Реклама

Туя сути – табиатнинг тансиқ неъмати

ёки унинг турли хасталикларда қўлланиши хусусида

Туя сути жуда мазали ва тўйимли сут маҳсулотидир. Бу сут Шарқ
мамлакатларида азалдан севиб истеъмол қилинади. Оппоқ, бир оз
ширинроқ таъмга эга бўлган туя сути жонзотнинг қандай озуқа билан озиқлангани ва ичган сувининг сифатига қараб унинг мазаси ўзгариб туриши мумкин. Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўрта Осиёда туя сути шифобахш хусусияти билан қадимдан машҳур. Араблар туя сутини ҳар куни истеъмол қилишади. Ундан қимиз, пишлоқ ҳатто музқаймоқ ва какао тайёрланади.

Табобат илми султони Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” номли илмий асарида туя сутининг шифобахшлиги ҳусусида ёзиб қолдирган.

Эрамиздан икки минг йил аввал Арабистонда туялар қўлга ўргатилиб, хонакилаштирилган. Шундан бери узоқ вақт сувсизликка чидамли, беминнат юк ташувчи, гўшти ва сути, жуни билан қадрланадиган икки ёки бир ўркачли туялар инсоннинг энг яқин ҳамроҳига айланди. Чўлу биёбонда савдогарлар карвонини беталофат қум бўронлари ва қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамасидан беписанд манзилга етказгани учун туяни одамзод “саҳро кемаси” ҳам деб атай бошлади. Саҳрода асосан туялар янтоқ билан озиқланишади. Бу чўл ўсимлиги ҳам шифобахш хусусиятга эга. Унинг таркибида жуда кўп миқдорда минерал ва биологик фаол моддалар мавжуд. Янтоқдан тайёрланган қайнатма микробларга қарши курашувчи антибактериал хусусиятга эга. Шу сабабли ҳам янтоқ билан озиқланган туя сутининг шифобахшлиги янада ортади. Чўл ва ярим чўл ҳудудларида туя ягона сут берувчи жонивор ҳисобланади.

Кўчманчи қозоқ чорвадорлари туя сутидан қимиз тайёрлашади. Бунинг учун улар теридан тайёрланган мешга озгина қатиққа ўхшаш ачитқи солишади. Сўнгра янги соғиб, докадан сузиб олинган туя сутини меш ичидаги ачитқига аралаштиришади. Бир кеча-кундуздан кейин мешни яхшилаб чайқатишади. Қарабсизки, от сутидан тайёрланган қимизга нисбатан 8 фоиз ёғлироқ, сал шўр таъмли, қуюқ ичимлик тайёр бўлади.

Швейцарияда туя сутидан тансиқ шоколад тайёрланади. Аммо бу шоколад шўр таъмли бўлади. Арабистонда ундан какао, Ҳиндистонда эса музқаймоқ тайёрлашади. Туя сути таркибида В1, В2витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальций моддалари мўл. Айниқса, С ва Д витаминлари туя сутида сигир сутига нисбатан уч баробар кўп. Сут шакари – казеин ва лактоза моддалари эса аксинча туя сутида кам миқдорда бўлади. Агар беморнинг иммунитети (организмнинг касалликларга қарши чидамлилиги) паст бўлса ҳар куни 0,5 литрдан янги соғилган туя сутини оч қоринга ичиб юрсин. Кейин 4 соат ўтгач овқатланса бир ой ёки 40 кун ўтгач ўзида ижобий ўзгаришларни ҳис этади. Туя сутини истеъмол қилган даврда бемор аччиқ, шўр, дудланган ва турли консерва муҳсулотлари, шунингдек, спиртли ичимликларни ичиш, сигарет чекишдан тийилиши керак. Чунки, парҳез тутиш туя сутининг шифобахш таъсирини оширади. Дастлаб бу сутни истеъмол қилганда беморнинг ичини суриши мумкин. Яна қусиш эҳтимоли ҳам бор. Бу ҳолатда ҳам бемор сут ичишни тўхтатмаслиги керак. Организм бу вақтда танадаги ортиқча хилт (шлак)лар, токсин (заҳар)лардан тозаланаётган бўлади. Шунда ҳам ич кетиши тўхтамаса туя сутидан тайёрланган қатиқ ичиши лозим.

Яна ўқинг:  ИСИРИҚНИНГ ҲАЛИ КЎП СИРИ

Диққат! Ҳар қандай сут маҳсулотларига аллергияси бор инсонларга туя сути тавсия этилмайди. Ўтмишда дезинфекция қилувчи дори воситалари кашф этилмаган даврда араблар яра-чақалар ёки жароҳатларни ёш туя пешоби билан ювишган. Ҳозир ҳам чўлу биёбонларда шу усул қўлланади. Яна улар аъзои-баданлари беҳол бўлганда ёҳуд ичакларида оғриқ ҳис этганларида туя пешоби ва сутини ичиб даволанганлар. Айни кунларда Арабистонда яшовчи бедуин қабиласи вакиллари ҳозирда ҳам тиш оғриғи, милклар яллиғланиши, оғиз бўшлиғи касалликларида оғизларини ёш туя пешоби билан чайишади. Шунингдек, улар сочнинг қуюқ ўсиши учун ва қазғоқнинг олдини олишда туя пешобини қўллашади. Битни йўқотишда ҳам бу усул самарали ҳисобланади. Яна тумов ва шамоллашда туя пешоби билан бурун чайилади. Кўз яллиғланишида туя пешоби билан ювилади. Чипқон ва маддали (таги қаттиқ йиринг бойлаган) яраларнинг етилишида туя пешобига эзилган алоэ барги аралаштириб малҳам тайёрланади. Бедиунлар шу малҳамни беморнинг шикастланган жойига боғлаб қўйишади. Яна тинимсиз иситмалаётган беморга ёш туянинг сути билан пешобини тенг миқдорда аралаштириб ичиришади. Аллергия хасталигига чалинган ва тумов бўлган беморларни цитрус ўсимликларини истеъмол қилган туя пешобини ҳидлатиш йўли билан даволашади. Бедиунлар ҳали кўпаймаган, ёш туя пешобини биринчи марта болалаган, янги туққан туя сути билан аралаштириб “аль-макъшура” номли шифобахш ичимлик тайёрлашади. Шуниси эътиборлики, ёш туя чўлу биёбондаги янтоқ ва шифобахш ўсимликлар билан озиқланган бўлиши зарур. Шундагина унинг пешоби шифобахш хусусиятга эга бўлар экан.

Қирол Абдулазиз университетидан доктор Ахлям аль – Авади туя пешобини бактерия ва замбуруғларга таъсирини ўрганди. Унинг илмий тадқиқотлари асосида “вазарин” номли препарат яратилди. Туя пешоби замбуруғ, бактерия ва ачитқиларга қарши курашда кенг таъсир этувчи антибиотиклардай самара берди. “Вазарин” дори воситаси тери касалликлари (темиратки, псориаз), аллергия, маддали яралар, куйишда, оёқ ва қўл тирноқларининг замбуруғли касалликларида қўлланилганда беморлар шифо топди. Бу препарат хавфсиз бўлиб, акс таъсири йўқ. Шунингдек, арзонлиги билан харидоргирдир. Яна бир араб тадқиқотчиси Муҳаммадани Аҳмад Абдулла истисқо (водянка) касаллигини даволашда 15 кун давомида 15 нафар бемор билан ҳамкорликда ишлади. Тадқиқот аввалида бу беморларнинг қорнида жигар хасталиги туфайли жуда кўп суюқлик йиғилиб қолган эди. Шифокор-олим ҳар куни беморларга маълум миқдорда туя пешобини унинг сути билан аралаштириб оч қоринга ичишни тавсия этди. Орадан 15 кун ўтгач натижа кўзга яққол ташланди. Чунки, хаста кишиларнинг қорнидаги шишлар йўқолиб, беморлар ўзларини яхши ҳис эта бошладилар. Яна Муҳаммадани 25 нафар жигар циррози хасталиги билан оғриган беморлар билан ҳам тадқиқот ўтказди. Уларнинг 15 нафарининг жигарини ёғ босган эди. Қолган беморларда жигар циррози пайдо бўлишига бошқа сабаблар бўлган. Доктор икки ой давомида уларни юқорида баён қилинган усул билан даволади. Беморлар ўзларини яхши ҳис эта бошлашди. Аммо тадқиқот даври тугаган бўлсада кўпгина беморлар яна икки ой давомида туя пешоби ва сутини аралаштириб ичиб юришди. Бу муддатдан сўнг улар тиббий кўрикдан ўтишгач, беморлар бутунлай жигар циррозидан тузалиб кетгани аниқланди.

Яна ўқинг:  Сил бедаво дард эмас

ЛЕЙКЕМИЯ (ҚОН РАКИ) ХАСТАЛИГИНИНГ НОАНЪАНАВИЙ ДАВО УСУЛИ

Бедуин қабиласи вакиллари лейкемия (қон раки) билан оғриган тўрт нафар беморни оч қоринга 40 кун давомида туя пешоби ва сутини аралаштириб даволашди, дея хабар беради “Тарикъ аль – хидая фи даръ махатир аль-жинн ваш-шаятин” китоби муаллифи. Даволаш муддати давомида беморлар бошқа ҳеч нарса истеъмол қилишмаган. Арабистонда яшовчи бедиунлар туя пешобини “аль-вазар” дейишади. Уни қўллаш усули қуйидагича:

Туянинг пешобидан бир қаҳва идишча миқдорда (уч ош қошиқ) олинади ва бир пиёла туя сути билан аралаштирилади.

Туя сутидан тайёрланган қатиқ шубат дейилади. Шубат сил, ўн икки бармоқ ичак ярасида шифобахшдир. Бундан ташқари туя сути қонни янгилайди. Қуруқ терини намлантирувчи хусусиятга эга. Яъни, уни ёшартиради.

ТУЯ СУТИ ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШДА ЁРДАМ БЕРАДИ

Яқин Шарқ мамлакатлари ва Ҳиндистонда ўтказилган бир қанча илмий тадқиқотлар туя сутининг қандли диабет хасталигида қондаги қанд миқдорини пасайтиришини кўрсатди. Мисрдаги Коҳира университети олимлари тўрт ой давомида 54 нафар қандли диабет хасталиги билан оғриган ва инсулин билан даволанаётган беморларни кузатув остига олишди. Шу беморларнинг тенг ярми ихтиёрий равишда инсулин билан даволанишдан ташқари ҳар куни ярим литр туя сути ичишди. Туя сути ичиб юрган беморларда лаборатория таҳлиллари углевод алмушинуви ижобий томонга ўзгарганини кўрсатди. Шунингдек, меъда ости безининг инсулин ишлаб чиқишига қонда С – пептиднинг пайдо бўлиши “туртки” бўлганлиги яққол белгидир. Ҳиндистон (Бикандер)даги Қандли диабетни даволаш тадқиқот марказида икки йил давомида ўтказилган кузатувга асосан 12 нафар инсулинга қарам бўлган беморларнинг 3 нафари мунтазам туя сутини истеъмол қилиши натижасида батамом соғайиб кетгани қайд этилди. Қандли диабетнинг II турида ҳам туя сутини истеъмол қилган беморларда қонда қанд миқдори пасайгани кузатилди.

Саудия Арабистони қироллиги университети олимларини ҳам туя сутининг ўзига хос хусусияти жалб этди. Инсулинга ўхшаш моддага бой туя сути меъда ширасида жуда ҳам кам миқдорда парчаланиши унинг ўн икки бармоқ ичакда яхши сўрилиб қонда инсулин гормонининг етарли миқдорда бўлишига замин яратар экан. Бундан ташқари туя сути меъда ости безининг бета-ҳужайралари фаолиятини яхшилайди. Қадимдан туя сути қандли диабет билан оғриган беморлар учун шифобахш, тансиқ неъмат сифатида тавсия этиб келинган. Сабаби унинг таркибида жуда кўп миқдорда инсулинга ўхшаш протеин мавжуд. Бу протеин юқорида таъкидлаганимиздек, меъда шираси таъсирига кам учраб қонга яхши сўрилади ва қонда қанд миқдорининг пасайишига ёрдам беради. Аммо мунтазам инсулин қабул қилиб юрган беморлар бирданига бу дори воситасидан воз кечишларини тавсия этмаймиз. Улар даволовчи шифокорлари билан маслаҳатлашган ҳолда янги соғилган туя сутини кунига 0,5 литр (катталар учун) ичиб юрсалар соғлиқлари учун янада фойдали эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Чунки, табиатнинг ўзи табибдир.

Яна ўқинг:  Қариликни секинлаштирувчи модда

Ғам-ғуссага ботган, тушкун кайфиятли инсонлар, васвасага дучор бўлган беморларга туя сути ичириш зарур. Агар туя сути табиий, тоза асал билан ичилса, гижжаларни йўқотиб, меъда-ичак тизимидаги яраларни тузатади. Янги соғилган туя сути гастрит (меъда шиллиқ қавати яллиғланиши)га даво ҳисобланади. Шунингдек, сил касаллиги ва пневмония (зотилжам)да ҳам табиблар туя сутини ичишни тавсия этишади. Шакар билан аралаштириб ичилган туя сути тери рангини тиниқ ва чиройли қилади, ажинларни текислайди. Шуни ёдда тутиш зарурки, туя сути ичиб даволанаётган беморга тинчлик-хотиржамлик керак. Руҳан сокин инсонларнинг дарддан фориғ бўлиши осон кечади. Беморнинг яқинлари сабр билан унинг тузалишига кўмак бериши муҳим аҳамиятга эга.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: