Олий таълимда халқаро ҳамкорлик

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ёшларни илм-маърифатли, юксак маданиятли қилиб тарбиялашга қаратилган давлат сиёсати педагоглар ва талабаларга янада катта масъулиятни юкламоқда. Шунингдек, янги ўқув йилини юқори савияда бошлаш, дарслар ва машғулотларни ўтишда сифат ва мазмунга эътибор қаратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Жумладан, янги ўқув йили муносабати билан пойтахтимиздаги Юнус Ражабий номли Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ҳам янги билимлар фасли бошланган ҳолда талаба ёшлар катта мақсадлар сари қадам қўйдилар.

 

3 сентябрь куни институт биносида бир қатор муҳим маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, Жанубий Кореянинг Чеорвон тумани таълим тизими ўртасида меморандум имзоланди.

 

Тадбирда хорижлик профессор-ўқитувчилар ва ўқувчи-талабалар, Олий таълим фан ва инновациялар, маданият вазирликлари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Давлат филармонияси, Республика бахшичилик санъати ва мақом марказлари, композиторлар уюшмаси, маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий тадқиқот институти, санъаткорлар, ОАВ ходимлари, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Янги ўқув йилининг расмий очилиш маросимида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, Чеорвон тумани ҳокими Леэ Ҳюжонг янги ўқув йилининг бошланиши, институт фаолиятига 5 йил тўлганлиги билан барчани қизғин табриклади. Шундан сўнг институт ректори Элдор Шерманов қисқа давр ичида институтда эришилган ютуқлар, янги академик йилдаги режалар ва келгуси  вазифалар, таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, кутубхона, ахборот-ресурс марказлари ва бошқа янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Олийгоҳнинг 5 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган концерт дастурида Жанубий кореялик ўқувчилардан иборат хор жамоасининг чиқишлари, шунингдек, таниқли санъаткорларимиз Муножот Йўлчиева, Илёс Арабов ва бошқалар ижросида миллий мумтоз қўшиқлар янгради.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданий-тарбиявий муассасалари ўртасида маданий ҳамкорлик, қўшма лойиҳалар, талаба ва мутахассислар алмашинуви бўйича меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум маданият ва таълим соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинуви, мусиқа санъати, миллий-маданий мерос ва санъат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, йил давомида маданият, таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик, талаба-ўқитувчи алмашинуви, миллий мусиқа санъати тадқиқоти каби алмашинув дастурларини ҳамда кўргазма ва концерт дастурларини ташкил этиш масалаларини ўз ичига олган.

Марям АҲМЕДОВА,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: