Фарзандимизни сколиоздан асраймиз десак…
Афсуски, кўпгина ота-оналар ўз фарзандининг қилаётган ҳаракатларига бефарқ бўлишади. Ёш болаларнинг ҳар бир ҳаракати унинг келгуси ҳаётдаги саломатлигига катта таъсир кўрсатади. Шу ўринда «Боланинг қилаётган ҳаракатига сколиознинг, яъни умуртқа поғонаси қийшайишининг нима даҳли бор?», деган савол туғилиши табиий ҳол.
Касалликнинг олдини олиш уни даволашдан кўра анча осон. Шундай дардлар борки, уларни эрта аниқламаслик даволашда анча қийинчиликларни туғдиради. Шулардан бири болалардаги таянч-ҳаракат аппаратлари касалликлари, яъни умуртқа поғонасининг қийшайиши (сколиоз)дир.
Сколиозни келтириб чиқарувчи омиллар:
– бошланғич синфга бораётган болангизга елканинг бир томонига осиладиган сумка олиб берасиз. Унинг суяклари ҳали тўлиқ қотмаган. Ҳар доим бир томонга сумкани осиб юриш натижасида тана суякларининг шу томонга қийшайиши кузатилади;
– фарзандингиз уйда дарс тайёрлаётган вақтида стулга тўғри ўтирмаслиги ва шу стол-стуллар унинг ёшига тўғри келмаслиги ҳам касаллик юзага чиқишида етакчи омиллардан бири ҳисобланади;
– бола эркин юрганда эгилиб ёки бошини эгиб юриши мумкин, бу ҳам сколиозга сабаб бўлади;
– бола рахит касаллигига чалинган бўлса, суякларда кальций етишмаслиги оқибатида умуртқа поғонасининг қийшайиши кузатилади;
– болаларни оғир юк кўтаришга мажбур қилиш туфайли умуртқа поғонаси қийшайиши мумкин;
– ёш болаларни атрофига ёстиқ қўйиб, ўтиришга мажбур қилиш оқибатида ҳали бунга тайёр бўлмаган нозик умуртқа поғонасида эгилиш ҳолати пайдо бўлади;
– овқатланиш рационида таркибида кальций сақловчи озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги натижасида суякларнинг мустаҳкамлиги бузилади. Бу ҳам сколиоз касаллиги юзага келишига сабабчи бўлади.
Агарда қиз болада сколиоз пайдо бўлса, вояга етиб турмуш қургандан сўнг унда туғуруқ жараёни қийин кечади. Бўйин ёки бел умуртқаларининг қийшайиши оқибатида уларда букрилик ҳолати вужудга келиши ёки умуртқа поғонасининг орасига туз ва суюқликлар йиғилиши мумкин. Бундай ҳолатлар содир бўлмаслиги учун, албатта, фарзандларингизнинг саломатлиги ҳақида қайғуришингиз лозим.
Ота-оналар болаларини бу хасталикка чалинтирмасликка ҳаракат қилишлари керак. Агар болада рахит бўлса, уни ўз вақтида даволатинг, бола ҳали ўтира олмаса, уни ўтиришга мажбур қилманг! Мактабда ўқийдиган фарзандларингизни стол-стулда тўғри ўтиришга ўргатинг! Болангиз икки елкага баравар осиладиган сумкадан фойдаланишини таъминланг!
Болаларнинг овқатланиш рационидан қатиқ, сут, творог, балиқ ўрин олиши керак. Уларни спорт тўгаракларига қатнашишга унданг! Чунки, спорт – саломатлик гаровидир.
Болаларни текис, ёғоч каравотларда кўпроқ ётқизинг. У бола умуртқасининг тўғри ўсишига ёрдам беради. Пружинали кроватлардан фойдаланманг! У умуртқа поғонаси қийшайишига мойиллик яратади.
Жисмоний чиниқиш омилларидан оқилона фойдаланиш болаларда учрайдиган ҳар хил касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олишда катта ёрдам беради, фарзандларингиз соғлом, бақувват бўлиб ўсади ҳамда руҳияти кўтаринки бўлади.
Марям ҚОДИРОВА тайёрлади