45 дақиқалик ИМКОНИЯТ

тажрибали ўқитувчи учун етарли муддат

Азим тераклар бир текис бўй чўзган сўлим қишлоқ кўчалари. Қанчалар қадрдон, қанчалар дилга яқин. Ҳар тонг Тўлқиной опани ўша бағри болалар шовқинига тўла мактаб сари кузатиб қўяётган йўллар эса мана ўттиз бир йилдан буён муаллиманинг мўътабар изларини ўпиб қолади.

Бу йилги баҳор ўзгача шукуҳ билан бошланиб яна қирларга ям-яшил поёндоз солди. Ўқувчиларини табиат қўйнига бошлаб бораётган устознинг чеҳрасида табассум балқийди. Чор-атрофдан таралган қушларнинг ажиб сайроғи кўклам қўшиғини бошлаган кезида ўқувчиларининг адоғи йўқ саволларига жавоб бераётган устоз ўзини асло севимли касбидан айро ҳис қила олмайди.

Ҳа, кечагина қўлидан тутиб ҳарф ўргатган устозлар ўгитига қулоқ тутиб асло кам бўлмаган Тўлқиной опа Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 16-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси. – Бошланғич билимнинг бебаҳо асоси “Алифбе”ни ўқувчиларга ўргатиш жараёнида тўрт ой юриб дарс ўтсанг, тўрт йил ўтириб дарс ўтасан, мабодо эриниб ўтириб қолсанг, тўрт йил туриб сабоқ ўтасан, – деган эди устозим Мардон Сувонов. Дарвоқе, бир синфда 30 нафардан зиёд ўқувчи бўлгани боис 45 дақиқалик муддатда шунча болани назорат қилиш бироз мураккаблик қилади. Сабоқ жараёнида муаллим ҳар бир ўқувчининг олдига бориб уни ҳушёрлик билан кузатиб борсагина бола дўстларидан ортда қолмай пухта билим олишга интилади. Яна бир муҳим жиҳати мактаб партасига эндигина келган мурғак қалб эгаси эътиборга жуда муҳтож бўлади. Ўқитувчининг унга бўлган эътиборидан бола руҳланади. Бола бир ниҳол, унинг парвариши эса тажрибали боғбонга боғлиқ, – дейди Тўлқиной Қиличева.

2015 йилда муаллима меҳнат қилаётган мактабдан 35 нафар ўқувчи олий ўқув даргоҳи талабаси бўлгани ҳам ушбу таълим масканида ўқувчиларга қай даражада билимдон ва тажрибали, юқори малакали устозлар билим бераётганидан далолатдир. Бу хайрли ишларда мактаб рахбари Худойназар Пиримовнинг талабчанлиги қўл келмоқда. Тўлқиной опа билан бир сафда меҳнат қилаётган Зарифа Султонова, Жамила Ҳамроева, Салима Ғаниева, Фахриддин Ҳамроев, Диёра Султонова каби тажрибали устозларнинг саъйи-ҳаракати туфайли ўқувчилар кўплаб ижобий натижаларни қўлга киритишмоқда.

Ҳам севимли касбини ҳам оилада аёллик вазифасини бирдек уддалаб келаётган муаллиманинг кўплаб шогирдлари бугун устоз сингари ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда. Турмуш ўртоғи Аъзам ака билан тўрт нафар фарзандини оқил инсонлар қилиб вояга етказди. Вақт эса ўз тизгинини тутиб олиб одимлайверар экан. Тўлқиной Қиличева эса ана шу олий ҳакам аталмиш вақтнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб ўрганган. Зеро, билим сарчашмасидан ёш авлодни баҳраманд этиб келаётган муаллиманинг бугунги мунаввар куни поёнига етсада эртанги нурафшон тонгги яна болалар кулгусига уланиб кетиши шубҳасиздир.

Яна ўқинг:  ҲАМ НАФИСЛИК, ҲАМ САЛОМАТЛИК

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: