Шифохонадаги навбатнинг “навбати” ўтмадимикан?

0
29
марта кўрилган.

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасида бир кун…

 

3 ёшли болакай Базил Муҳаммад шифохонадаги даволовчи мутахассис қабулига кириш учун бир соатдан кўпроқ навбат кутиб ўтирган пайтида аҳволи оғирлашиб, отасининг қўлида жон беради. Хориж матбуотида тарқалган мазкур хабар қалбларни ларзага солди.

Бу маълумотга бежиз тўхталмадик. Она бўлиб онанинг қадрига етасан, ота бўлиб отангнинг қадрини биларкансан. Ота-она фарзандини майин шабададан ҳам асраб-авайлайди. Айниқса, соғлиғида бирор ўзгариш бўлса, ўзини қўярга жой тополмайди. Нажот истаб, шифокорга чопади. Аммо шифохона эшигига бориб, остонадан ўтиш учун кечгача навбат кутиш…

Ҳозирда шифокор қабулига навбат кутиш оддий ҳолга айланган. Мисол учун яқинда ижтимоий тармоқларда “шов-шув”га сабаб бўлган воқеада ҳам шу мавзу акс этган.

Маълум бўлишича, Наманган вилояти, Чуст туманидаги шифохонага она ҳарорати юқори бўлган фарзандини олиб келади. Жой бандлигидан болани ерга ётқизишади. Бу ҳолатни кўриб, ачинасан, киши. Наҳотки, юртимизда тиббиётга, оналар ва болалар саломатлигига катта эътибор қаратилаётган бир пайтда бемор болага шифохонада жой топилмаса.

Ана шунга ўхшаш муаммога Тошкент педиатрия тиббиёт институти клинакасида ҳам дуч келишингиз аниқ. Бу ерда болангизга жой топилади, лекин навбатингиз келгунча кун қораяди. Мазкур марказдаги адоқсиз навбатлар ҳақида эшитган эдим. Яқинда бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Шифохонага киришим билан икки аёлнинг даҳанаки тортишувига дуч келдим. Билсам, улар навбат талашаётган экан. Бирининг айтишича, ўттизинчи одамдан сўнг навбат ёзилмас экан. У йигирма бешинчи бўлиб келган экан. Иккинчи жувон эса навбат тартибсиз бўлиб кетганини, соат 8: 00 дан буён кутаётганини арз қиларди. Атрофдагилар эса бу баҳсни одатий ҳолдек жим кузатиб туришарди.

Узун залнинг бошидан охирига қадар оёқ босишга жой топилмайди. Айниқса, невропатолог қабулига келганлар кўпчиликни ташкил этади.

Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган болажонларда асаб касаллигининг авж олгани ачинарли ҳол. Бу хусусида психолог Дурдона РИХСИЕВАга мурожаат қилдик:

 

Болалардаги асаб касалликлари уларнинг ҳомила даврида шаклланади. Бугун одамларнинг турмуш тарзи олдингидан бутунлай фарқ қилади. Келинларга, айниқса, ҳомиладор аёлга эътибор етарлича эмас. Ҳомиладорлик даври энг нозик пайт. Бўлажак онани ёш боладек авайлаш лозим. Ундаги ўзгаришлар, инжиқликларга бепарво бўлиш ярамайди. Фаолиятим давомида аёллардаги бу давр ҳам руҳан, ҳам жисмонан оғир кечганига гувоҳ бўлганман. Атрофдагиларнинг тазийқи она руҳиятига кучли таъсир қилади. Ўзбек аёли ҳамма муаммони ичига ютишга ўрганган. Ичда эса бу дардларни бола ҳис этиб турибди. Натижада туғилган гўдак туну кун йиғлайди, тез хасталанади. Асаб касаллиги боланинг ривожланишини сустлаштиради. “Оғир оёқлик” пайтида она хотиржам бўлса, бола бу касаллик билан туғилмайди.

 

Дарҳақиқат, Ибн Сино айтганидек бола она қорнидаёқ тарбияланади. Ҳомиладор аёлга нисбатан муносабат бошқалар учун муҳим ҳисобланмас, аммо унинг жабрини бола тортади.

Яна ўқинг:  ДИЛГА ДИЛДОШ ОҲАНГЛАР

Юқоридаги мавзуга қайтсак. Беморларнинг кўп қисми вилоятлардан келган. Улар қайсидир қариндошининг уйида қўним топган. Фарзандини даволаш мақсадида саҳардан навбатга ёзилган. Уларнинг гали тушлик вақтига тўғри келмоқда. Кечикиброқ келганлар эса эртаси куни келишга мажбур бўлишяпти. Хасталикдан жони оғриётган болажон эса йиғлаб-йиғлаб, онасининг қўлларида ухлаб қолган. Сал наридаги гўдак йиғлашга ҳам мажолсиз.

Деразадан ҳовлига разм солсангиз, навбат кутишдан чарчаганлар дарахт соясида ўтирганини кўрасиз. Узоқ йўл толиқтирганиданми ёки фарзандининг хасталигини ўзи ҳис этаётгани учунми, ота-оналарнинг нигоҳи маҳзун бир нуқтага қадалган. Қалбидан ўтаётган кечинмалар ёлғиз Яратганга аён.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан келдим, – дейди 60 ёшни қоралаган онахон Муҳтарам РЎЗИЕВА. – Неварам 5 ёшда. Еган овқати ҳазм бўлмай, қайтариб ташлайди. Ҳарорати бирдан кўтарилиб кетяпти. Ўзимизнинг тумандаги шифохоналарда даволанди, аммо фойдаси бўлмади. Уч ойдан буён шу аҳволда. Кун сайин озиб, ҳолсизланиб боряпти. Келиним (бемор қизнинг онаси) “оғир оёқ”. Шунинг учун неварамни ўзим олиб келдим. Хасталиги эсдан чиқиб, онасини қўмсаб йиғлайди. Келганимизга 4 соат бўлди. Навбатимизни кутиб ўтирибмиз. Кимдандир илтимос қилиб, олдинроқ кирмоқчи бўлдик, лекин қарасам, ҳамма ҳам биздек бирор дарддан азият чекиб келган.

 

Ўғлим уч ойлик бўлди, – дейди Сирдарё вилоятидан келган Нилуфар ОМОНУЛЛАЕВА. – Болам тинимсиз йиғлайди. Уйқуси ҳам меъёрда эмас. Кўп йиғлаганидан қовоқларида шиш пайдо бўляпти. Туманимиздаги шифокорга мурожаат қилдик. Улар тавсия этган дорилар ёрдам бермади. Навбат кутяпман, аммо болам ҳар сонияда оғирлашиб қолишидан қўрқаман. Оддий фуқаро сифатида тиббиёт мутасаддилари, вазирлик ходимларидан шароитни яхшилашини илтимос қилиб сўрардим. Истагимиз, шифокорлар сонини оширсин. Ахир болажонлар шу юртнинг эртаси эмасми?!

 

Албатта, болалар эртамиз эгалари. Уларнинг саломатлигига барчамиз масъулмиз. Тиббиётга қаратилган эътибор замирида ҳам айнан “Соғлом она – соғлом бола” шиори илгари сурилган. Шундай экан шифохонадаги навбат кутишлар қачон барҳам топади? Бу масала юзасидан шифокор суҳбатини ҳам олишга ҳаракат қилдик. Бироқ беморларнинг кўплигидан бунинг имкони бўлмади. Бизнинг икки оғиз суҳбатимиздан бир болажоннинг шифо топиши муҳимроқ.

Жаннатмакон ўлкамизда инсон қадри ҳар нарсадан азиз. Шундай экан шифохоналардаги навбат кутишлар ва бошқа мавжуд муаммолар тез орада ечим топишига умид қиламиз.

Яна ўқинг:  Аёллар ҳақида ҳикматлар

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.