БОЛАЛАРНИНГ НАФАС ОЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Бу жараён катталарникидан қандай фарқ қилади?

Нафас олиш ҳаётнинг асосий белгиларидан бири. У организмда газ алмашиниши, ҳаводан кислородни ютиш ва уни босқичма-босқич жараёнга киритилишини таъминлайди.

Гўдак катталарга қараганда уч марта кўп нафас олади. Йиллар ўтган сари уларнинг кўкрак қафасининг шакли ўзгаради. Нафас олиш йўллари ва ўпканинг сирти кенгаяди. Натижада гўдакнинг нафас олиши катталарники сингари камаяди, лекин чуқурлашади.

Унинг юқори нафас йўлларининг ҳаводан кислородни тортиб олиш ҳусусияти ошади. Вақт ўтган сари бола улғаяди. Чақалоқлик даврида бола ҳавонинг ҳар бир литридан 26 мл. 7 ёшда эса 133 мл. ҳажмида ҳаво сўради. Болаларда катталарга қараганда меъёрда нафас олишга кўрсатиладиган тўсиқлар кўпроқдир. Моддалар алмашинувининг юқорилиги уларни ҳамма ички заҳиралардан фойдаланишга мажбур қилади. Гўдакларнинг нафас олиш тизими фаолиятининг тез-тез бузилишига шу сабаб бўлади. Уларда юқори нафас олиш йўллари бронхлар ва ўпканинг яллиғланиши тез ривожланади. Шунинг учун гўдак ётадиган хонани мунтазам шамоллатиш муҳимдир. Болаларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш уларни турли хасталиклардан асрайди. Бунинг учун уларни чиниқтириш зарур. Гўдакни чиниқтиришнинг усулларидан бири чақалоқлик давридан уларни сайр қилдириш ва сувда суздиришдир. Болани сайр қилдириш ва иссиқ вақтларда очиқ ҳавода ухлатиш жуда муҳимдир. Очиқ ҳаводаги уйқу энг фойдали ҳисобланади. Чақалоқ қанчалик ёш бўлса шунча кўп тоза ҳавода бўлиши керак. Айниқса, кун иссиқ вақтларида бола 5-6 соат очиқ ҳавода бўлиши зарур. Бундан ташқари эмизикли болаларни сузишга ўргатиш она қорнидаги қоғоноқ сувида (амниотик суюқлик ичида) ривожланишга мосланган туғма қобилиятига асосланган ҳолатда ўргатилади. Болаларни барвақт сузишга ўргатиш уларни тезда жисмоний ва руҳий ривожланишига ҳамда ҳаётининг биринчи ойида гўдакликка хос бўлган эгилувчан мушаклар таранглигини пасайтиришга, кичкинтойни ҳаракат кўникмаларини тезроқ шаклланишини таъминлайди. Бола сузганда сувнинг ёқимли уқаловчи таъсирини сезади. Шунга мувофиқ қон айланиши яхшиланади. Унинг асаб тизими мустаҳкамланади. Сузишга ўргатишнинг энг яхши даври бола туғилгандан сўнгги 3-4 ҳафтадир. Бола соғлом бўлсагина уни сузишга ўргатиш мумкин. Ота-она гўдагига сузишни ўргатишдан аввал болани сувда ушлаб туриш, суздириш техникасини яхши билиши шарт. Шундан сўнггина кичкинтой билан машғулот ўтиши мумкин. Ҳозирги вақтда 1 ойлик чақалоқлар учун ҳам махсус сузиш мосламалари мавжуд бўлиб, бемалол ундан фойдаланиш мумкин. Бола сувда ўзини эркин тутиши учун она ва бола уйда ваннага бирга тушишлари ҳам мумкин. Ҳар сафар сузиш машғулотидан олдин ваннахона шамоллатилади. Ванна иссиқ сув, кир совун ёки махсус тозалаш воситаси билан яхшилаб ишқалаб ювилади. Гўдак чўмиладиган сув илиқ ва мусаффо бўлиши керак. Ота-она сузиш машғулотларини ҳар куни бир вақтда овқатланишдан бир соат олдин ёки ундан шунча вақт ўтгандан сўнг ўтказиши даркор. Машғулотлар болага қувонч ва роҳат бағишлаши лозим. Бу вақтда гўдак билан сўзлашиш, унинг ҳаракатларини бошқара бориш лозим. Биринчи сузиш машғулоти 7-10 дақиқа давом этади. Кейинги машғулотларга 10-15 лаҳзадан қўшиб борилади. Сувнинг ҳарорати биринчи машғулотда 37даража бўлиб, у секин-аста 0, 5 даражадан пасайтириб борилади. Дастлаб машғулотларни қуйидаги тартибда ўтказиш мумкин. Биринчи бешта сузиш машғулоти 7-10 дақиқа, сув ҳарорати 37 ˚С даража, кейинги сафар эса 36, 7-36, 5˚С даража ва сузиш вақти узайтирилиб 30 дақиқагача етказилади. Сув ҳарорати ҳам шунга яраша камайтирилиб, 34-35˚С даражагача етказилади. Гўдак совуқ қотиб кетмаслиги, чарчаб қолмаслиги учун унинг умумий аҳволи ва кайфияти катталар томонидан синчиклаб кузатиб борилади. Агар гўдакда чарчаш ва совуқ қотишнинг биринчи аломатлари сустлик, терининг ўзгариши, лабларнинг кўкариши кузатилса сузиш машғулотини зудлик билан тўхтатиш лозим.

Яна ўқинг:  Калий ва кальций: ҳаёт учун муҳим унсур

Феруза НАЗАРОВА,

тиббиёт фанлари номзоди, врач – неонатолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: