ОРЗУЛАРГА ҚАНОТ МАСКАН

Республика Бизнес мактаби Навоий минтақавий бўлинмасининг сиртқи ва кечки бўлимларида таҳсил олаётган йигит-қизлар бу ерда яратилган шароитлардан мамнун. 1999 йилда ўз фаолиятини бошлаган Бизнес мактаби 2009 йилдан бошлаб малакали мутахассислар таёрлаш масканига айлантирилди. Икки йиллик ўқув курсларида таҳсил олаётган ёшлар бухгалтерия ҳисоби, бизнесда хўжалик ҳуқуқи, дорихона иши бўйича менежер, менежмент ва мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси каби мутахассисликларга эга бўлишади.

Бир йиллик курсларда эса вилоят саноат корхоналари учун геология, бурғулаш, кончилик, автомашиналарни созлаш, электропайвандлаш каби касб эгалари таълим олишмоқда. Энг муҳими улар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқитилади. Албатта, амалий ва назарий билимларнинг муштараклиги ёшларнинг тажрибаларини янада оширади. Дарсларнинг Навоий кон-металлургия комбинати, Навоий Кончилик институти, йирик саноат корхоналарининг малакали мутахассислари томонидан олиб борилиши ҳам таълим сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. Айни вақтда тикувчилик касби бўйича таълим олган ёшларнинг бўлинма томонидан ишга жойлаштирилиши улар учун яна бир қулай имконият яратади. Жумладан, 22 нафар ёшлар ўз касби бўйича ишга жойлаштирилди.

Мазкур Бизнес мактабининг бир ва икки йиллик таълим жараёнини тугатган йигит-қизларга давлат мақомидаги, таълим стандартларига жавоб берадиган дипломлар топширилади. Уй ҳамширалари, кимёгар-лаборант ва тил ўргатиш бўйича уч ойлик курсларни тугатган ёшларга махсус сертификатлар берилади. Мавжуд тил ўргатиш гуруҳларига 4 ёшдан 45 ёшгача бўлган шахслар қабул қилинади. Уларга Навоий шаҳридаги Академик лицей, Кончилик ва Педагогика институти ўқитувчилари, индустриал иқтисодий эркин зонанинг таржимонлари инглиз, корейс, хитой, француз ҳамда рус тилларини ўргатишмоқда.

– Ўтган йилнинг апрель ойида Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ўтган янги технологиялар бўйича жаҳон кўргазмасида иштирок этиб, чет эллик ишбилармонлар билан вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ўзаро келишувларга эришдик. Мазкур келишувларга асосан жорий йилнинг июль ойида тикув цехи учун Хитойдан янги замонавий машиналар келтирилиб ўрнатамиз. Бу каби саъй-харакатлар натижасида яна қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилади, – дейди таълим даргоҳи раҳбари Шаҳноза Умарова. – Тикув цехида тикиладиган турли миллий либослар, спорт кийимлари, кўрпа, ёстиқ, чойшаблар харидоргир. Маълумки ҳар бир ишлаб чиқариш тури замон билан ҳамнафас одимлаши шарт. Ана шундагина инсон кўзланган мақсадига эриша олади.

Яна ўқинг:  Ёз: сузиш ҳавзалари сизни чорламоқда

Келгусида ҳар мавсумга мослаштирилган эркаклар, аёллар ва болалар кийимларини тикиш борасида изланишлар олиб бораяпмиз. Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Мазкур Бизнес мактабида Рустам Қўлдошев, Нурбек Полвонов, Охунжон Сайфиддинов, Ҳалима Чинмирзаева, Юлдуз Қурбонова каби ўз касбининг фидойилари ёшларга сабоқ бериб келишяпти. Бунинг натижасида ҳар йили ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда 600 нафарга яқин мутахассис 24 та йўналиш бўйича ўқув курсларини битиради. Ўз касбининг сир-асрорларини мукаммал эгаллаган ёш мутахассислар келажакда юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшишга ишончимиз комил.

И.ХОЛБОЕВ, А.НОРБОЕВ,

Навоий вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: