КЎКЛАМ ОФТОБИ ТАФТИДА

Қуёшнинг ультрабинафша нурлари ва оқилона овқатланиш – депрессиянинг давоси

Баҳорда организмга қуёш нурларининг ижобий таъсир этиши ва оқилона овқатланиш депрессиянинг (руҳий тушкунлик) олдини олишда катта аҳамиятга эга. Кўкламда кунлар узайиб, қуёш янада чарақлаб ўз нурларини кўз-кўз қилади. Бундай пайтда ҳар биримизнинг кайфиятимиз аъло бўлиши керак. Аммо “Илик узилди” – авитаминоз (организмда витаминлар етишмовчилиги) сабабли баъзан баҳорда мушаклар таранглиги сусайиб, кишида беҳоллик, тушкунлик (депрессия), лоқайдлик кузатилади. Ушбу ҳолатларни енгишда сизга кўкламойнинг турфа неъматлари – жағ-жағ, исмалоқ, ялпиз, момақаймоқ (қоқигул), беда, отқулоқ, ҳилол, матор, кўк пиёз, шовулга ўхшаш турли шифобахш кўкатлардан кўк сомса, манти, чучвара, хоним, бичак, шовул каби шўрва, редиска ва кўкатлардан қатиқли таом тайёрлаб истеъмол қилиш, ҳалим ва сумалакдан тўйиб ейишни тавсия этамиз. Чунки, бу маҳсулотлар ва таомлар таркибида вужудимиз учун зарур турли витаминлар, минерал моддалар мавжуд.

Бундан ташқари баҳордаги депрессияга биоритмларнинг кескин ўзгариши ҳам сабаб бўлади. Яъни, қуёш чиқиши ва унинг ботишига қараб ички биологик соатимиз ҳам мослашиши керак. Тахминан тонг отишига бир соат қолганда организмда жиддий биокимёвий ва гармонал жараёнлар кеча бошлайди. Жигар қонга глюкоза ажратади. Бу эса организмнинг илк тонгдаёқ энергия (қувват) билан таъминланишига замин яратади ва шунингдек, кўпгина гармонлар ажралиб чиқишига ҳам туртки бўлади.

Айрим гармонлар қон босимини кўтаради. Бу эса ўз навбатида юракни тез ишлашга мажбур этади. Натижада тонгга яқин инфарк хуружи ва инсультлар кўп кузатилади. Саҳарда барвақт уйғониш бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олади. Чунки, глюкоза ва гармонлар организм томонидан яхши ўзлаштирилади. Яъни, қанд моддаси ёғга айланмасдан мушакларга сўрилади. Уйқуда эса бунинг акси кузатилади. Бундан ташқари қуёш чиқаётган пайтда қизғиш-сариқ ранглар спектри кўпроқ бўлади. Ушбу нурлар инсон организмига ижобий таъсир этади. Офтобнинг ҳаётбахш зарғалдоқ нурлари кўз тўр пардасини рағбатлантиради. Бу эса ўз навбатида “учинчи кўз” – эпифиз безига етиб боради. Эпифиз бези бош мия асосида жойлашган. Айнан шу эндокрин бези организмда гармонлар ишлаб, ажралиб чиқишини бошқаради. Моҳияти жиҳатидан бу аъзо асаб ва эндокрин тизими ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.

Яна ўқинг:  Гигиенага амал қилиш гижжалардан асрайди: “пакана” гижжа

Баҳорда, айниқса, қуёшнинг шифобахш нурлари оламни мунаввар этганда айрим одамлар уйқудан уйғонмаган бўладилар. Ишга отланганимизда эса бизни кундузги ёруғлик қуршаб олади. Бу нурларда тонгги ва қуёш ботишига яқин қолгандаги каби фойдали ультрабинафша нурлар бўлмайди. Унинг ўрнига салбий таъсир этувчи кўк-яшил спектрли нурлар учрайди. Улар кишида тушкун кайфиятга мойиллик уйғотади. Қишда эса кун ботгунча қуёшнинг сарғиш-қизғиш нурларидан баҳраманд бўлишга улгурамиз.

Шунингдек, булутли кунларда ҳам бўғиқ ҳаво кайфиятимизга салбий таъсир этиб, иш фаолиятимизни сусайтиради. Бундай пайтда қуёш чиқишидан олдинроқ уйғонсангиз бироз тоза ҳавода сайр этинг. Кўчага чиқишдан олдин сариқ рангли шишадан ясалган кўзойнак тақинг.

Нонуштага манний ёрмасидан тайёрланган бўтқадан воз кечинг. Унинг ўрнига сули, гречиха, “Геркулес”, тариқ, маккажўхори ва гуруч “Девзира”дан тайёрланган бўтқаларни истеъмол қилинг. Чунки, бу маҳсулотлар таркибидаги углеводлар организмга секин сўрилади ва қонда қанд миқдорини тез кўтармайди. Бу бўтқаларга олхўри, олма қоқиси ёки туршак резавор мевалар (малина, қизил ва қора қорағат (смородина)), маймунжон қоқилари солиб танавул қилсангиз тами янада мазалироқ бўлади.

Уйқудан тургач, махсус пластмассали уқаловчи гиламчалар устида оёқ яланг юриш, оёқ кийимига ҳам массаж қилувчи патаклар қўйиб кийиш, кишининг кун давомида тетик юришини таъминлайди. Чунки, оёқлар тагида худди қўл кафтлари ва қулоқлардаги каби биологик фаол нуқталар бор. Ушбу нуқталар таъсирланса, организмдаги барча аъзоларда ижобий қувват кўпаяди. Шунингдек, эрталабки бадантарбия машқлари ҳам самарали таъсир кўрсатади. Фитнес ва мушаклар кучини кўпайтирувчи махсус машқларни соат 16-19 оралиғида бажарган мақсадга мувофиқдир. Уйқудан тўрт соат олдин кечки овқат тановул қилинса организм зўриқмайди. Яна тунги уйқуга ётишдан олдин ёғсиз қатиқ ёки илиқ сутга бир чой қошиқ асал солиб ичган мақул. Айниқса, баҳор фаслида ивитилган туршак сувига арпабодиён ўсимлиги уруғини солиб ичиш, қатиққа редиска ва турли кўкатлар (кўк пиёз, кашнич, сельдерей, шивит) тўғраб тез-тез истеъмол қилиш фойдали. Қатиқ таркибидаги фойдали бактериялар ичаклар микрофлорасини яхшилайди ва витаминларнинг ичакларда тез сўрилишига ёрдам беради.

Ҳар гал овқатланиш пайти дастурхонда турли мева-сабзавотлар, резавор мевалар ва албатта кўкатлар бўлишига эътибор қаратинг. Айниқса, кўк пиёз жуда фойдали. Унинг таркибида организм учун фойдали турли дармондорилар (витаминлар), макро ва микроэлементлардан ташқари турли зарарли бактерия ва вирусларга қирон келтирувчи фитонцидлар мавжуд. Кўкламда тайёрланадиган турли салатларга лимон шарбати томизиш уларни янада хушхўр қилади. Шунингдек, анъанавий тарзда истеъмол қилинадиган писта ва зайтун ёғларидан ҳам фойдалироқ хантал ва зиғир мойларини баҳорда истеъмол қилган мақсадга мувофиқ. Чунки, бу ёғларнинг таркибида омега-3 ёғ кислоталари мавжуд. Шунингдек, денгиз балиқлари (айниқса, шимолий кенгликлардаги сув ҳавзаларидан тутилгани) таркибида ҳам юқорида тилга олинган ёғ кислоталари бор. Илмий-тадқиқотлар натижаларига кўра ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги ёғ кислоталари антидепрессив (тушкунликка қарши) хусусиятга эга экан.

Яна ўқинг:  Умуртқа поғонаси – тана асоси

Шунингдек, пишлоқ, ёғсиз парранда гўшти, тўқ яшил сабзавотлар, писта, ёнғоқ, ундирилган буғдой ва дуккакли маҳсулотларнинг ниш урган оқиш майсаси, авокадо меваси, табиий шоколад ҳам руҳий тушкунликнинг олдини олади.

Шакар, қовурилган овқатлар, озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқарилаётган катта калорияли ва озуқавий қўшимчалар солинган маҳсулотлар, сигарет ва спиртли ичимликлар, рафинадланган (тозаланган) маҳсулотлар депрессия чақирар экан.

Яна оламга офтоб чиққанда унинг тилларанг нурларидан тўйиб баҳраманд бўлинг ҳамда дунёга очиқ чеҳра ва хушкайфият билан боқинг.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: