кичкинтойларнинг кийиниш дидини ўстиришда муҳим роль ўйнайди, боланинг тафаккурини ривожлантиради. Шундай экан, дизайнерлар бу каби либосларни яратишда айнан ана шу жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратиши лозим.

Жумладан, бундай кийимларда миллий ўйинлардан бирининг тасвири акс этса, бу орқали болажонлар қалбида халқ ўйинларига бўлган қизиқиш ортади. Шу боис, ўзим яратаётган кийимларда миллий ўйинлар, шунингдек, қизиқарли топишмоқ ва шеърий парчаларнинг суратларини акс эттиришга ҳаракат қиламан.

Шунингдек, болажонлар кийимида “Ўйинчоғим-овунчоғим” ўйинининг тасвири акс этса, уларнинг тасаввур дунёси, идроки ўсади. Турли хилдаги шакллар ясаш орқали боланинг фантазияси ривожланади. “Заҳарли тутун” номли тасвир эса болажонларни табиат муҳофазасига, атрофимиздаги оламни асраб-авайлашга ўргатади.

Агар яратаётган либосларимизда миллийлигимизга хос бўлган тасвирларни қўллай олсак, ўйлайманки, фарзандларимиз кичиклигиданоқ, бой тарихий меросимизни англаган ҳолда улғаядилар.

 

Зебо НАЗАРОВА

Яна ўқинг:  Мактабгача таълим тубдан такомиллашади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: