Донорлик – инсонпарварликнинг юксак намунаси

Боланинг бегонаси бўлмайди. Бу мурғак қалбнинг шодон кулгиси учун дунёни бахшида этсанг арзийди.

Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлайди. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор бир дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи. Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта донорлар кўмагига муҳтож.

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида айни пайтда шу турдаги касалликлар билан оғриган юзлаб болалар даволанмоқда. Улар қалбида эзгуликлар жўш урган инсонлар – донорлар мурувватини кутиб яшамоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий хайрия акциясини ўтказди.

Ушбу йирик лойиҳа “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналари ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қу­йиш илмий-текшириш институтида ўтказилди. Мазкур беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож бемор болаларга жон бағишлаш, уларнинг ҳаётга қайтишларига ёрдам бериш, оғир бемор болаларнинг умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш, бу ёруғ дунё гўзалликларига интиқ кўзларга нур ато этиш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган мингдан ортиқ юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар. Жумладан, Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтда бўлиб ўтган ана шундай акцияда иштирок этиш учун юзлаб фуқаролар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди.

Мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда юқори. Ҳар куни минг­лаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Бугун юртимиздаги бутун аҳолининг 0,4 фоизгина қон топширади. Ривож­ланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4 фоизни ташкил қилади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса донорлар аҳоли сонининг камида 1 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаган. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимизда беғараз донорликни ривожлантириш, унинг аҳамиятини кенг омма ўртасида тарғиб қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади ва йилига икки марта хайрия акциялари ўтказишни анъанага айлантирган. 

Қон бериб, беморлар ҳаётини сақлаб қолган донорнинг қалб ифтихорини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Акцияда фуқаролар бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширдилар, улар инсонпарварлик ва меҳр-шафқат кўрсатган ҳолда мамлакат аҳолиси саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшдилар.

Яна ўқинг:  АСОСИЙ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ РЎЙХАТИ

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: