Эъзоздаги инсон

Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги ҳам яқинлашмоқда. Ўтган асрда бўлиб ўтган ана шу қирғинбарот урушда ўзбек халқининг ҳам кўплаб навқирон фарзандлари душманга қарши олиб борилган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар. Бўлиб ўтган ана шу уруш қарийиб ҳар бир ўзбек оиласида ўзининг аянчли асоратини қолдирди.

Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида мамлакатимиз тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий соҳаларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Истеъфодаги капитан, уруш ва меҳнат фахрийси Қодир ота Эрназаров ана шундай эъзозли қариялардан бири. Қодир оға урушнинг бутун заҳматларини бошидан кечириб, ўзи туғилган заминга қайтиб келди. Уруш вақтида анча қашшоқлашган ота-онасининг хўжалигини тиклашга ёрдамлашди.

Кейинчалик тарих фанига бўлган қизиқиши уни собиқ Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) даргоҳига етаклаб келди. Ўшанда 1948 йилнинг сентябрь ойи эди. Қабул имтиҳонлари ва танловлари тугаган, даргоҳда ўқув жараёнлари аллақачон бошланиб кетганди.

Университет ректори Қодир оғанинг аввал ўқитувчилар институтини тугатганини ва уруш қатнашчиси эканлигини эътиборга олиб, тарих факультетига ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

1953 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетини имтиёзли диплом билан тугаллагач уни факультетлараро тарих кафедрасида ўқитувчи қилиб қолдиришди. У фаолиятининг асосий қисмини шу олий даргоҳда тарих фанидан талабаларга сабоқ бериш билан ўтказди.

Кейинчалик Қодир ота тажрибали тарихчи-олим сифатида, ўзининг 85 ёшигача Тошкент юридик институтида ёшларга тарих фанидан таълим-тарбия бериб, устозлик бурчини шараф билан адо этди. Эндиликда устознинг шогирдлари ҳам фахрийлар сафида. Бундай нурафшон, тинч-осойишта кунларга етказгани учун Оллоҳга шукроналар айтиб, рафиқаси Раъно опа билан фарзандлари, невара-чеваралари қуршовида бахтли ҳаёт кечиришмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллионга яқин аҳолининг 1,5 миллиондан зиёди фронтга кетган. Ўша даҳшатли урушда 500 мингга яқин юртдошимиз ҳалок бўлган, минглаб норғул йигитлар бедарак йўқолган.

Бу йил 90 ёшни қаршилаган бўлсада ҳали ҳам бардам, тетик. Хотира ва Қадрлаш куни яқинлашган сари Қодир оғанинг хотираларини эшитиб, суҳбатидан баҳраманд бўлишга иштиёқманд ёшлар янада кўпаймоқда. Отахон ҳам уларнинг чақириқларига, таклифларига “лаббай” деб, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ҳузурига ошиқади.

Яна ўқинг:  Меҳр – муносиб ҳадя

– Бугун юртимизда тенгсиз ўзгариш ва янгиликлар юз кўрсатган, халқимиз ўз қўли билан буюк келажагини яратаётган экан, бунинг замирида, энг аввало, тинчлик ва осойишталик ётгани ҳеч кимга сир эмас, – дейди фахр билан Қодир ота Эрназаров.

– Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Мен ҳар йили 9 май куни “Шаҳидлар ҳиёбони”га бориб, урушда ҳалок бўлганларни эслаб, уларнинг руҳларига Оллоҳдан мадад сўрайман….

Биз уруш ва меҳнат фахрийси, “Жасорат” медали ва “Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медалининг соҳиби Қодир ота Эрназаров билан суҳбатлашиб қайтар эканмиз, унинг сўзларида Кексаларни эъзозлаш йилида фахрийларга кўрсатилаётган алоҳида чексиз ғамҳўрликлари учун Юртбошимизга билдирган миннатдорчилигининг чеки йўқлигини ҳис қилдик. Бундай нуроний отахонларнинг сермазмун ҳаёт йўли эса ҳар бир ёш учун ибратдир.

Феруза РАЗЗОҚОВА

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: