“Темур тузуклари”: ҳикматлар ва ҳақиқатлар

Манбалардан маълумки, Амир Темур давлатни бошқаришда, аввало, мамлакатнинг осойишталиги, раъиятнинг ижтимоий аҳволи, шунинг баробарида салтанатнинг собитлиги уни бошқарувчилар донолигига боғлиқлигини яхши англаган.

Шундан келиб чиққан ҳолда давлатни бошқаришда кенгашларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор берган ва пири Зайниддин Тойбодийнинг қуйидаги пурҳикмат сўзларига доимо амал қилган: “Кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан салтанат бошқаришда машварат-у маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб пушаймон бўлмагайсан”. Соҳибқирон ўз “Тузуклар”ида ҳам бу маслаҳатларга риоя қилганини билдириб, “Бу мактуб менга йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилди. У менга салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтиришни англатади”, дея ифода этади. Шуни назарда тутган ҳолда “Тузуклар”да юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри кенгаш билан амалга ошириш мумкинлиги алоҳида таъкидланади.

Буюк Соҳибқирон салтанатни барпо этиш ва мустаҳкамлаш ишларини қурултой чақиришдан бошлайди. Аҳамиятлиси, бу каби тадбирларда бобокалонимиз ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор берган. Хусусан, “Тузуклар”да айтилишича, махсус салтанат саройида ўтириш тузуги ҳам мавжуд бўлган ва унда барча мансабдор шахслар ва табақаларнинг мажлис вақтида ўтириш жойи белгилаб қўйилган.

Ушбу қоидага кўра сайидлар, қозилар, уламо, фузало, машойих ва бошқа олий табақага мансуб кишилар амир тахтининг ўнг томонидан, амирул умаро, беклар беги, амирлар, сардорлар, шунингдек, ўнбоши, юзбоши ва мингбошилар мансаб даражаларига қараб тахтнинг сўл томонидан, девонбеги, вазирлар ва уларнинг ортидан баҳодирлар – тахт орқасидан ўрин олишган. Бундай тартиб-интизомни тўрт амир назорат қилган. Уларни “салтанат қўрғонлари” деб аташган.

Яна бир эътиборли жиҳати, Амир Темур ўзига хайрихоҳ беклар, амирлар, улус бошлиқлари билан бирга душман кўзи билан қараган амирларни ҳам қурултойга чорлайди. Соҳибқирон шу тариқа кучдан кўра ақл ва тадбир билан иш кўришни, муроса-ю мадора орқали душманни дўстга айлантиришни маъқул кўради. Бу ҳақда “Тузуклар”да шундай дейилади:

Гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгаш-у тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир”.

Соҳибқирон ҳарбий юришларни ҳам кенгаш билан бошлаган, аввал сулҳ йўлларини излаган, бу борада дипломатик алоқалардан унумли фойдаланган, маслаҳатчиларининг гапларига қулоқ тутган. “Тузуклар”да айтилишича, “Амирларим агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг наф ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган (турумсиз) кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиғган бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.

Яна ўқинг:  Касбдан топилган бахт

Бу сўзлардан улуғ Соҳибқироннинг нақадар кучли шахс, донишманд, оқил саркарда, етук давлат арбоби эканини англаш қийин эмас. Эътиборлиси, бу ҳикматли сўзлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, яна минг йиллар дунёнинг барча давлатлари етакчилари учун дастуриламал бўлишга арзигулик.

Манбаларда айтилишича, Амир Темур ўз салтанатини асосий тўрт вазир ва сарҳадларда ушбу вазифаларни бажариш учун тайинланган уч вазир, жами етти вазир орқали бошқарган. Ҳар бир вазирнинг вазифаси аниқ кўрсатиб берилган.

Вазирлар тизимининг ўзига хос томонларидан бири шу эдики, вазирлардан иккитасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилган бўлиб, улар ҳар қандай шароитда ҳам Соҳибқироннинг хатти-ҳаракатларини кузатиб бориши, уни доим тўғриликка даъват этиши, ҳар қандай шароитда ҳам адолат мезонларидан четга чиқишига йўл қўймаслиги лозим эди. Улар Темур фаолиятини муттасил равишда синчковлик билан кузатиб, унга ҳақ гапни айтишдан асло чўчимас эдилар. Чунки Амир Темур доно вазирларни энг тўғри чора-тадбирлар қўллаб, давлатни тартиб-интизомга келтирувчи шахс сифатида қадрларди.

Соҳибқирон фаолиятига назар ташларкансиз, у кўз олдингизда етук давлат арбоби, моҳир саркарда, олиму фузалолар ҳомийси, бунёдкор, адолат ва тинчлик тарафдори, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган йирик шахс сифатида гавдаланади. Унинг “Тузуклар”га жо бўлган ҳикматлари эса ҳар қандай одамга йўлчи юлдуз янглиғ таъсир қилади, инсонни юксалтиради, улуғ ишларга ундайди…

 

Муҳаммаджон ҚУРБОНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: