Аёл қалби ихтироси

Дунёдаги ҳар бир халқнинг фақат ўзигагина хос бўлган урф-одатлари бор. Бир элатга хос бўлган анъана, бошқа бир халқнинг хулқ-атворига мос тушмагани каби ўша одатлар уларнинг тилларидаги мазмунда ҳам ўзгача маънода ифодасини топади. Хорижий тилдан ўз она тилига бир асарни таржима қилаётган таржимон учун ўзга миллат урф-одатларини тасвирлаб, уларга қўшимча изоҳ бериб, ўқувчига ҳақиқатни очиб беришига тўғри келади. Таржима санъати ана шунинг учун ҳам қизиқарли, шу билан бирга машаққатли ишдир.

Яхши таржимоннинг маҳорати боис ижодкор асарини юқори мартабага кўтариб юбориши, аксинча тажрибасиз мутаржимнинг йўл қўйган қўпол хатолари туфайли ажойиб асар ҳам ўз асли-тароватини йўқотиши мумкин.

Яқинда «Файласуфлар» нашриётида америкалик машҳур адиба Александра Риплейнинг «Скарлетт» романи чоп этилди. Ушбу асарни таржимон Роҳила Аҳтамова ўзбек тилига моҳирона таржима қилган, десак муболаға бўлмайди.

Маргарет Митчеллнинг «Шамолларда қолган ҳисларим» номли романи маш­ҳур асарга айлангани ҳамда энг харидоргир китоб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Кўпгина китобхонларга маълумки, ушбу асар фақатгина қиз ва йигитнинг дардномаси эмас, балки Америка тарихида туб бурилиш даври бўлган фуқаролар урушининг ёрқин йилномаси ҳамдир. Бир тараққиёт босқичидан ўтиб, равон йўлга тушиб олишга интилган мамлакат жанубликлар билан ҳаёт-мамот курашида майдонга чиқади, бу катта издиҳом жами фуқароларни ўз домига тортади. Орзулар, ҳиссиётлар, режаларни бу темир оқим ўз измига бўйсундириб олади. Ана шу воқеалар асарда асосий ўқ бўлиб ўтади, турмушнинг майда даҳмазалари шу элакда сараланиб, йириклашади. Катта ҳаёт воқеаси – уруш, икки ёш – Скарлетт О` Хара ва Ретт Баттлерларнинг нозик инсоний туйғуларига майдон бўлади. Ушбу воқеалар катта юксалиш сари юз бураётган аниқ бир мамлакатда рўй беради. Севги қиссаси мантиқий якунига етмагани боис, китобхонлар асарнинг давомини ёзишни таклиф этди. Бироқ, бу таклифни муаллиф рад этди.

Александра Риплейнинг «Скарлетт» романи ушбу асарнинг мантиқий давоми бўлиб, у тўрт қисмдан иборат. Саодатли кунлар умиди ва бу йўлдаги кураш асар қаҳрамонлари тақдирини нурлантириб туради.

Шубҳасиз, яратилаётган ҳар бир асардан «Скарлетт» сингари салмоқли ижтимоий юк, юксак бадиийлик, бетакрор ижро талаб қилиб бўлмас, аммо кўплаб кишилар онгига фаол таъсир қилувчи кучли восита сифатида уларда шу кунларнинг ҳароратли нафаси, замондошларимиз тафаккуридаги ўзгаришлар, буюк яратувчилик манзаралари акс этиши шарт. Ўйлаймизки, «Скарлетт» каби асарларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши, ўзбек китобхонларининг жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиш имконини беради.

Яна ўқинг:  Янги пластир қанд миқдорини назорат қилади

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: