Эзгулик улашган карвон

0
7
марта кўрилган.

Саломатлик” поезди Навоий вилоятида сафарда бўлди

 

Инсоният яралибдики, бир-бири билан мулоқотга киришиб, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга интилган. дўстлик, ҳамжиҳатлик билан умргузаронлик қилган. ўзбек халқи ҳам тарихан шаклланиш жараёнида бағрикенглик, бирдамлик, тотувлик ва меҳр-мурувват туйғуларини муқаддас қадрият сифатида эъзозлаган. беморлар ҳолидан хабар олиш, ночорларга ёрдам қўлини чўзиш элимизнинг азалий урф-одатларидан бўлиб келган.

Бугун ҳам халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни камол топтириш йўлида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳрга ташна инсонлар ҳолидан хабар олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Узоқ йиллардан буён юртимизнинг чекка ва олис ҳудудлари аҳолисини қамраб олаётган “Саломатлик” поезди лойиҳаси фикримизнинг яққол исботидир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу акция бу гал Навоий вилоятида бўлди. Поезд юртимизнинг чекка ва экологик ноқулай ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Тошкент – Тинчлик – Конимех – Кара-ката – Мустақиллик – Бузоубой – Учқудуқ II–Тошкент йўналишида ҳаракатланди.

Жонкуяр шифокорларнинг олис сафарда ҳормай-толмай хизмат қилаётганини кўриб, дилинг яйрайди. Шаҳаргача бир неча юзлаб километрлик масофа борлигини инобатга олсак, маҳаллий аҳоли уй юмушларидан ортиб, тиббий кўрикда қатнашиши, уларнинг тиббий саводхонлиги юксалиб бораётганидан далолат беради. Шу ўринда буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг “Онаси вужудидаёқ гўдакни қил эҳтиёт, унга бирор офат етмай, туғилсин у барҳаёт” деган сатрлари хаёлимизга келади.

Тиббий кўрик давомида беморларга аниқ лаборатория таҳлиллари ҳамда замонавий текширув усулларига таянган ҳолда ташхис қўйилди. Жумладан, ушбу “Саломатлик” поезди доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1 минг 923 нафар фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар томонидан касаллиги аниқланган беморларга соғломлаштириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Поездда тиббий кўрик учун зарур бўлган барча тиббий асбоб-ускуналар мавжуд, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ соғлиқни сақлаш хизмати бош педиатри Малика Тиллаева. – Тиббий-кўрик давомида катта ёшдаги фуқаролар ўртасида турли хасталиклар, яъни юрак-қон томир, асаб ва эндокрин, нафас олиш тизими, таянч ҳаракат тизими хасталиклари аниқланди. Бемор болалар ва ўсмирларга амбулатор шароитда, шунингдек, туман ва вилоят миқёсидаги шифохоналарда стационар даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Кўрик давомида айрим болаларда эндокрин тизими касалликлари (эндемик бўқоқ), камқонлик, аллергик хасталиклар ва моддалар алмашинувининг бузилиши (рахит) аниқланди. Жумладан, тиббий кўрикдан ўтганларнинг 642 нафарини аёллар (улардан 445 нафари туғиш ёшидаги аёллар), 213 нафарини болалар ва ўсмирлар ташкил этди. Шунингдек, 98 нафари кексалар, 39 нафари имконияти чекланган фуқаролардир.

Яна ўқинг:  Мурувват кўнгилдан бошланади

Тиббий-кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезд шифокорлари, фонднинг Навоий вилоят ҳудудий филиали тиббий ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари томонидан амалга оширилди.

Мурувват юкларининг биринчи манзили “Тинчлик” темир йўл бекати бўлди. У ерда Навоий шаҳри, Навбаҳор, Нурота, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа туманлари аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари топширилди. Меҳр-мурувват “карвони”нинг дебочаси бўлмиш ушбу бекат, Тинчлик қўрғони, Конимех, Томди, Учқудуқ туманлари ва Зарафшон шаҳрининг чекка ва олис манзилларига уланди.

– Сафар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган кишиларга манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Навоий вилояти филиали раҳбари Марҳабо Юлдашева. – Шу билан бир қаторда тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси орқали марказий ва болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари ҳамда болалар махсус мактаб-интернатларига хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббиёт жиҳозлардан иборат юклар темир йўл бекати тиббиёт пунктлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, қишлоқ врачлик пунктлари, туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказлар ҳамда фонднинг таянч масканларига топширилди. Шунингдек, 6 та ногиронлик аравачаси ногиронлар ва боқувчисини йўқотган фуқароларга манзилли етказилиб берилди.

Ушбу инсонпарварлик юкларини ўз эгаларига топшириш фонднинг Навоий вилояти минтақавий таянч масканлари ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар ва туман бўлими вакиллари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Сафар давомида 2 минг 425 нафар фуқарога 491 миллион сўм миқдоридаги озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий жиҳозлар, санитария-гигиена воситалари, оёқ кийимлар, буклет, тиббий анжом, ортопедик мослама, ногиронлик аравачаси, ҳасса, уй рўзғор буюмлари, ўйинчоқ ва китоблардан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Сафаримиз поёнига етиб, поезд азим Тошкент сари йўлга чиқди. Биз ҳали бу манзилларга, албатта, қайтамиз. Ўшанда ҳам чеҳрасида мамнуният балқиб турган, ҳар томонлама соғлом ва кенг фикрли инсонлар бизни ёруғ юз билан кутиб олади. Атрофимиз дуркун улғаяётган жажжи авлоднинг шўх қийқириқларига тўлиб тошади. Зеро, “Саломатлик” поездининг ўз олдига қўйган асосий мақсади ҳам шу аслида.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Тошкент – Навоий – Тошкент

Яна ўқинг:  Шериклик оши

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.