Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми)

тест саволлари орқали ўзингизни синаб кўринг

Мижоз ҳар бир инсонда туғма хусусиятга эга бўлади. Одамнинг қобилияти, фаоллиги, куч-ғайрати ва ҳаёт тарзи ҳамда қай даражада таъсирчанлиги унинг мижозига боғлиқ. Шунингдек, халқ табобатида одамнинг ёшига қараб иссиқ, совуқ ва мўътадил мижоз фарқ қилади. Ўз навбатида бу ҳам ҳўл ва қуруқ каби хусусиятларни ўз ичига олади. Турли хил тестлар орқали инсон мижозини аниқлаш орқали феъл-атворини билиш мумкин. Қуйида биз тавсия этаётган тест орқали инсонлар қайси темпераментга киришини билиб оласиз. Айзенк доираси бўйича мижозни аниқлашда 57 та саволга “ҳа” ёки “йўқ”, деб жавоб беришингиз керак.

1. Сизни тез-тез янги таассуротларга бой саргузаштлар ўзига жалб этадими?

2. Эски қадрдонларни қўмсаб, уларнинг сизни қўллаб-қувватлашларига эҳтиёж сезасизми?

3. Ўзингизни безарар одам деб ҳисоблайсизми?

4. Кўзлаган мақсадингиздан воз кечишингиз осонми?

5. Бир ишни узоқ ўйлаб, кейин ҳаракат қиласизми?

6. Ўзингизга фойдаси бўлмаса ҳам берган ваъдангизнинг устидан чиқасизми?

7. Кайфиятингиз тез-тез ўзгариб турадими?

8. Умуман олганда ўйламасдан, тез гапирасизми? Ҳаракатларингиз ҳам шунга ярашами?

9. Сиз жиддий сабаблар бўлмаса ҳам ўзингизни бахтсиз ҳис этганмисиз?

10. Баҳс-мунозарали вазиятларда рақибингиздан ғолиб чиқиш учун ҳеч нарсадан тап-тортмайсизми?

11. Бегона одам билан ҳамсуҳбат бўлиб қолсангиз уятчанлигингиз панд берадими?

12. Жаҳлингиз чиқса “ақлингиз қочади”ми?

13. Ҳар лаҳзадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиласизими?

14. Бирор нарсани беҳуда шундай қилдим-а, дея тез-тез афсус чекасизми?

15. Бировлар билан ҳамсуҳбат бўлгандан кўра китоб ўқишни яхши кўрасизми?

16. Сал нарса кўнглингизга тегиб, аразлаб қоласизми?

17. Дўстлар даврасида бўлишни хуш кўрасизми?

18. Баъзан ўзгаларга айтишга ножоиз бўладиган ўй-хаёллар хаёлингизни чулғаб оладими?

19. Айрим ҳолларда ғайратингиз жўшиб, «тоғни урса талқон қилгудек» ўзингизда куч-қувват сезиб, баъзан эса бўшашиб қоласизми?

 20. Дўсту биродарларингизнинг сонига эмас сифатига эътибор берасизми? Сиз учун атрофингизда энг яқин саноқли инсонлар бўлиши муҳимроқми?

21. Орзуларингиз кўпми?  

22. Сизга кимдир баланд овозда бақириб муомала қилса, унга сиз ҳам шундай жавоб қайтарсизми?

23. Сизни тез-тез виждон азоби қийнайдими?

24. Феъл-атворингиздаги барча одатлар ўзингизга маъқул келадими?

25. Ўз ҳиссиётларингизга эрк бериб, шўх даврада бемалол ўйнаб-кулаоласизми?

26. Асабларингиз тез-тез таранглашиб турадими?

27. Сизни қувноқ ва серҳаракат инсон дейиш мумкинми?

28. Бирор ишни қилиб бўлгач, хаёлан ортга қайтиб шу ишни янада яхшироқ бажаришим мумкин эди деб ўйлайсизми?

29. Сиз дўстларингиз даврасида ўзингизни хотиржам тутасизми?

30. Миш-мишлар тарқатишга ўзингизда мойиллик сезасизми?

31. Турли ўй-фикрлар хаёлингизни чулғаб олгани туфайли баъзан ухлай олмайсизми?

32. Бирор нарса хусусида маълумот олгингиз келса, бу ҳақида дўстларингиздан сўрайсизми ёки китобдан ўқиб оласизми?

33. Юрагингиз тез-тез уриб кетадими?

34. Сизга диққат-эътиборни талаб этадиган ишлар ёқадими?

35. Баъзан аъзои баданингизда титраш ҳис этасизми?

36. Агар айтган сўзларингиз ошкор бўлишини билганингизда, ўзгалар олдида умумий қабул қилинган сўзлардан нарига ўтмасмидингиз?

37. Сизга бир-бирининг устидан кулиб, мазах қиладиган одамлар даврасида бўлиш ёқмайдими?

38. Сиз тез таъсирланиб, асабийлашасизми?

39. Сизга тез ҳаракат қилиш зарур бўлган меҳнат фаолияти ёқадими?

40. Турли кўнгилсиз воқеалар ва даҳшатли ҳодисалар кўз ўнгингиздан ўтиб баъзан тинчингизни бузадими? Ҳолбуки, бу ҳақида хавотирланишга ўрин бўлмаса ҳам безовта бўласизми?

41. Сиз секин қимирлашингизни биласизми ёки ўз ҳатти-ҳаракатларингиздаги хотиржамликни ҳис этасизми?

42. Қачондир ишга ёки учрашувга кечикканмисиз?

43. Тез-тез ёмон тушлар кўриб турасизми?

44. Кўп гапиришни яхши кўрасизми? Ҳар бир нотаниш кимса билан ҳамсуҳбат бўлишга иштиёқингиз баландми?

45. Оғриқлар сизни безовта қиладими?

46. Узоқ вақт дўсту биродарларингиз билан кўриша олмасангиз сиз ўзингизни бахтсиз ҳис этасизми?

47. Ўзингизни асабий одамман деб ҳисоблайсизми?

48. Ўзингиз билган одамлар орасида сизга умуман ёқмайдиганлари ҳам борми?

49. Сиз «мен ўзимга ишонаман» дея айтаоласизми?

50. Танқидни кўтараоласизми?

51. Дўстона йиғинларда ҳақиқий дам олиб бўлмайди деб ҳисоблайсизми?

52. Сиз ўзингизни бировлардан қайсидир жиҳатларим билан камман дея ўксинасизми?

53. Зерикарли даврани жонлантира оласизми?

54. Ўзингиз билмаган нарсалар хусусида ҳам баъзан фикр билдириб турасизми?

55. Соғлиғингиз сизни ташвишга соладими?

56. Ўзгалар устидан кулиб, ҳазилга олиб мазах қиласизми?

57. Тунлари уйқусизлик сизни безовта қиладими?

Агар сиз саволларга тўғри жавоб берсангиз у ёки бу мижозга хос белгилар неча фоизни ташкил этганини эътиборга олсангиз ( яъни, 40 фоиз) мижозингизни аниқлай оласиз. Мижоз ва унинг хусусиятлари хусусидаги маълумотлар ўтган сонимизда берилган.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-34)

АЙЗЕНК ТЕСТИ

Шахснинг феъл-атворини аниқлашда Г.Айзенк тести ҳам қўл келади. Бунда ҳар бир инсоннинг харакатеридаги асосий кўрсаткичлар муҳим ўрин тутади. Яъни, экстраверсия-интраверсия ва нейротизм. Шахснинг ички оламини бойитишга интилиши ва унинг ташқи дунёга бўлган муносабати қай даражада шаклланган ҳамда унинг руҳиятида ҳис-ҳаяжонларга берилиши хавотир, асабийлик ёки хотиржамлик эътиборга олинади. Ушбу жиҳатлар ҳар бир инсоннинг касб-кор танлашида ва келгуси фаолиятида, шунингдек, вазифасига қай даражада масъулият билан ёндашувида муҳим аҳамиятга эга.

Экстраверсия — бу шахснинг ташқи оламга, атрофидаги инсонларга, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабати. Экстравертлар ҳамма билан тез тил топишадиган, вазиятга тез мослашадиган, ташаббускор, ҳаётга чанқоқ, ўткир ақл соҳиби ва етакчиликка интилувчан бўлишади. Шу билан бирга улар баъзан ўзларига топширилган вазифага масъулият ҳис этишмайди. Ҳаддан зиёд ишонувчан бўлишади ва айрим ҳолатларда шу сабабли ўзгалар таъсирига берилувчан бўлишади. Ўз қарашларида ҳамиша ҳам собит тураверишмайди. Ҳатти-ҳаракатларида узоқни кўраолмаслик уларга панд бериб қўйиши мумкин. Фаолиятларида ўйламасдан тез қарор қабул қилишлари рақибларига қўл келади.

Интраверсия — бу йўналиш шахснинг ички оламини кўпроқ бойитишга эътибор қаратишини англатади. Интравертлар сермулоҳаза, мустақил, хотиржам, мақсад сари интилувчан бўлишади. Улар вазиятга қараб мослаша олмайдилар. Мавжуд реал ҳаётдан «оёқлари узилган» бўлишади. Одамлар билан муносабатда масофа сақлашади. Баъзан бир қарорга келишга қийналишади.

Нейротизм — асаб тизимининг қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг беқарорлиги шахснинг феъл-атворида ҳам акс этади. Нейротизмнинг бир қутбида нейротиклар турса, иккинчи қутбида эса — эмоционал барқарор, ўзига ишонган, хотиржам шахсларни кузатиш мумкин.

 


АЙЗЕНК ДОИРАСИ

 

Меланхоликлар

Тез хафа бўладиган,

ҳадиксираб хавотирга

тушувчи, таъсирчан,

пессимист, муомалага

тез киришиб кетмайдиган,

оғир-босиқ, шунингдек, ўжар одамлар.

 

Холериклар

Таъсирчан, кайфиятига

қараб иш юритадиган,

тажовузкор, “лов этиб

ёнадиган”, ҳаётга ишонч

билан қаровчи,

етакчиликка интилувчан, фаол инсонлар.

 

Флегматиклар

Бу тоифа шахслар

сусткаш, имиллаган,

 аммо ҳар бир ишни

қунт билан бажаришга

ҳаракат қилувчи,

 ўйчан, тинчликсевар,

 мақсад сари

интилувчан, вазмин,

 бир қолипдаги

ишларни хуш кўрувчи бўлишади.

 

Сангвиниклар

Киришимли,

очиқ кўнгилли,

кўп гапирадиган,

ҳамма билан тез

тил топишадиган,

серҳаракат,

қулайликларни

Яна ўқинг:  Ичимиздаги гижжалар

 хуш кўрувчи,

ташаббускор

ва беташвиш кишилар бўлишади.


 

ТУРЛИ МИЖОЗЛАР УЧУН ТАОМНОМА

Анъанавий халқ табобатида инсон саломатлиги унинг турмуш тарзига ва мижозига қараб овқатланишига боғлиқлигига катта эътибор қаратилади. Табибларнинг тавсиясига кўра 60 фоиз ҳолатларда касалликни дори-дармонларсиз оқилона ва тўғри овқатланиш билан даволаш мумкин экан. Салатлар, винегретлар ва суюқ ҳамда қуюқ овқатларни инсонлар ўз мижозлари, шунингдек йил фасллари ва ой фазасига эътибор берган ҳолда тановвул этишлари зарур.

Холериклар ва сангвиникларга салат ва кўкатларни табиий ҳолда истеъмол қилишларини тавсия этамиз. Флегматик ва меланхоликлар эса винегрет ва сабзавотларни қайнатилган ҳолда тановвул қилсалар фойдадан холи бўлмайди. Меланхоликлар, шунингдек, винегретни тузланган балиқ (селёдка) билан есалар ва тез-тез тузланган бодринг, помидор, ачитилган карам истеъмол қилсалар соғлиқлари учун фойдали.

 

СУЮҚ ОВҚАТЛАР

Холерик ва сангвиниклар суюқ овқатларни илиқ ёки совуқ ҳолда (қатиқли суюқ ош, мевали ёки сабзавотли шўрва), меланхоликлар ҳамда флегматиклар эса иссиқ ҳолда истеъмол қилганлари маъқул. Шунингдек, меланхоликлар нордон карам шўрва (ачитилган карамдан тайёрланади), карам шўрва ва турли тузламали суюқ овқатлар (рассольник, солёнка) ҳамда флегматиклар суюқ овқатларга аччиқ зираворлар солиб ичишлари мақсадга мувофиқ.

Холерик ва меланхоликлар суюқ овқатларни кўпроқ тановвул қилишлари керак. Сангвиник ва флегматиклар мижозига эса кўпроқ қуюқ таомлар мос келади. Холерик ва сангвиникларга совутувчи, флегматик ва меланхоликларга иситувчи таомлар тавсия этилади.

Умуман олганда халқ табобатида ҳар бир мижозга хос алоҳида таомномалар тавсияномаси ишлаб чиқилган. Биз кейинчалик бу хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтамиз.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА таржимаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: