КИТОБ БАЙРАМИ – МАЪНАВИЯТ БАЙРАМИ

“Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остидаги Республика “Китоб байрами”нинг Хоразм вилоятидаги тадбирлари қизғин руҳда ўтди. Маънавият байрами бу йил илк бор талабаларни қабул қилишга шай турган Урганчдаги Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов байрам иштирокчиларини маънавият, адабиёт айёми билан муборакбод этди. У ўз сўзида китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси сифатида қадрланиши ва аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, ёшларни миллий истиқлол руҳида тарбиялаш, адабиётга, она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантиришга қўшаётган самарали ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Намунали китоб дўкони

Республикамизда жорий йилнинг апрель-май ойларида ҳар бир вилоятда “Намунали китоб дўкони” кўрик-танловини ўтказиш режалаштирилган эди. Кўрик-танлов арафасида вилоятда фаолият олиб бораётган 21 та китоб дўкони чуқур ўрганилди. Янгидан бунёд этилаётган китоб дўконлари харидорлар учун жуда қулайлиги, ёруғ ва шинамлиги, китоблар кўплиги ва хилма-хиллиги, сотувчиларнинг харидорларга хушмуомаласи билан алоҳида ажралиб туради.

Ушбу “Китоб байрами”да дўконларнинг фото ва китоб кўргазмалари ҳам ташкил этилди. Шунингдек, ушбу тантанада “Намунали китоб дўкони” кўрик-танловига якун ясалди ва кўрик-танлов ғолибларига вилоят ҳокимининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Урганч шаҳридаги “Хоразм маърифати” хусусий корхонасига қарашли “Зиёкор” китоб дўкони I даражали диплом ва компьютер жамланмаси, “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамият Хива тумани филиалининг шу номдаги китоб дўкони II даражали диплом ва телевизор, Боғот туманидаги “Қутлимурод” масъулияти чекланган жамиятга қарашли “Китоблар дунёси” дўкони III даражали диплом ва телевизор билан тақдирланди.

Мангулик жамоли

Ушбу тантанада ўзбек адабиётида муносиб из қолдирган шоир, форсийзабон таржимон ва Хоразм тарихи билимдони, олим Матназар Абдулҳаким хотирасига бағишлаб “Мангулик жамоли” номли ёш ижодкорларнинг кўрик-танлови ҳам ўтказилди. “Замонавий ўзбек адабиётининг билимдони”, “Матназар Абдулҳаким шеърларининг ихлосманди”, “Умидли истеъдод соҳиби”, ”Энг моҳир ёш таржимон” йўналишлари бўйича мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида алоҳида-алоҳида беллашувлар бўлиб ўтди.

Мактаб ўқувчилари ўртасидаги беллашувда Урганч туманидаги 47– мактаб ўқувчиси Раҳима Мадаминова, Урганч шаҳридаги 21 мактаб ўқувчиси Гулҳаё Исмоилова, Янгибозор туманидаги 6-мактаб ўқувчиси Шоҳида Юсупова, Боғот туманидаги 92-мактаб ўқувчиси Диана Абдуллаева ғолиб деб топилди.

Яна ўқинг:  Билмай тикон босганлар

Ушбу йўналишларда коллеж талабалари орасида бўлиб ўтган беллашувда эса Урганч Ижтимоий-иқтисодий маиший хизмат кўрсатиш коллежи талабаси Севинчой Шарипова, Хонқа касб-ҳунар коллежи талабаси Фароғат Қуронбоева, Хонқа Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи талабаси Марҳабо Матчанова, Гурлан Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи талабаси Райҳон Янгибоевалар ғолиб бўлишди.

Олий ўқув юрти талабалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда Урганч давлат университети талабалари Назокат Наримонова, Саодат Собирова, Камола Ўринова ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали талабаси Муяссар Раззоқбердиевалар муносиб ўринларни эгаллашди. Ғолиблар “фахрий ёрлиқ”лар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

– Мен танловнинг “Замонавий ўзбек адабиётининг билимдони” йўналишида қатнашиб воҳамизнинг севимли ижодкорлари билан мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлдим. Ушбу танловга тайёргарлик кўриш даврида, устозларнинг саволларига жавоб бериш жараёнида билимимни янада мустаҳкамлаб олдим, – дейди Урганч шаҳридаги 21-мактаб ўқувчиси Гулҳаё Исмоилова,

– Мен танловнинг ”Энг моҳир ёш таржимон” йўналишида бадиий таржималарим ва техник адабиётга оид мақолаларнинг рус ва инглиз тилидан ўгирилган намуналари билан қатнашдим. Ҳозирги даврда ахборот технологиялар жуда тез суръатларда ривожланиб, юксалиб бормоқда. Шунинг учун бу соҳага келажакда ҳам муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман. Мукофот эса менга қўшимча иштиёқ бағишлайди, – деди Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали талабаси М. Раззоқбердиева.

Дарҳақиқат, ёш истеъдодларнинг ижод намуналари ва чиқишларини кўриб, адабиёт, маънавият, қадрият ўлмаслигига, у янги-янги ёш истеъдодларда қайтадан жамол кўрсатаётганига хурсанд бўласиз.

Ёш рассомлар кўргазмаси

Байрам дастури доирасида ёш истеъдодли рассомларнинг кўргазмаси ҳамда танлови ташкил этилди. Расмларда воҳанинг, қадимий обидалари, миллий қадриятлари, алломаларининг сиймолари, бугунги қайтадан бунёд этилаётган вилоят манзаралари-улуғвор иншоотлар, намунали уйлар, сўлим боғ-роғлар ифодаланган эди. Бир сўз билан айтганда ёшлар ижодида қадимий ва навқирон Хоразм сийрати ва суврати намоён бўлган эди. Шу билан бирга ўз навбатида болаларнинг эл-юртга, миллий қадриятларга, тарихга бўлган муносабати, муҳаббати акс этган эди.

Вилоят ихтисослашган санъат мактаб-интернати ўқувчилари Лобар Отабоева, Шаҳноза Зокирова, Ғуломжон Сапарбоев, Умрбек Солаев беллашувнинг ғолиби деб топилди.

– Мактаб-интернатимизга воҳамизнинг барча туманларидан келган ёш истеъдод соҳиблари йиғилган. Улар муассасамиз ҳузуридаги ётоқхонада яшаб, бу масканда таълим-тарбия оладилар. Уларга барча шарт-шароитлар яратилган. Энг асосийси бу ерда ижодий муҳит мавжуд. Улар бир-бирларининг асарларини кўриб, ўзаро фикр алмашиб ижод қиладилар. Лекин ҳар бирининг ижоди ўзига хос, – дейди мактаб-интернат директори Қуронбой Бекчанов.

Яна ўқинг:  Фарзанди камолида бахтиёрлик нашидаси

Фаол ёш рассомларга вилоят ҳокимлигининг “фахрий ёрлиқ”лари ва эсдалик совғалари топширилди.

Китоб – миллатнинг бебаҳо дурдонаси

Вилоят Ахборот ресурс марказида “Китоб байрами”нинг Хоразм вилояти тадбирлари доирасида “Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси” мавзуидаги илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференцияда Урганч давлат университети доценти, А.Аҳмедов “Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, анжуманда УрДУ доценти, филология фанлари номзоди А.Ўрозбоевнинг “Китобнинг ёшлар тарбиясидаги роли”, вилоят Ахборот ресурс маркази бўлим мудири З. Хўжаниёзованинг тизимдаги янгиланишларни қамраб олган “Кутубхона – бебаҳо маънавий хазина”, “Хоразм” нашриёти директори Б.Бекметовнинг “Воҳада чоп қилинаётган китоблар мазмун-мундарижаси” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, болаларнинг севимли шоири Оллаберган Пўлатовнинг “Қўшиғимсиз болалар”, “Гул шоҳида капалак” каби янги китобларининг тақдимоти ҳам ушбу тадбирларга янада файз бағишлади.

Тафаккур хазинасининг калити

Вилоят Ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган “Китоб-тафаккур хазинасининг калити” мавзусида воҳада чоп қилинган янги китоблар тақдимоти ва ёш муаллифлар билан учрашув байрам тантаналарига йиғилган ёш қаламкашлар, ўқитувчи ва талабалар учун таассуротларга бой бўлди. Тарих фанлари номзоди, доцент Жумабой Раҳимовнинг “Жалолиддин Мангубердининг жаҳон тарихида тутган ўрни” номли китобининг тақдимоти, воҳа қаламкашларининг янги бадиий асарлари тақдимотлари ўтказилди. Тадбир сўнгида вилоятнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, ёш қаламкашлар ижодидан қизғин мушоира давом этди.

Хуллас, Хоразм вилоятида бўлиб ўтган китоб байрами кенг доирада қизғин ва кўтаринки руҳда ҳамда қизиқарли ўтказилди.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: