Реклама

Мўъжиза неъмат

Она сути бола организми учун энг мақбул озуқа. У гўдак организмида енгил ҳазм бўлади. Айниқса, аёл янги бўшанган пайтида унинг кўкрагидан уч кун давомида оғиз сути келади. Тўйимли, сарғиш ва қуюқ бўлган ушбу сут бола вужудига эмлашдек таъсир қилади.

Кўкрат сутида боланинг ривожланиши учун зарур бўлган микро ва макро элементлар, витаминлардан ташқари унинг иммунитетини мустаҳкамловчи антитаначалар мавжуд. Шу сабабли ҳам кекса ва доно бувижоларимиз ёш оналарга гўдакни 2 ёшгача эмизишни тавсия этишган. Зеро, она сутини эмиб катта бўлган ўғил-қизлар сунъий болалар озуқаси билан боқилган тенгдошларига нисбатан анча дуркун, суяги бақувват бўлиб улғайишган.

Эмизикли оналар аввало, фаслга қараб кийинишлари ҳамда ушбу мавсумга мос овқатланишлари зарур. Аммо, улар гўдакнинг соғлигига салбий таъсир этувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан тийилишлари керак. Айниқса, дудланган, шўр егуликлар ҳамда турли кимёвий бўёқлар солинган газли ичимликлар, маргарин ва какаоли маҳсулотлар, дуккаклилар (мош, ловия, нўхат, ясмиқ, соя)ни истеъмол қилмаганлари маъқул. Зеро, бу маҳсулотлар ел ҳосил қилиб, гўдакнинг қоринини дам қилади. Унинг ичаклари санчиб оғрийди.

Шунингдек, боласини кўкрак сути билан озиқлантираётган оналар арпабодиён дамламасини ичиб юрсалар мақсадга мувофиқдир.

Арпабодиён нафақат ел ҳайдайди, балки у она сутини ҳам кўпайтиради. Ундан дамлама тайёрлаш учун 0.5 л. ҳажмдаги чойнакка 2-3 чой қошиқ ушбу ўсимлик уруғи солинади ва чой каби дамланади. Сўнгра ушбу дамламали чойнак ўраб қўйилади. Дамламани кечқурун тайёрлаб, эрталаб оч қоринга ичиш мумкин. Суюқ овқатлар (мастава, қайнатма шўрва, фрикаделькали, тефтелли шўрвалар) ҳамда сут маҳсулотларини истеъмол қилиш ва кўп суюқлик ичиш она сутини кўпайтиради.

Она иссиқ кунда очиқ ҳавода уй юмушлари билан банд бўлиб, танаси қизиб турган ҳолатда боласини эмизмаслиги керак. Акс ҳолда гўдакнинг меъда-ичак тизими фаолияти бузилади. Бундай ҳолатда она салқинроқ жойда дам олиб, муздек бўлмаган кўк чой ёки мева шарбатларини ичиши зарур. Кейин илиқ душ қабул қилиб, бироз кўкрак сутини соғиб (уни дарахт тагига тўкиш лозим) сўнг чақалоқни эмизиши мумкин. Иссиқ кунда офтоб тиғида юрган онанинг сути миттивойга салбий таъсир этади. Яна тиниқиб ухлаган она бола парваришида толиқиб қолмайди. Унинг сути ҳам етарли бўлади. Таомномада ёрма донли маҳсулотлар (сули, гречиха, тариқ, буғдой) ҳамда мева-сабзавотларнинг кўпроқ бўлиши эмизикли онани қабзиятдан асрайди. Бу эса жуда муҳим. Чунки ич қотиши, она сутининг сифатига таъсир этади.

Яна ўқинг:  Уруғчилик ҳақида 10 муҳим саволга 10 жавоб

 

Саҳифани Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: