БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҲАҚИДАГИ КИТОБ

илк бор саккиз юз йил олдин ёзилган

Ушбу алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзим илмий иш олиб борган Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун” асарида танишган эдим.(вафоти 1657 й.). “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарининг асл нусхаси ҳамда унинг инглиз ва ўзбек тилларига ўгрилган нусхалари яхлит китоб сифатида ўқувчиларга армуғон этилган эди. Cаккиз юз йил олдин араб тилида ёзилган китобни ўрганиш ва таржима қилиш осон иш эмас. Игна билан қудуқ қазигандек машаққатли иш. “Илмий ишларимнинг раҳбари, устоз Шайҳ Абдулазиз Мансурнинг ушбу китобга масъул муҳаррир бўлганлиги нашрнинг ютуғи бўлди” – деб таъкидлайди М. Атаев.

Ушбу китобга тажрибали ҳуқуқшунос, юридик фанлари доктори Акмал Саидов замонавий ҳуқуқшунослик билан боғлаб сўзбоши ёзганлиги асарнинг аҳамиятини янада оширган эди. Кўплаб олимларнинг меҳнати синган қўлёзманинг биринчи нашри 2011 йили Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган халқаро китоб кўргазмасида юқори баҳоланди. Женево шаҳрида 2013 йили 1 июль – Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган халқаро конференцияда профессор Акмал Саидов маъруза қилиб, ушбу асарга мутахассисларнинг эътиборини қаратди. Жаҳон ҳуқуқшунослари китобни катта қизиқиш билан қабул қилишди. Қадимий қўлёзма ҳуқуқшунослик илми бизнинг мамлакатимизда бошқа фанлар каби қадимийлигини акс эттириб турарди.

“Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари нега эътиборимни тортди? Ўзбекистон аҳолисининг 48, 2 фоизини вояга етмаган болалар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай эътиборнинг моҳиятини англаш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритиши биланоқ баркамол авлод тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов: “Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир” – деб таъкидлади. Бу борада умумхалқ ҳаракатини бошлаб берди.

Халқаро болалар ташкилоти ЮНИСЕФ томонидан ғарб оламини болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор бериш юзасидан биринчилардан бўлгани ва ҳозир ҳам болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишда бошқаларга ўрнак бўлётгани таъкидланади. Дарҳақиқат, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига етарли аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Джебб томонидан асос солинган “Болаларни қутқаринг” Халқаро Кенгаши, кейинчалик “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация” (1959), “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботидир.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАРГА ТАЪТИЛ ТУҲФАСИ

Шу нуқтаи назардан қаралганда, бизнинг мамлакатимизда болалар ҳуқуқига бағишланган асарлар қадим-қадимдан мавжуд бўлганини алоҳида фахр ва ифтихор билан қайд этиш лозим. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда ҳам катта эътибор берилганлигини Маждуддин ал-Уструшанийнинг 1228 йил 28 июлда ёзиб тугатган “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари тасдиқлаб турибди. “Ушбу асар болалар ҳуқуқи муҳофазаси ҳақидаги алоҳида ёзилган илк ҳуқуқий манба бўлиб, ундан кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига дахлдор алоҳида асар яратилмаган”-деб таъкидлайди Муслим Атаев.

Юртимизнинг нуфузли алломаси Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг шогирди Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини ҳуқуққа оид “Китоб ал-фусул” (Ҳақ билан ботилни ажратувчи китоб), “Жомиъ аҳком ас-сиғор” (Болаларга тааллуқли шаръий ҳукмлар мажмуаси), “ал-Фатово” (Фатволар), “ал-Қуруд ва-д-дуюн” (Қарз турлари) ва “ал-Асъила ва-л-ажвиба” (Саволлар ва жавоблар) каби асарлари ташкил этади. Шулардан “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг бугунги кунда дунёда ўн битта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан чет эл кутубхоналарининг фондларида сақланувчи олти нусхаси илм оламида яхши маълум. Ушбу асар туркиялик, мисрлик, ироқлик, германиялик, америкалик олимлар томонидан қисман ўрганилиб, Ислом оламида бир неча марта чоп этилган. Аммо асарнинг Тошкентда сақланаётган беш нусхаси илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолиб келган. Ўзбекистонда эса унга мустақилликдан кейин эътибор берила бошланди. Фиқҳ илмининг (ҳуқуқшунослик) ривожига муносиб ҳисса қўшган аллома Уструшанада (Жиззах вилояти) туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Маждуддин ал-Уструшанийнинг ҳаётлик даври Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади.

Маждуддин ал-Уструшанийнинг ҳаёти ва ижодига эътибор берсангиз яна бир бор бизнинг Шарқда оилавий қадриятлар, илмга бўлган интилиш ниҳоятда кучли бўлганини англайсиз. Алломанинг илмий-маънавий дунёқарашининг шаклланишига оилавий муҳитнинг таъсири кучли бўлган.

Олим бир неча авлод фақиҳлар сулоласининг давомчиси бўлиб, алломанинг отаси Жалолуддин Маҳмуд ибн Ҳусайн ал-Уструшаний, амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Уструшаний, тоғаси Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмадлар ислом илм-фанининг турли соҳаларида самарали ижод этиб, бой илмий мерос қолдирганлар. Онасининг бобоси “Шамс ал-аимма” (Имомлар қуёши) шарафли унвонга эга бўлган. Аллома ўзининг асарларида аждодларининг фикрларидан кенг фойдаланган.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ ТУРМУШ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

“Маждуддин ал-Уструшаний асарларининг ислом оламида кенг тарқалишининг сабаби уларнинг ҳаёт воқелиги билан реал боғлиқлигидадир”-деб таъкидлайди ёш олим Муслим Атаев. Унинг ҳаёти ва ижоди мўғуллар истилоси даврида фиқҳий илмларни сақлаб қолиш, уларни муҳофаза қилиб, фиқҳий қонунчиликни кейинги авлодларга етказиб берган уламо сифатида баҳоланди. Зеро, у “Жомиъ аҳком ас-сиғор” ва “ал-Асъила ва-л-ажвиба” асарларида 132 фақиҳга (ҳуқуқшуносга) ва 115 фиқҳий (ҳуқуқий) асарга мурожаат қилган. Юқорида берилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Маждуддин ал-Уструшаний ўзигача ижод қилиб ўтган энг мўътабар ҳуқуқшуносларга мурожаат қилган. Ўзигача яратилган деярли барча асарлардан фойдаланиб, ўз асарларини яратган. Аллома мурожаат қилган фақиҳларнинг аксарияти мовароуннаҳрлик ҳанафий мазҳаби вакиллари бўлиб, улар ўз даврининг энг забардаст олимлари ҳисобланган.

Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далиллар ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан биридир.

Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Асарда “Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?”, “Ҳомила қачондан бола ҳисобланади?” каби бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб келаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Асарда бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам бола ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги таъкидлаб ўтилган. Онанинг болани эмизиши, энага ёллаш, устоз-шогирдлик мақоми, мерос, ҳатто “болани калтаклаш мумкинми?” деган саволлар ва бошқа масалалар ҳал этилган.

“Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаърий фатволарни яъни қонун-қоидаларни йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларнинг фикрларини мужассам қилган.

Яна ўқинг:  РИО – 2016 УЧУН ЯНА БИР ЙЎЛЛАНМА

Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.

Асар 1289 фатводан (қонун-қоида) иборат бўлиб, уларни шартли равишда, ибодат, ахлоқ, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган қисмларга ажратиш мумкин. Бу асар материалларни жойлаштиришнинг янги тартибини ишлаб чиқишда ўзидан аввалги уламолар фикрларини жамлаб, кейинги авлодлар учун эса маълум шакл-шамоил яратиб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Олим ҳар бир асарида ҳаётда кўп учрайдиган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни айнан бир йўналишда мукаммал ёритган. Масалан, биринчи ёзган “Китоб ал-Фусул” асарида фақат қозиларга (судьялар) тааллуқли масалаларни, иккинчи асари “Жомиъ аҳком ас-сиғор”да вояга етмаган болаларга тааллуқли фатволарни бир китобга жамлаган. Бунда Маждуддин ал-Уструшанийнинг мавзуни ёритишга мақсадли ёндашуви, мавзу чегарасини аниқ танлаб олиш тамойили белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда бутун жаҳон оммаси мўътадиллик тамойилига катта эътибор қаратмоқда. Чунки, кўпчилик экстремистик ва террорчилик ҳаракатлари айнан мўътадиллик тамойилини тушунмаслик ва унга амал қилмаслик оқибатида содир этилади.

Ислом дини нуқтаи назаридан мўътадилликка ёндашув ва хусусан фиқҳий масалаларда мўътадиллик тамойилининг намоён бўлиши барчада катта қизиқиш уйғотади. Маждуддин ал-Уструшанийнинг мўътадиллик тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ва унинг динда ҳаддан ошиш каби салбий оқибатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини излаш ва ўрганиш қай даражада бўлганлиги долзарбдир.

Умумлаштириб айтганда, “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, фарзандлар тарбияси, болаларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари, вазифалари бурчлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, китобнинг кириш қисмида ёзилганидек ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳанглигидир.

Нодира САЪДУЛЛАЕВА,

Тошкент Давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: