Мутолаа маънавий камолотга етаклайди
Етти ёшли ўғлимнинг бехосдан айтган сўзини яхши эшитсам-да, қулоғимга ёқимли жаранглагани боис, фикрини такрор сўрадим. У бўлса, беғубор кўнглидаги иқрорига изоҳ берди:
– Одамлар ниманидир ўргангиси келса китоб ўқишади-ку. Сардор акам, опажоним, сиз, дадам. У барча нарсани тўғри ўргатади. Демак, у ҳеч ҳам ёлғон сўзламайди. Шундайми, Ойижон!
– Ҳа, шундай, – дея ўғлимнинг хулосасидан кўнглим тоғдай кўтарилиб, бошини аста силадим. Унинг жажжи кўнглида илмга, эзгулик ва тўғрисўзлликка, ватанпарварлик ва ҳалолликка етакловчи ягона куч – китобга меҳр уйғониб бораётганидан севиндим.
Ҳа, боболари тунларни тонгларга улаб китоб битган бу юртнинг бугунги авлодлари аждодлар қолдирган бой меросни маҳкам тутган ҳолда замон билан ҳамнафас одимламоқда. Давлатимиз томонидан илм олишга, ёшларнинг билимини оширишга қаратилаётган шарт-шароитлар ҳам бунга замин бўлмоқда.
Яқинда пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган “Китоб байрам”и том маънода маънавият байрамига айланди. “Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор” шиори остида ўтган мазкур тадбир Ўзбекситон матбуот ва ахборот агентлиги ва бир қатор тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мамлакатимизда бугунги кунда 100дан зиёд нашриёт, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳузурида 50 га яқин ноширлик бўлимлари, 1700дан зиёд матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан ўтган 2015 йилда 50 миллион нусхада адабиётлар чоп этилди.
Ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантиришга, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати ошди.
Халқимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришда “Китоб байрами”нинг ўрни ортиб бормоқда. Ушбу тадбир давлатимиз томонидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда ўз самараларини бераётир.
Мазкур тадбирнинг ўтказилишида халқ маънавиятини юксалтириш, адабиёт, маънавият, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш, ёш авлод онгу шуурига миллий мустақиллик ғояларини сингдириш ва уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш каби мақсадлар муштараклигини кўрамиз.
– Бугунги кунда нашриётимиз томонидан чоп этилаётган асарлар аввалги йилларга қараганда бир мунча салмоқли, – дейди “Академнашр” нашриёти директори Санжар Назаров. – Ўтган йили Туркманистонда ўтказилган халқаро танловда “Энг яхши бадиий китоб” йўналишида нашриётимизнинг ижод намунаси ғолиб бўлди. Бу эса ана шундай тадбирларнинг самараси дейиши мумкин.
Истироҳат боғининг турли ҳудудларида ташкил этилган махсус майдонларда байрамга ташриф буюрганлар учун нашриётларнинг янги китоблари тақдимоти, адиб ва шоирлар, китоб графикаси бўйича рассомлар, муҳаррирлар билан ижодий учрашувлар ўтказилди. “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби мавзуларда викториналар, ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Шунингдек, ёзувчи ва шоирлар, халқ артистларининг ижодий чиқишлари ва улар билан уюштирилган суҳбатлар ёшлар учун катта маҳорат мактабига айланди.
Тадбирга келган китобхонларни кузата туриб, китоб мутолаа қилиш нафақат ёшларимиз, балки каттаю кичикнинг бирдек севимли машғулотига айланиб бораётганини ҳис этдик.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг мажлислар залида “Китоб миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси” мавзусида IV илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда ноширлик фаолиятини қўллаб қувватлаш, соҳада эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
М. ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири