Эрта никоҳ – хатарли ришта

– Жуда ажойиб тўй бўлди-да, онаси. Ҳамманинг ҳаваси келди.

– Ҳа, нимасини айтасиз! Қизимиз ҳам, овсини ҳам жуда чиройли келин бўлди. Аммо, дадаси, қизимизни сал эрта узатмадикмикан? Ҳали ёш, кўп нарсани ўрганиши керак эди.

– Э, хотин калта ўйлайсан-да. Қадимгилар “Тенги чиқса, текин бергин” деган. Қизим ёш деб ўтирсанг, шундай жойдан қуруқ қолардик. Қанча ўрганиш керак бўлса, қайнонасидан ўрганиб олаверади.

– Билмадим дадаси, ишқилиб эри билан бир-бирини тушунишсин-да. Иккиси ҳам ёш….

Эр хотиннинг ўзаро суҳбати шу зайлда якунига етди.

Кунлар бир-бирини қувлаганча ойлар ҳам ўтиб борди. Ўтган вақт давомида Сайёра гоҳ эридан, гоҳ қайнонасидан шикоят қилиб, бир неча марта уйига аразлаб келди. Аммо, ҳақиқий можаро Сайёранинг овсини фарзандли бўлгандан кейин бошланди. Қайнонаси, ҳатто эри ҳам ҳар куни уни танқид қилар, фарзанд кўролмаётганлари учун уни айбларди. Онаси Сайёрани тиббий кўрикка олиб боргандан сўнг масаланинг моҳияти ойдинлашгандек бўлди. Шифокорлар қизининг она бўлишга жисмонан тайёр эмаслигини айтишди. Уларнинг таъкидлашича, Сайёра она бўлиши учун камида икки йил вақт керак…

Аммо, иш ажримгача бориб етди. Оила аталмиш муқаддас қўрғонга дарз кетди. Бунга сабаб нима? Айбдор ким? Қизининг бахтини ўйлаб, уни ёш бўлишига қарамай турмушга берган ота-онами ёки ҳали оилавий ҳаётга ҳам жисман, ҳам маънан тайёр бўлмай туриб, оила қуришга розилик берган ёшларми?

Бугунги кунда юртимизда ёшлар саломатлиги, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарарли оқибатлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, оила қўрғонининг мустаҳкам бўлиши йўлидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатаётир. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, юқоридаги сингари шошма-шошарлик оқибатида юзага келаётган кўнгилсизликлар ҳам учраб турибди.

Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Шундай экан болаларимиз саломатлигига барчамиз масъулмиз. Зеро, боланинг бегонаси бўлмайди. Соғлом фарзанд эса соғлом онадан дунёга келади.

Дарҳақиқат, эрта никоҳ – 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг турмуш қуришлари ҳисобланиб, статистик маълумотларга кўра бундай оилаларнинг аксарияти ҳаётининг иккинчи ёки учинчи йилларидаёқ барбод бўлади. Эрта никоҳ ва унинг оқибатлари бугунги кунда ўта долзарб муаммо ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Сурункали оғриқ ақл хиралашишига олиб келади

Ҳар йили бутун дунёда милллионлаб вояга етмаган қизлар эрта оила қурмоқдалар. БМТнинг (UNISEF) болалар фонди миллионлаб болаларнинг кўз ёшларига сабаб бўлаётган бундай эрта турмушларга чек қўйишни талаб қилмоқда. UNISEF ташкилоти маърузасида баён этилишча, бир қатор мамлакатларда 18 ёшдан кичик қизларнинг эрта турмуш қуришига улардаги миллий-этник урф-одатлар, камбағаллик ва эрта ҳомиладорлик мажбур қилмоқда.

Энг ачинарлиси, эрта турмуш ўз навбатида эрта ҳомиладорликка олиб келиб, бу тиббиёт нуқтаи назаридан ёш организм ҳаётига ҳамда унинг организмида ривожланаётган ҳомила шаклланишида юқори хавф келтириб чиқаради.

– Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари нималарда намоён бўлади? Бу биринчи навбатда ёш келинчакда ҳомиладорликнинг асоратли кечишида кўринади, – дейди биз билан суҳбатда Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази раҳбари Маҳмуда Каттахўжаева. – Камқонлик, ҳомила тушиш хавфи, сурункали касалликларнинг авж олиши, вақтидан олдинги туғруқ, ҳомиладорлик ва туғруқ асоратлари аёлни ногиронликка ёки нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Туғруқ вақтида чақалоқнинг туғма нуқсонлар билан туғилиши ёки нобуд бўлиши, гестоз (шишлар, артериал босимнинг ошиши) каби ҳолатлар эрта ҳомиладорлик вақтида кўп кузатилади. Шу сабабдан бизга маслаҳатга келган ёшларга эрта никоҳнинг хавфли асоратларини тушунтириш билан бирга, уларга никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг нақадар муҳим эканлигини ҳам таъкидлаймиз.

Эрта ҳомиладорлик нафақат ёш аёлнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки аёлнинг таълим олишида, жамиятдаги ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлиб қолмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, агар ёш она жисмонан, маънан ҳамда руҳан оналик маъсулиятига тайёр бўлмаса, бу ҳақда қандай қилиб фикр юритиши мумкин?! Шу билан бирга, ўрта таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар орасида оналик, эрта ҳомиладорлик ва унинг асоратлари, аёлларнинг жамиятдаги тутган ўрни тўғрисида тўлақонли иш олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунингдек, жамиятимизда учраб турадиган қариндошлар орасида қайд этиладиган никоҳлар ҳам ўзининг салбий томонларини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда қариндошлар ўртасида қайд этиладиган никоҳларнинг фоизи барча никоҳларнинг 4,2-8,2 фоизини ташкил этади. Қариндош бўлмаган ота-оналардан туғилган болалар орасида 2,5 фоиз туғма нуқсонли, 3 фоиз ақли заиф болалар туғилиши қайд этилса, қариндошлар орасида қайд этилган оилаларда ушбу ҳолатларнинг кузатилиши икки баробарга ортади. Ўз-ўзидан савол туғилади: Нима учун ўзаро қариндош бўлган ота-оналар соғлом бўлганида ҳам, уларнинг наслида ирсий касалликларнинг бўлиш хавфи юқори?

Яна ўқинг:  ДОНОРЛИК – БЕҒАРАЗ ҲАЁТБАХШ КУЧ

Маълумки, ҳар бир инсон ўз генининг ярмини онадан олса, иккинчи ярмини отасидан олади. Баъзи ирсий касалликлар генлардаги “яширин” (рецессив) зарарланиш ўчоқлари оқибатида юзага келади. Шундай “яширин” зарарланиш ўчоқлари мавжуд генга эга қариндошларнинг ўзаро никоҳи натижасида ушбу касаллик белгиларининг юзага чиқиш имкониятлари ортади ва ногирон фарзанд дунёга келади. Ҳозирги даврда, организмда мавжуд бўлган генлардаги ўзгаришларнинг барчасини ҳам ўз вақтида аниқлаш ва даволаш имкони йўқ, шу сабабли фарзандларингизни соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етишини истасангиз қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ва уларга тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш лозим.

– Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази томонидан аҳоли ҳамда ёшлар ўртасида репродуктив саломатлик тамойиллари ва уни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий маданиятни ошириш борасида ҳамда балоғатга етмасдан турмуш қуриш ва қариндош-уруғлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш мақсадида маҳалла, мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмокда, – дейди Маҳмуда Каттахўжаева. – Бунинг учун Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мутасадди ходимлари биргаликда умумий дастур ишлаб чиқишган. Ушбу дастурга асосан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ходимлари томонидан маҳалла, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида йиғилишлар, давра суҳбатлари ташкил қилиниб, маърузалар ўтказилмоқда. Дастурда мактаб, коллеж ва олий уқув юртларида ўқилиши учун алоҳида маърузалар ишлаб чиқилган. Тайёрланган маърузалар барча вилоятлардаги Республика аҳоли репродуктив саломатлик марказининг филиалларига компакт дискда тарқатилган.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, баркамол авлодни вояга етказиш Юртбошимизнинг доимий эътиборида бўлган. Жумладан, юртимизда амалга оширилган бир қанча дастурлар – “Она ва бола скрининги” (1998 йил), “Соғлом авлод” (2000 йил), “Она ва бола” (2001 йил) ва бошқалар, ҳозирги кунда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Натижада, бугунга келиб, халқимиз саломатлиги, жумладан аёллар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда қатор ютуқларга эришилди.

Соғлом фарзандни тарбиялаш, ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Шундай экан ҳали ўзи бола бўлган фарзандларимизни турмушга бериш ёхуд уйлантириш натижасида уларга нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам жуда катта зарар етказиб қўйишимиз мумкин. Зеро, 2008 йил давлатимизда “Болалар ҳуқуқларини кафолатлаш” ҳақида қонун қабул қилинган ва ушбу қонуннинг биринчи бобида 18 ёшгача бўлган шахс бола ҳисобланади, деб белгиланган. Шундай қилиб, 16-18 ёшда турмуш қураётган ва она бўлаётган ўсмир қизлар давлатимиз қонунлари бўйича ҳам ҳали бола ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Австралиялик олимлар йога хавфидан огоҳлантирди

Шуни таъкидлаш жоизки, эрта турмуш қуриш кўпинча, абортга, фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай туғилишига сабаб бўлади. Статистик маълумотларга кўра, кўпчилик ҳолатларда ёш турмуш қурган аёллар, 25-26 ёшга бориб кўп туғувчи аёллар гуруҳига киритиляпти. Бу эса ўз навбатида уларнинг ва оиласининг саломатлигини заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Тиббий нуқтаи назардан эса аёллар учун фарзанд кўришнинг энг мақбул даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади.

– Вояга етмаган ўсмирларда ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг тушиши, барвақт туғруқлар 20 фоизга кўпроқ учрайди, камқонлик ва айниқса, гипертензив синдромини ривожланиши билан, туғруқлар эса аксарият ҳолатларда, қон кетиш ва жарроҳлик усуллар билан туғдиришга олиб келади, – дейди 4-шаҳар туғруқ комплекси шифокори Райҳона Хаджаева. – Бунда вазни паст, асфиксияда туғиладиган гўдакларнинг сони ортиб боради. Ўсмир ёшидаги оналар ўлими ҳолатлари эса, 20-30 ёшлиларга нисбатан 5 баробарга ва гўдаклар ўлими кўрсаткичларининг 2 баробарга кўпайиши аниқланган.

Психологлар ва олимларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул ёш: қиз болалар учун 22-25 ёш, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш. Бу ёшга бориб инсон шахс сифатида шаклланиб бўлади. Бу ёшда инсон турмуш қуриш масаласига масъулият билан қарайди.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: