Қиз боланинг қадрини ҳаёси оширади

Маршрут йўналишидаги микроавтобусда кетаётгандим, рўпарамдаги йигит опажон, майлими ўрин алмашсак, деб илтимос қилди. Эътироз билдирмадим. Янги жойга ўтиб, қаршимдаги қирқ ёшлардаги оппоққина аёлга кўзим тушгач, илтимос сабабини англадим. Аёлнинг тиззасидан бир қарич юқорида турган юбкаси унинг қоматига асло мос келмасди. Ниҳоятда кенг ўйилган бурмали тўр кофтасининг очиқлиги киши ғашини келтирарди. Ўзи эса телефонда “чақчақ”лашиш билан овора.

Наҳотки, бир оиланинг бекаси, эҳтимол бўйи-бўйига тенг ўғлию қизи ҳам бўлган аёл бу қадар очиқ-сочиқ кийинишни ўзига эп кўрса?! Ўзи шундай бўлса, қизи қандай экан? Ахир аёлни миллат тарбиячиси деймиз. У телефондан чал­ғиган чоғида кўзим билан йиғилиброқ ўтиринг, дегандек ишора қилдим. Аёл бир ижирғанди-ю оёқларини йиғиб, устига сумкасини қўйди. Ёшроқ бўлганида икки оғиз тахирроқ сўз айтган бўлардим. Аммо… аёлга ҳеч нарса деёлмадим. Бироқ ич-ичимдан бир туйғу унга, унинг кийиниш одобига қарши ғалаён қиларди.

Балки кийиниш «маданияти» билан эркакларни ҳам хижолатда қолдирган бу аёл мен ўйлаганчалик ибосиз эмасдир. Лекин одам ҳақидаги илк тасаввур унинг кийи­мига қараб пайдо бўлади.

Бир дугонам ўғлини уйлантириш учун бир йилга яқин қиз ахтарди.

– Келин топиш шунчалик қийин­ми, ахир кўча тўла қиз-ку, – дедим тоқатим тоқ бўлиб.

– Мен ҳам шундай деб ўйлардим. Бири-биридан чиройли қизларга ҳавас билан қарардим. Аммо келин танлашнинг ўзига хос талаб ва ўлчовлари бўлар экан. Келинликка ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизни биладиган қизни излаяпман. Мен ўзимни анча замонавий аёл деб ҳисоблайман. Аммо, тор-танқис кийимда бутун вужудини кўз-кўзлаётган шим кийиб, пардоз-андозга берилган қиздан яхши келин чиқишига ишонмайман.

– Булар ҳали ёш, яхши кийингиси, чиройли кўрингиси келади. Келин қилиб олгач, аста-секин тарбиялаб, йўриғингизга солиб оласиз, – дедим маслаҳат оҳангида.

– Фикрингизга қўшиламан. Қайнонанинг уйи ҳам ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди. Аммо… Яқинда шундай воқеа юз берди. Маҳалламизнинг намунали, обрўли хонадонларидан бирининг соҳиби Қодир ака кенжа ўғлига келин олди. Келин бўлмиш чилласи чиқар-чиқмас антиқа кийимларда ҳовлига чиқиб, супир-сидир қиладиган бўлибди. Қодир ака аввал хотинига айтибди. Аммо, келин қайнонасининг гапига ҳам, овсинининг маслаҳатига ҳам парво қилмабди. Қайнотасининг танбеҳидан сўнг эса аразлаб уйига кетиб қолибди. Биз қизнинг онасини маҳалла қўмитасига чақирдик. Онанинг ўзи ҳам анчагина замонавий аёл экан. Биласизми нима деди:

Яна ўқинг:  Устозлар дийдори азиз

– Қизим оёқ-қўлли, саранжом-саришта. Ҳамма ишни тиндиради. Калта-култа кийим кийди, деб уни ёмонотлиқ қилолмайсиз. Уйда шунга ўрганган. Бир кун, ўн кунда ўрганган одатидан кечолмайди. Бир яхши ярашиб турган бўлса, нега сизларга ёқмайди ҳайронман. Замонига ярашада, деди у тутоқиб.

«Эркалатса онаси, талтаяди боласи» деган мақолнинг исботи шу эмасми?! Аммо, куёв томон ҳам ўз сўзида туриб олди. Битта шу кийим можароси туфайли ёш оила барбод бўлди. Шундай экан ишни бошдан пухта қилганимиз тузук. Одоби-одобимизга, диди-дидимизга мос оила билан қуда бўлган яхши.

Ўйланиб қолдим. Чиндан ҳам ўзлигимизни, маънавиятимизни биринчи намойиши эгнимиздаги либосларимиз экан. Замон қанчалик ривожланмасин дидимиз менталитетимиздан, шарқона ахлоқ-одобимиздан йироқлашишни маъқулламайди. Айни вақтда бозорларимизни, савдо дўконларини сездирмасдан «оммавий маданият»ни кўнглимизга, хонадонимизга олиб кирувчи ғарбона либослар эгаллаб олган. Кимдир уни сифатли газламасига, кимдир ҳамёнбоп нархига, яна кимдир «моднийлиги»га қизиқиб харид қилади. Афсуски, ҳеч ким бу кўйлакни кийсам атрофдагилар қандай қараркан, уйдагилар нима дер экан, деган андишага бормайди.

– Анвар, Наргиз жуда яхши қиз. Бир неча йилдан буён бирга ишлаяпсизлар. Шу қизга совчи қўйсанг бўлмайдими? – сўрадим ҳамкасб йигитдан.

– Мен ҳам бу ҳақда ўйладим. Ойим билан синглимга таништирдим. «Анча пўрим қиз экан. Бувинг рози бўлмайди», дейишгач ўйланиб қолдим. Оиламиз катта. Бобом, бувим ўта замонавий либосларни унча қабул қилишолмайди, – деди у хижолатомуз.

– Сенчи, сен қабул қила оласанми?

– Мени бобом тарбия қилган…

Айни бўй етган пайтимда чеварга енгсиз кўйлак тиктириб келдим.

– Қани кўйлагингни кийиб чиқ-чи, деди бувим. Кўйлак чиройимни очиб юборди.

– Бўлмайди, еч. Бунақа кўйлакда кўчага чиқмайсан. – Бувим тўнини тескари кийиб олди. Мен йиғлаб юбордим.

– Қизим, биласанми булбул ғунчага нима учун куйиб-ёниб роз айтади. Сирлилиги, ёпиқлиги учун. Сен ҳам ҳаё ва ибо пардасига ўралган ғунчасан. Қиз боланинг бор гўзаллиги, қадр-қиммати унинг ҳаё ва ибосида.

Ҳа, ўзлигини англаган, ўзини, миллатини ҳурмат қилган ҳар қайси одам бундай очиқ-сочиқ кийинишни маъқулламайди. Чунки, биз ибо маликалари – ўзбек момоларнинг авлодларимиз. Кейинги пайтларда пешма-пеш намойиш қилинаётган чет эл сериаллари, ёмғирдан сўнг чиққан қўзиқориндай кўпайган маза-матрасиз қўшиқларга ишланган клип «қаҳрамон»ларидан ёшлар нимани ўрганади? Бу медиамаҳсулотларнинг асосий томошабини бўлган ўсмирлар уларга ўхшашга интилмайди, деб ким кафолат беради.

Яна ўқинг:  Кичкинтойларнинг катта мусобақаси

Аммо биз дунё тамаддунига жуда катта ҳисса қўшган маданиятли, маънавиятли халқмиз. Биз бундай безотлардан ўрганишга муҳтож эмасмиз. Бироқ, ёшлик ғўрлик, дейди халқимиз. Уларни назорат қилиш, тарбияга чорлаш катталарнинг вазифаси. Миллатнинг биринчи белгиси унинг ахлоқидадир.

Балки мен куйинчаклик билан айтаётган бу гаплар кимгадир эски мавзу бўлиб туюлар, ҳадеб кийиниш одоби ҳақида гапириш шартми, деб ўйлар. Менимча шарт. Саккизта болани оқ ювиб, оқ тараб, жамият учун фойдали кишилар қилиб тарбиялаган онам, болам айтганимни қилмади, деб ўз ҳолига ташлаб қўйма, бир марта эмас, ўн марта гапир. Ўн беш марта гапир, биттаси бўлмаса биттаси қулоғида қолади. Тарбияда таътил ҳам, дангасалик ҳам ярашмайди, дейди ҳамиша.

Онажонимнинг фарзанд тарбияси борасидаги теран фикрлари бизни ҳамиша огоҳликка чорлаб туради. Отанинг ўғлига, онанинг қизига ибрат бўлиши ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди, шундай эмасми?

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: