Соғлиқни сақлаш вазирлиги: КОРОНАВИРУСГА ЧАЛИНГАН ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАРГА ҚАНДАЙ ШАРОИТЛАР ЯРАТИЛГАН?
Мамлакатимизда коронавирусга чалинган беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳомиладорларга ўз вақтида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликларга эга 16 та туғруқ комплекслари фаолияти йўлга қўйилган. Бугун ушбу масканларда ҳомиладор аёлларнинг ўзига ва ҳомиласига зарар етказмаган ҳолда халқаро стандартлар асосида даво чоралари қўлланилмоқда. Жумладан, пойтахтимиздаги 3-туғруқ мажмуаси ҳам айнан коронавирусга гумон қилинган ва ушбу касалликка чалинган ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатиб келяпти.
Шифохонага жойлашган ҳомиладор аёллар умумий ҳолатидан келиб чиқиб, ўртача 7-8 кун, ёндош касалликлари бор ёки вируснинг оғир турини юқтирган ҳомиладорлар эса 10-12 кундан 15 кунгача даволанмоқда.
– Ҳомиладорликнинг бир ва учинчи ойлигида коронавирус оғир ўтади. Айниқса, ёндош касалликлар – юрак-қон томир, нафас аъзолари касалликлари, қандли диабет, артериал гипертония, камқонлик ташхиси бўлган аёллар бошқаларга қараганда касалликни қийин ўтказади, – дейди 3-туғруқ мажмуаси бош шифокори Комилжон Жумаев. – Ушбу хасталиклар билан бир қаторда ҳомиладорлик даврида иммунитет тушади. Организмнинг касалликни енгиши қийин кечиши мумкин. Хавфли ўсмаларнинг мавжудлиги ҳам турли асоратларга олиб келиши эҳтимоли бор. Қолаверса, аёлнинг аввалги ҳомиладорликда кузатилган преэклампция, артериал босимнинг ошиши, қон кетиши, қон ивишининг бузилиши, муддатдан олдинги туғруқлар, турли жарроҳлик амалиётлари ҳам хавф омиллари ҳисобланади.
Умуман олганда, мажмуамизга ётқизилган ҳар бир бемор алоҳида назорат остига олинган. 142 нафар малакали ва фидойи тиббиёт ходимларидан иборат жамоамиз ҳар куни ҳомиладор аёллар билан суҳбат ўтказмоқда.
Коронавирусга қарши курашда кайфиятнинг аълолиги муҳим ўрин тутади. Шу сабаб ҳар бир беморнинг, аввало, ширин сўзимиз, эътиборимиз ва кўрсатаётган малакали тиббий хизматимиз билан шифо топишига ҳаракат қилмоқдамиз.
Айтиш лозимки, ушбу шифохонада эпидемиологик вазият қатъий тартиб асосида назоратга олинган. Туғруқ жараёнлари халқаро тавсиялар асосида қатъий санитария талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилмоқда.
Туғилган чақалоқлар 12-24 соат давомида коронавирус инфекциясига текширилмоқда. Амалий қўлланмага мувофиқ иш олиб бораётган шифокорлар она ва болани туну кун назорат қилиб бормоқда. Гўдак ва она ўртасида мулоқот йўлга қўйилган. Болага коронавирус юқтирмасдан кўкрак сути билан озиқлантириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади.
– Гўдак учун она сутидан аъло неъмат бўлмаса керак. Онада юқори иситма ёки вирусли инфекциянинг бошқа аломатлари бўлса, шифокор кўкрак сути билан ўтадиган ва болага зарарли таъсир қиладиган дори воситаларини буюрган бўлса, кўкрак билан боқиш даволаш вақтида тўхтатилади. Лекин имкон қадар болани она сути билан озиқланиш имкониятидан бебаҳра қилмаслик зарур. Негаки, чақалоқда иммунитет шаклланиши она сути билан биргаликда кечади, – дейди Комил Жумаев.
Ҳомиладорлик даврида ўтказилиши муҳим бўлган тиббий кўриклар бор. Жумладан, ҳомиладор аёллар «COVID-19»ни юқтирган ёки юқтирмаган бўлишидан қатъий назар аниқ белгиланган муддатларда текширувдан ўтишлари шарт. Ўз вақтида таҳлилларни топшириш, УТТ текширувидан ўтиш, шифокорлар билан маслаҳатлашиш лозим. Акушерлик скрининг текшируви – акушерлик ва неонатал асоратларни камайтириш кафолатидир.
– Ҳид ва таъм билмаслик аломатлари билан шифохонага жойлашдим, – дейди бемор Раъно Қодирова. – Таҳлил натижалари менда коронавирус борлигини кўрсатди. Шифокорлар бор бўлишсин, аъло даражада ёрдам беришди. Бир ҳафта олдин ўғилли бўлдик. Оиламиз бағрига қайтишга тайёрмиз. Яратилган шароитлардан барчамиз миннатдормиз. Барча ҳомиладор аёллар тиббий хизматдан бепул фойдаланишмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими