“Кичик дорихона” ёки қовоқнинг шифобахшлиги ҳақида

Қовоқнинг кимёвий таркиби бой ва турли-тумандир. У кўпгина витаминлар ва минерал моддаларнинг миқдори бўйича анчагина сабзавотлардан устун туради.

Ушбу полиз экинидан тайёрланган таомларни истеъмол қилганда организм етарли миқдорда макро ва микроэлементлар, витаминлар билан таъминланади.

Болажонлар суйиб истеъмол қиладиган қовоқ В1 витамини углеводлар алмашинувида иштирок этади. Унинг етишмаслиги асаб тизими, “бери-бери” хасталиги ва юрак-қон томири тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади. В2 дармондориси (рибофлавин) турли ферментларнинг таркибига кириб, организмда кечадиган реакцияларда иштирок этади. Унинг етишмаслигида ангуляр стоматит кузатилади.

В6 витамини (пиридоксин, пиридоксал, пиридоксамин) оқсиллар алмашинувида иштирок этади. Ушбу витаминнинг етишмаслигида болаларда асаб толаларининг тортишишлари ва дерматит (тери яллиғланиши)лар ривожланади.

В9 витамини (фолий кислотаси) – оқсиллар, холинлар алмашинувида иштирок этади. Қовоқ таркибида қаришнинг олдини оладиган моддалар бўлади. Шунингдек, унда жинсий безлар фаолиятини оширувчи Е витамини мавжуд. Пўстлоғида эса кўп миқдорда пектин ва клечатка (дағал тола) бор. Унинг уруғларида липидлар, оқсиллар, витаминлар ва минерал тузлар кўп. Эндокрин тизимига ижобий таъсир этиши ва овқат ҳазм қилиш жараёнларини яхшилаши сабабли ҳам қовоқ ўзига хосдир. Яна унинг калорияси паст бўлганлиги учун ҳам ортиқча вазнли беморлар учун фойдали ҳисобланади. Йўтал безовта қилганида ва сил касаллигида қовоқ шарбати ёки хом пўстлоғи қўлланилади. Қовоқдан тайёрланган бўтқа бронхитда ва ҳароратни туширишда ёрдам беради. Яна бу полиз экини В12 витаминининг синтезида иштирок этади. Меъда ости безига ижобий таъсир этганлиги сабабли қовоқ таркибидаги кобалть моддаси инсулиннинг ҳосил бўлишида иштирок этади.

Қовоқ таркибидаги йод, фтор каби моддалар айниқса, организм учун фойдали. Унинг уруғида 50 фоизгача ёғ мавжуд. Этида А, С, В1, В2, РР витаминлари ва каротиноидлар, углеводларнинг миқдори сабзига нисбатан 5 марта ва қорамол жигарига нисбатан 3 марта кўпдир. Шунинг учун офтальмологияда кўриш қобилияти пасайганда қовоқнинг эти ва шарбатини истеъмол қилиш тавсия қилинади. Ундан ажратиб олинган моддалар сил таёқчаларининг ўсишига тўсқинлик қилади.

Узоқ умр кўрган инсонлар қовоқни ҳар кунги таом­номасига киритганини мутахассисилар аниқлаган эди. Операциядан сўнг у кучсизланган организмнинг инфекцияларга нисбатан чидамлилигини оширади. Атеросклероз, юрак қон томир тизими билан боғлиқ бўлган шишлар, буйрак, жигар ва қовуқ касалликлари, гипертония, моддалар алмашинуви бузилганда ҳам қовоқ жуда фойдалидир. Диетолог – парҳезшунослар ушбу полиз экинини “кичик дорихона” ёки ёшлик элексири деб ҳам ҳисоблайди.

Яна ўқинг:  Руҳшунослар: Ижтимоий тармоқларга қарамлик руҳий тушкунликни 3 баробар кучайтиради

Гули ШАЙХОВА,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: