Ақлий ва жисмоний ривожланиш

бу учун энг мақбул таомнома қандай бўлади?

Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчисидир. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. ушбу мақолада мактаб ўқувчилари, улар қандай таомланиши ҳақида фикр юритамиз. Ахир, таълим олиш жараёнида ҳам ақлий, ҳам жисмоний меҳнат талаб этилади. Демак, ўқувчи таомномаси ҳам шунга мувофиқ ташкил этилиши лозим.

«Иштаҳаси йўқ, ошқозонидан хавотирдаман!»


Меъда-ичак касалликларининг юзага келиш хавфи боланинг 6-7 ёшида бир мунча юқори саналади. Одатий кун тартибининг ўзгариши, ақлий меҳнат юкламасининг ортиши, ўз вақтида ва тўғри овқатланмаслик – ошқозон фаолияти бузилишини келтириб чиқаради. Ҳар бир мактаб ўқувчисининг соғлигига ­эътибор қаратиш лозим. Боланинг умумий аҳволи қандай: тирноқлари синувчан кўринишда эмасми, терисида рангпарлик аломатлари сезилмаяптими? Эҳтимол тишларида кариес бошлангандир?. Ташқи белгилар – бола қандай таомланишидан дарак беради! «Ҳеч иштаҳаси йўқ», дея шикоят қилувчи оналардан «Фарзандингиз дудланган, маринадланган, аччиқ, шўр, консерва маҳсулотлари ҳамда ярим тайёр егуликларни тез-тез истеъмол қиладими?» дея сўраш лозим. Таъм билиш рецепторларини «шошириб» қўювчи ушбу рўйхат болада иштаҳасизликни пайдо қилувчи асосий омилдир. Маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддалар ва кўп фоизли углевод вақтинча тўқлик ҳиссини юзага келтиради, аммо организм ўзига керакли озуқани олмайди. Углеводли таом ва егуликларни мунтазам истеъмол қилиш эса семиришга мойилликни юзага келтиради.

Нонушта, тушлик, кечки овқат


Ҳаётининг дастлабки уч йилида бола ўзининг кундалик овқатини кун давомида тенг миқдорда истеъмол қилиб боради. Сўнг аста-секинлик билан 6-7 марта овқатланишдан 5 мартага, ке­йин эса 4 марталик тартибга ўтилади.
Мактаб ёшида кундалик таомланиш шундай тақсимланадики, бунда тушлик ҳажми жиҳатдан кўпроқ ва қувват қиймати юқорироқ бўлади. Аммо мазкур тартибга ўтиш секин-аста бажарилгани маъқул. Акс ҳолда, бола ошқозонига оғирлик тушиши мумкин.
Нонушта: бола организми учун керак бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 25 фоизини ташкил этади. Нонушта сабзавотли салатлар ва иссиқ овқатдан иборат бўлмоғи лозим. Бунда – бўтқа, картошка ва сабзавотли аралашмалар, қайнатилган тухум, творог, сут, сутли қаҳва, сутли какао бўлиши мумкин.
Тушлик: ривожланаётган бола организми учун керакли бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 30-35 фоизини ташкил этади. Тушликда шўрва, гўштли ёки балиқли овқат (гарнири билан) ва бирор хил ширинлик (кремли бўлмаслиги керак) истеъмол қилган маъқул.
Толмачой: бу маҳал боланинг суюқликка бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши лозим. Негаки тушликдан сўнг бола кўпроқ чанқайди. Иккинчи тушликка бир кунлик энергетик қийматнинг 15–20 фоизи тўғри келади. У суюқликлар, мева, ширинлик ёки пишириқлар, кулча каби егуликлардан иборат бўлмоғи керак.
Кечки таомланиш: тўғри тузилган таом­нома асосини ташкил этувчи қисм ҳам айнан шу. Кечки овқатланиш бир кунлик энергетик қийматнинг 20 фоизини ташкил қилади. Бунда таомнинг енгил ҳазм бўлишига эътибор қаратиш лозим. Кечки таом учун творогли, саб­завотли, ёрмали, буғда ёки қайнатиб пиширилган иссиқ овқат, сут, кисель, қатиқ тавсия этилади.
Истеъмол маҳсулотлари боланинг ёшидан келиб чиқиб тақсимланса, организм керакли озуқа манбаига эга бўлади.

Яна ўқинг:  Наҳорда ичилган сувнинг хосияти

«Қанча кўп еса, шунча яхшими?»


Йўқ! Ошқозонни қийнаб қўймаслик учун таом ва егуликлар миқдори, албатта, меъёрда бўлиши шарт. Қолаверса, ҳар бир таомнинг истеъмол қилиниш қоидаси бор. Мисол учун, хамирли таомларни нон билан бирга тановул қилиш тавсия этилмайди. Енгил ҳазм бўлиши учун қатиқ ёки ёғсиз сметанадан фойдаланилгани маъқул. Қуюқ таомлар сабзавотли ва қатиқли салат, кўкатлар билан биргаликда ейилади. Суюқ овқатга қўшимча равишда гўштли пирог ёки шу каби уйда тайёрланган пишириқни киритиш мумкин.

Бола таомланишдан бош тортаяпти? Диққат қилинг:
– таом тортиладиган идишлар ёрқин рангда ва қизиқарли безаклардан иборат бўлса, болада кўз орқали ахборотни қабул қилиш сезгиси фаоллашади;
– овқат устини боланинг ёшига мослаб безатишга одатланинг, ҳатто оддийгина кўкатлардан фойдалансангиз ҳам ҳар кунлик кўринишидан ажралиб турсин;
– овқатланиш орасидаги кичик тановулларни камайтиринг. Бола оч қолса, мева ёки шакарсиз печенье ейиши мумкин;
– таомланиш истаги йўқми, мажбурламанг.

Гигиена ҳам муҳим!


Мактаб ёшидаги бола жисмонан чиниққан бўлиши учун тўғри тузилган таомнома нақадар муҳим эканлигини билдингиз. Хўш, гигиена қоидалари-чи, нималарни билиш лозим?
– бола овқатланишга ўтиришдан олдин, албатта, қўлларини совунлаб ювиши керак;
– мактабда юрганида эса антисептик гель билан қўлларга ишлов бериш ёхуд нам салфетка билан артиш лозим;
– бола учун ажратилган термос идишчаси бўлиши керак. Кун давомида суюқлик қабул қилиш организмни сувсизланишдан асрайди.

Мия фаолиятини яхшилайдиган маҳсулотлар


Кўкпиёз – асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, ақлий фаолиятдан кейинги зўриқишни енгиллаштиради. Қонни суюлтириш хусусияти эса бош мияни кислород билан озиқлантириш имконини беради. Тушлик ёки кечки овқатда бир-икки банд кўкпиёз истеъмол қилиш кифоя;
Сабзи – бош мия озиқланиши учун муҳим бўлган сабзавотлардан бири. Хом сабзини хоҳланг бутунлигича ёки қирғичдан чиқариб болалар таомномасига киритиш мумкин. Агар қирғичдан чиқарилган сабзи олма билан аралаштирилса, фойдаси икки баробар ортади. Мунтазам сабзи истеъмол қилиш хотирани яхшилайди.
Анжир – санъат турларига доир тўгаракларга аъзо бўлган болалар анжир мевасини тез-тез тановул қилишлари керак. Негаки ушбу мева қонни суюлтириб, миянинг кислород билан озиқланишини яхшилайди.
Лимон – С витаминига бой бўлган цитрус мева мавсум алмашинуви жараёнида айни муддаодир. Қолаверса, имтиҳон олди кунлари болаларни лимон чой билан сийлаш хотира имкониятларини янада оширади.
Карам, қизил лавлаги, исмалоқ – асабий, инжиқ ва тажанг болалар таом­номасида бўлиши шарт! В витаминига бойлиги сабаб карам ва лавлагили салат асаб тизимини тинчлантиради.
Дўлана – кўриш қобилиятини яхшилайди, юрак мушакларини мустаҳкамлайди. Мавсумида ундан кўп ва хўп истеъмол қилиш лозим.
Петрушка – моддалар алмашинувини яхшилайди, иммунитетни мус­таҳкамлаб, кўзни ўткир қилади. Тўғралган петрушкани салатга аралаштириб, тузсиз истеъмол қилган маъқул.

Яна ўқинг:  Терак гули аллергияга сабаб бўлиши мумкин(ми?)

Гули ШАЙХОВА,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: