Фариштам, онам

 Атрофида райҳон ва атиргул ифори уфуриб турган супа, ҳовлидаги боғда отамнинг тер тўкиб меҳнат қилиши, сиз эса ўзингиз севган чаманзорда ардоқли гулларингизни парвариш қилишингиз, атрофингизда эса саккиз нафар боланинг завқу шавққа тўлиб, ўйнаб юришлари аҳён-аҳёнда тушимга киради. Бу туш болалик хотираларимни уйғонишига туртки бўлади. Ўша дамларни энтикиб соғинаман, ёдга оламан.

Бола эдик. Сизнинг эрта тонгда меҳрингиз, ширин сўзингиз, эркалашингиздан уйғонардик. Ҳаммамиз катта ҳовлида бир оила бўлиб яшардик. Қани энди ўша дамлар қайтиб келса. Раҳматли дадажонимнинг “она қизим”, деб эркалашлари, алқашлари ҳамон ёдимда. Сизлар биргаликда жажжи қалбимизни меҳр булоғига тўйинтирдингиз.

Ёдимда, келинлик чоғимда уйга меҳмон бўлиб борганимда, хўжайиним билан хафалашиб қолганимни сизга айтгандим. Менга йўл-йўриқ кўрсатиб, танбеҳ берган эдингиз ўшанда. “Нима бўлганда ҳам турмуш ўртоғинг ҳақ, “хўп” дейишни ўрган, болам. Биласанми, эркакнинг бахти нимада? Қачон у аёлини уришмайди, суяди? Аёл ақлли ва фаросатли бўлганида”. Аёлнинг бахти-чи? – сўрадим сиздан. “Аёлнинг бахти эса тилини тия олганида, ҳадеб шикоят қилавермаганида, шукрона билан яшашга ўрганганида. Шунда оилангда тинчлик-хотиржамлик бўлади” деб нисиҳат қилгандингиз.

Минг шукурлар бўлсинки, бугун ўз йўлимни топиб, суюкли рафиқа номига эришдим. Бунинг ҳаммаси сиз туфайли, сизнинг тарбиянгиз маҳсулидир. Ўшанда балки, мен томон бўлиб, турмуш ўртоғимни ноҳақ деб билганингизда, ҳаётим ҳозир қандай кечган бўларди. Буни ҳатто, тасаввур қилишни ҳам истамайман. Келинлик давримда кўрсатган тўғри йўлингиз, ҳозир йўлчи юлдуз каби ҳаёт йўлларимни ёритмоқда.

Ўша воқеадан сўнг сиз келинлик уйимга меҳмон бўлиб келдингиз. Гарчи, қизлик уйимда рўзғор юмушларини астойдил ўргатган бўлсангизда, бироқ янги хонадонда эрка қизингизнинг камчиликларни кўра олдингиз. Менга ўшанда ҳам танбеҳ бериб, қайнонам йўқлигида секингина йўл қўйган хатоимни айтиб, роса койиган эдингиз.

Мана энди шукурки, ўша насиҳатлар ортидан қайнона-қайнотамнинг, оила аъзоларимнинг ҳурматига сазовор бўлдим. Барчаси сиз туфайли онажон.

Бугун 80 ёшни қаршилабсизки, ҳамон ўша-ўша ғайратлисиз. Ҳеч ҳам меҳнат қилишдан чарчамайсиз. Уй юмушлари келинларингиз, невараларингиздан ортмасада, уларни ўзингиз бажаришга ҳаракат қиласиз.

Онажон, сиздан жуда олисда эканлигимдан гоҳида куйинаман. Қариган чоғингизда ёнингизда бўлгим, сизга суянчиқ бўлсам дейман. Ҳар гал ёнингизга борганимда, билдирмай ўтиб бораётган йиллар сизга ўз таъсирини кўрсатганига гувоҳ бўламан. Юзингиздаги ўзингизга ярашиб турган ажинларга боқиб, уларнинг кўпайишига мен сабабчи эмасмикинман, соғинч дарди сизни куйинтирмадими, дея ўкинаман.

Яна ўқинг:  Шифохонадаги навбатнинг “навбати” ўтмадимикан?

Азиз волидам, сиз биз учун ҳаёт мактабини яратдингиз. Ибратли ҳаёт ва сабоқларга бой йўлини. Сиз қийинчиликни ҳам йўқчиликни ҳам кўрган инсонсиз. Отам билан саккиз нафар фарзандни вояга етказдингиз. Барчамизни қийин бўлсада, олий маълумотли қилдингиз.

Онажон сабрингиз ва меҳрингиз учун ташаккур! Илоҳим, бахтимизга ҳамиша соғ ва омон бўлинг!

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: