Ана, “олабўжи” келяпти ёхуд болалар нега қўрқади?

Эрталаб ҳар галгидай барвақт ишга отландим. Эшик олдида керакли нарсаларимни бир қур кўздан кечираётсам, ўғлим Азизбек югуриб ёнимга келди-да, “Ойи, уйда кимдир бор” дея мени маҳкам қучоқлаб олди. Бу ҳолатдан ўзим ҳам ваҳимага тушган бўлсамда, ичимдаги қўрқувни енгишга ҳаракат қилдим. Кейин билсам кўчадаги кучли шамол сабаб болалар хонасининг эшик ва деразалари ғичирлаб, овоз чиқараётган экан.

Буни қарангки, қўрқув болалардагина эмас, балки катталарда ҳам тез-тез кузатиладиган ҳолат ҳисобланади. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлар ўзидаги қўрқувни енга олиши, ваҳимага тушмаслиги зарур. Акс ҳолда бу организмдаги ички, салбий ҳиссиётларнинг ортиб кетишига сабаб бўлади. Аслида киши ҳиссиётларини бошқара олса, ўзидаги ишонч ва дадиллик ортади.

 

Ёш болалар кўпинча уйда ёлғиз қолганида қўрқувни ҳис этади. Агар ота-оналар эътиборсизлик қилса, қаттиқ қўрқиш натижасида уларда жиддий касалликлар келиб чиқади, – дейди психолог Лола Инагамова. – Қўрқувлар кўпинча бола ўзини ёлғиз ҳис қилганда содир бўлади. Қолаверса, улар ота-оналарнинг “ана кучук келаяпти, ҳозир сени ейди ёки қоронғуда нимадир сени пойлаб турибди”, деган ёлғон қўрқитишларидан ҳам ваҳимага тушади.

 

Аслида фарзандларидаги қўрқувнинг сабаб ва оқибатларини ота-оналар ҳис этиши, таҳлил қилиши лозим. Масалан, бола ваҳимага тушганида “Қўрққанингда сен нимани ҳис қилдинг? Бу ҳолат қандай вужудга келди?, деб, ундан сўраш ва муаммонинг илдизини топиш керак бўлади. Бундан ташқари болалар уйда ёлғиз ўзи қолишдан қўрқса, ваҳимага сабаб бўлаётган нарсанинг кўринишини рангли бўёқ ва қаламлар ёрдамида тасвирлаш ва бу орқали улардаги қўрқувни олдини олиш керак. Қолаверса, лой ёки пластилиндан қўрқаётган нарсани ясаб, сўнг уларни ғижимлаб “Ана кўрдингми, сен қўрқаётган нарсани бутунлай йўқ қилиб ташладик” дея уларни ишонтириш керак бўлади. Бу усул муаммони ҳал этишда ижобий самара беради.

Бундан ташқари қўрқаётган нарсани қоғозда тасвирлаб, сўнг уни оловда ёқиб юбориш билан ҳам болани ваҳимадан халос этиш мумкин. Бу усул уларда ўзига бўлган ишонч ва ички хотиржамликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, ота-оналар фарзандини безовта қилаётган салбий омилларга эътиборли бўлишлари, беғубор болажонларни ёшлигидан соғлом ва жасур қилиб тарбиялашлари зарур.

Яна ўқинг:  Бешик соннинг туғма чиқиши касаллигини ривожлантирадими?

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: