Наврўз – янги умид, янги орзу-истаклар айёми

…Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан ҳоли, урф-одатларимизга ва қадрият­ларимизга жавоб берадиган байрам, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Нега деганда, Наврўз ўз руҳи ва ғоялари билан ҳар қайси инсон она заминнинг, табиатнинг ажралмас узвий қисми эканини, табиатнинг нақадар гўзал эканини ҳис қилиб, уни эъзозлаб, ҳамнафас бўлиб яшашга ундаши билан бизга қадрлидир.

Ислом КАРИМОВ

Наврўз – маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона янги йил дебочаси, боқий қадриятлар айёмидир. Неча минг йиллаб тарихга эга бўлган бу байрам томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналар, турли маросимлар намойиш этилади. Шу тариқа миллий меросимиз авлодлар қалбига сингиб боради. Ушбу айёмнинг қадимий тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни хусусида фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Шомирза Турдимовнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Афсоналарга қараганда, Одам ато Момо Ҳаво билан учрашган кун Наврўз деб тан олинган эмиш. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида Янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Алишер Навоий “Тарихи мулки ажам” (Ажам шоҳлар тарихи) асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз нишонланганини баён қилади. Фольк­лоршунос олим сифатида ушбу байрам тарихи хусусида қандай фикр билдирасиз?

– Инсоният тарихини Одам ато ва Момо Ҳаво билан боғлаш анъанаси мавжуд. Аслида уларни бир катта тимсол деб англаш ўринли. Қайсидир маънода Нав­рўзни биринчи одам ва унинг жуфти билан боғлаб талқин этишда жон бор. Чунки одамзод ер юзида пайдо бўлибдики, вақт­нинг ўтиши, кун-тун, ҳафта, ой, йил тушунчаларининг даврийлигини кузатган, тажрибалари билимга айланган. Йилнинг аввали белгиланган. Биз яшаётган ҳудудда қуёшнинг чиқиб-ботиши, фасл­ларнинг алмашуви, айнан кун ва тун икки бора 21-22 март ва 21-22 сентябрь кунларида тенг келиши, кўклам (ёз) ва куз (қиш)нинг боши эканини қадимдан билганлар. Ана шу тенгликнинг кўкламги, бутун табиат уйғонувчи даврини йилбоши деб белгилаш анъанаси пайдо бўлган. Шу сабабли ҳам Наврўз тарихини илк аждодларга боғлаш мумкин. Бевосита манбаларга мурожаат қилсак, далилларни тўрт-беш минг йиллик саналарга боғланувчи қоятошдаги суратларда, археологик топилмалар, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий ва бошқа алломалар асарларида учратамиз.

Яна ўқинг:  45 дақиқалик ИМКОНИЯТ

Инсон ҳеч қачон табиатдан айро ҳолда яшамаган. У ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми, деб англаган, талқин этган. Табиат ва инсон кўнглидаги ўзгаришлар бир-бирига боғлиқ кечади, деб билган. Амалларини шунга мослаб маросимларига тартиб берган Наврўз билан боғлиқ барча анъана ва удумлар мазкур уйғунликнинг меваси ҳисобланади. Хал­қона тақвимга кўра ёз ва қишнинг ўзагини “тўқсон” кунлик давр ташкил этади. Қиш тўқсоннинг сўнги уч кунида “Айём ажуз” киради. У илиқ ёки совуқ келиши мумкин. Халқ уни “кампир” тимсолида тасаввур этади. Яъни, уни “шамолларнинг онаси” ҳам де­йишган. Ажузмомо ҳовузга кирса, совуқ бўлади, тандирга кирса, иссиқ бўлади, дейишган. Ажуз кунлари олти кун, у чўзилиб “қаттиқ кун” бўлиши ҳам мумкин. Кейин келувчи Аҳман, Даҳман, Эзим, Қирман, Нос кунлари эса Ажуз момонинг ўғилларига тегишли деб англанган. Шундан кейин Наврўз бошланган ва “Наврўздан сўнг қиш бўлмас”, деб ҳукм чиқарилган. Наврўз арафаси, Наврўз кунлари ўтувчи барча маросимлар моҳиятида инсон ва табиат бирлиги, уйғунлиги ўз ифодасини топган.

Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида келтирилган далил, бу форс халқларида шоҳ Жамшид номи билан боғланган. Аслида йилнинг илк кунини белгилаб байрам қилиш анъанаси дунёнинг барча халқларида мавжуд. Бу ўринда ҳар бир халқ яшаётган ҳудуднинг табиати, шарт-шароитидан келиб чиқилган. Қадимий мисрликлар Нил дарёси тошадиган вақтни йилбоши, деб билганлар, ўз билим-тажрибаларини ўзларининг илоҳлари, илк аждод, сулола бошловчиларига боғлаб талқин этишган. Қадимий хитой, Европа халқларида ҳам шундай. Ёз ва қишни ўлиб-тирилувчи табиат ҳақидаги мифологик талқинда баҳолаш барча халқлар тасаввурларининг ўзагини ташкил этади. Бизнинг халқимизда ҳам айни тасаввур-тушунчалар Наврўз маросимлари, қўшиқ-рақсларида ва бадиий талқин олган “Гўрўғли” достонимизда турибди. Гўрўғли қабрдан чиқади ва 120 йил яшагандан сўнг ғорга киради. Гўрўғли – ўлиб-тирилувчи табиатнинг тимсоли саналган. Даврлар ўтиб, у табиат тимсолидан халқ қаҳрамонига айланган. Кўриб турибмизки, Наврўз байрами халқимизнинг қон-қонига сингиб, ҳаёт тарзига айланган қадимий байрамдир.

– Ризқ-рўз ва барака айёми сифатида халқимиз ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаган Наврўз байрамининг миллий қадриятларимизда тутган ўрни ҳақида нималар дея оласиз?

– Наврўз қанчалик қадимий бўлса-да, унга муносабат ҳам ҳар бир даврда ўзгача кечган. Мисол учун собиқ шўро даврида кўплаб қадриятлар қаторида Наврўз ҳам “қатағон” қилинган. Чунки халқнинг асл қадриятлари, унинг ўзлигини, ким эканлигини, тарихини, маданий-маънавий бойлигини кўрсатувчи бу хил қадриятлар шўро мафкурасига зид эди. Лекин халқ бу байрамни унитиб юбормади, яширинча бўлсада нишонлашга ҳаракат қилди. Наврўз ўзининг асл моҳияти билан, чинаккам байрам сифатида қадр топиши мустақилликка эришгандан сўнг амалга ошди. Истиқлол бизга Наврўзни, унитилаётган удумларни, анъаналарни қайтариб берди, Наврўзга янги бир қувват бағишлади.

Яна ўқинг:  ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ҳам халқимизнинг маънавий оламида яна бир улкан қадам бўлди, деб айта оламиз. Бу улуғ байрамимизни кенг нишонлар эканмиз, ўзлигимизни таниш сари одимлаётган бўламиз.

– Яқинда саккиз ёшли жияним билан қирда юриб, “Бойчечагим бойланди…” қўшиғини хиргойи қилсам, у менга ҳайратомуз қаради. Халқ ижодида болалар севиб, ижро этадиган қўшиқларимиз бир қанча. Бу қўшиқлар ҳозирги кунда болалар ҳаётида йўқолиб кетмаяптимикин?…

– Ушбу қўшиқларни болалар ёдидан кўтарилаётганига улар айб­дор эмас. Негаки, кекса авлод вакиллари яшаган давр мезонлари билан бугунги глобаллашув даврини солиштириб бўлмайди.

Ҳозир ахборотлар турли техник воситалар ёрдамида курраи заминни сонияда айланиб, тар­қалаётган давр болаларимиз онги, қизиқишларини ҳам эгалламоқда. Шу сабабли ушбу долзарб масалага алоҳида кенг дастурларга таяниб муносабатда бўлиш талаб этилади. Халқ қадриятларини тар­ғибот этишнинг замонга мос оқилона йўлини топиш керак бўлмоқда. Бугуннинг боласи нимага қизиқади, ана шу қизиқишлари доирасида қадриятларни тар­ғиб этиш лозим. Бу жараёнда мультфильмлар, телекўрсатувлар, турли электрон ўйинлардан фойдаланиш мумкин. Чунки қанчалик болалар тилига, уларнинг онгу шуурига мос тарзда ёндашиб иш тутилса, ҳаракатларимиз ўз самарасини беради.

– Маълумки, ҳар бир байрамда болаларнинг қувончи чексиз бўлади. Ана шундай кўтаринкилик билан нишонланадиган айём – Нав­рўздир. Бу байрамнинг болалар онгу тафаккурида, маънавий дунё қарашининг шаклланишида тутган ўрни ҳақида фикрларингиз….

– Аслида байрам нима? Байрамни бир киши нишонламайди. Жамулжам, халқ билан бирга шодиёна қилинади. Албатта, байрам болаларнинг ҳаётида катта ўрин эгаллайди. Чунки ҳар қандай тантананинг чексиз қувончини болалар олади. Байрам, тантаналарнинг болалар ҳаётида тутган ўрни ҳам бениҳоя катта. Наврўз азалдан киши руҳиятида янгиланиш, тозариш яратувчи байрам сифатида қабул қилиниб ўзгача кайфият билан кутиб олинган, ҳозир ҳам шундай. Бунда оила, қон-қариндошлар жамланиб, дастурхонга кўклам таомлари тортилиб, бирдамликда, бир-бирларига меҳр улашиб, ўтказилади. Демакки, байрам бола хотирасида муҳрланадиган ҳодиса ва унда оила муқаддаслигига, оға-ини, опа-сингилнинг меҳр улашиш каби бардавом қадриятларига нисбатан ишонч мустаҳкамланади. Ушбу йиғин инсонда қувватни янгилайди.

Яна ўқинг:  Baxtiyor damlar sururi

Қадимда Наврўз куни дала-қирларга чиқилган, катта сайил, томошаларга янги кийимлар ки­йилган, кексаларни зиёрат қилинган, аждодлар руҳи ёдга олинган. Ушбу анъаналар бугунги кунда ҳам бор. Демакки, Наврўз анъаналари моҳиятини ёш авлодларга кенг тушунтиришимиз лозим экан. Улар кўриш баробарида кўрганлари моҳиятини ҳам англаб етсинлар. Наврўз байрамини мактабгача таълим муассасалари, мактабларда театрлашган ҳолатда кенг нишонлашни йўлга қўйиш лозим. Ана шунда болаларимиз асл қадриятларимиз руҳида маънан соғ­лом бўлиб вояга етади.

Наврўз НОРБОБОЕВ суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: