Хотирангиз фаол бўлса, вақтингизда тежам, ишингизда унум бўлади

Айрим ҳолларда кўча‑кўйда кимнидир кўрганингизда кўзингизга жуда таниш кўринади‑ю, аммо қаерда учратганингизни эслолмай қийналасиз. Ёки ўз уй телефон рақамингизни ҳам бир неча дақиқа давомида хотирлолмай хунобингиз ошган пайтлар ҳам учраб туради, тўғрими? Хўш, хотирани мустаҳкамлаш, диққатни жамлаш учун нималарга эътибор бериш керак?

Дангаса бўлманг!

Ялқов одамнинг хотираси ҳам суст бўлади. Ниманидир эслаб қолиш истаги кучли бўлсагина, фикрларингизни бир жойга тўплай оласиз. Ниманидир эслолмасангиз: ҳисоб рақами, бирор сўзнинг мазмуни, хонандалар исми, яқинларингизнинг телефон рақами, – дарров ён дафтарчангиз, телефон китобчаси ёки интернетдан излашдан олдин бир неча дақиқа ўзингиз эслаб кўришга ҳаракат қилинг.

Мутолаа – сизга кўмак беради

Ҳар куни бир неча саҳифа бўлсада, мутолаа қилишга эринманг. Қизиқарли китоблар ўқинг, ўқиб тугатганингиздан кейин асарнинг қизиқарли сюжетидан парча ва қаҳрамонларнинг исмларини ёзиб қўйинг.

Орадан анча вақт ўтгач ҳам бу ёзувларни қайта ўқисангиз, асар воқеалари яна эсингизга тушади. Бу нафақат хотирангизни машқ қилдиришга, балки атрофдагиларга ҳам ўз билимдонлигингиз билан кўмаклашасиз: дейлик, Алпомишнинг оти номини эслаб қола олмайдиган одамлар ҳам учраб туради. Сизнинг ён дафтарчангизда эса буларнинг бари ёзиб қўйилган.

Ҳаракатдан тўхтаманг!

Кўпроқ ҳаракат қилинг. Шўх мусиқаларга рақсга тушинг, спорт билан шуғулланинг. Жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилайди, асаб тизимини фаоллаштиради, идрок қилишни таъминлайди. Айниқса, спортнинг югуриш тури хотирангиз мустаҳкам бўлишига, маълумотларни қайта тиклашингизга кўмак беради.

Машҳурлар исми билан таққосланг

Агар сизга биронта кишини таништиришса, уни эсда қоларли бирон машҳур шахс номи билан таққосланг. Дейлик, Нодира исмли қиз. Нодирабегимнинг номи билан эслаб қолинг.

Такрорлаш энг яхши усул

Бундан яхшисини тополмайсиз. Айниқса, мунтазам шеър ёдлаш хотирангизни мустаҳкамлайди. Фақат кетма-кет беш марта эмас, беш кун давомида бир мартадан такрорлаш ижобий самара беради. Яхшиси, ётиш олдидан такрорланг.

Тўғри овқатланинг

Балиқ, денгиз маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари, ёнғоқ, кўкат ва сабзавотлар хотирани тиклашга яхши фойда беради. Асосийси, витамин ва минералларга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг.

Хориж тилларини ўрганинг

Хориж тилларини ўрганиш ҳаётингиз ва ишингизда фойда берибгина қолмай, хотирангизни янада чархлайди.

Тасаввур қилинг

Хотираси ўткир кишиларнинг кўпчилиги воқеаларни тасаввур қилиш орқали эслаб қолишади. Дейлик улар рақамларни ҳайвонлар тимсолида тасаввур қилишади. Ёки ўсимликлар, жонсиз предметларнинг номлари билан ёдлаб қолишади. Масалан; икки – лайлак, бир – симёғоч, олти – қулф ва бошқалар. 333-18-10 телефон рақамини эслаб қолмоқчисиз? Ушбу рақамлар билан бирон воқеа ҳам тузиб олишингиз мумкин. Сиз ҳам бир ҳаракат қилиб кўринг. Учта қалдирғоч устунга қўниб, лайлакни кузатишди. У ҳам бошқа бир устунда ўтириб, ён-атрофига назар солаётган эди.

Яна ўқинг:  Қўҳна кандакорликнинг янги ҳаёти

Дона‑дона қилиб гапиринг

Бирон воқеа ёки янгиликни сўзлаб бераётганингизда кичик паузалар билан (3 сония меъёрида) образли қилиб гапиринг. Шунда тингловчининг ёдида яхши қолади. Аксинча, эслаб қолишларини истамасангиз, тез‑тез гапиринг.

Машқларни бажариб кўринг

Қўлингизга қоғоз олиб хоҳлаган саккизта сўзни ёзинг. Кейин қоғозга қарамасдан сўзларни кетма-кетлик билан қайтаринг. Кейинчалик бу сўзларнининг сонини кўпайтириб боришинингиз мумкин;

Ҳарид учун отланишдан олдин керакли маҳсулотларнинг рўйхатини тузиб чиқинг. Рўйхатни икки‑уч марта такрорланг. Дўкондан маҳсулотларни олгач, касса олдига борганингизда рўйхат билан яна бир марта солиштириб кўринг;

Нарса‑буюмларнинг расми кўпроқ тасвирланган биронта журнални олинг. Унга 15‑20 секунд синчковлик билан қараб туринг. Кейин эсингизда бор буюмларнинг номини қоғозга ёзиб чиқингда, журнал билан солиштиринг.

Ҳар куни камида 10 дақиқа турли бошқотирма, кроссвордлар тўлдиришни одат қилинг. Кичик математик масалалар ечинг. Хуллас, миянгизни ишлашга мажбур қилинг. Шунда албатта диққатингизни жамлаб, хотирангизни тиклашга эришасиз.

Наталья ГУДКОВА,

руҳшунос

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: