ҲАР ЖАБҲАДА ИЛДАМ

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Сафия Раҳматова мактаб атрофини кўздан кечирар экан, бу йилги ўқув йилида ўтган йилгиданда самаралироқ ишлашимиз керак,- дея хаёлидан ўтказди. Чунки, йилдан-йилга ёшлар таълим-тарбиясига бўлган эътибор ва талаб ошгани сари ўқитувчи зиммасига янада кўпроқ масъулият юкланаверади…

1988 йилдан буён шу мактабга раҳбарлик қилиб келаётган С. Раҳматова ўқитувчилар жамоасини ўз оиласи каби талабчанлик ҳамда меҳрибонлик билан бошқариб келмоқда. Ўқувчиларни ўз фарзандидек тарбиялаб, уларнинг келажаги ҳақида қайғурадиган раҳбар опанинг кўп йиллик меҳнатлари вақти келиб ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. 1995-1998 йилларда ёш авлодни тарбиялашдаги эришган ютуқлари эвазига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди.

У педагогик фаолияти давомида ижодий ишлари билан қатор муваффақиятларга эришди. Республика педагогик ўқувида тарих фани бўйича фаол иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаганида унинг иш тажрибаси мамлакат миқёсида оммалаштирилган эди. Сафия Раҳматованинг “Ватанпарварлик – ватан туйғуси” мақоласи (1996й.) “Халқ таълими” журналида, Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллигига бағишланган “Мардлик – мангулик” деб номланган дарс ишланмаси “Бошланғич таълим” журнали (1999 й.) нашр этилди. Устознинг “Тарих дарсларида Ватанпарварлик туйғусини шакллантириш” номли услубий қўлланмаси чоп этилиб вилоятда оммалаштирилгани барча ёш ўқитувчилар учун қўл келди. Сафия опа эркин ижодкор сифатида қалам тебратиб, ўз қалб кечинмаларини “Менинг ардоқланган гул диёримсан” деб номланган шеърий тўпламида акс эттиришга муваффақ бўлди. Уч марта туман кенгаши депутатлигига сайланди. Фидойи устоз ҳозирги кунда ҳам туман кенгаши депутати сифатида халқ хизматида.

Маҳоратли раҳбар мактабни кўкаламзорлаштириш ва таъмирлаш, янги қурилиш ишларига катта эътибор қаратади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 160 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилган бўлса, кейинчалик 422 ўринли икки қаватли замонавий мактаб биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур чекка қишлоқ мактаби 2004 йилда газлаштирилди. Мактабни иситиш тизими яхши ишламагани боис 2008 йилда алоҳида қозонхона билан алмаштирилди. Бир йилдан кейин умуммиллий Давлат дастури асосида жорий таъмирланди. Барча фан хоналари, синф хоналари, кутубхона, спорт зали, маънавият ва маърифат хоналари замон талаблари асосида жиҳозланди.

Яна ўқинг:  БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Бугунги кунда мактабда 62 нафар малакали ўқитувчи 401 нафар ўқувчига таълим ва тарбия бериб келмоқдалар. Ўқитувчилар меҳнатининг муносиб баҳоланиб борилиши уларни ўз ишига янада масъулият билан ёндошишига туртки бўлади, албатта. Жумладан, мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Муборак Икромованинг 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланганлиги жамоадошларига чексиз қувонч улашди. Кейинчалик ҳамкасби ютуғига ҳавас қилган Адолат Набиева ва Чўли Асадовлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Ана шундай фидойилари бор жамоа “Энг обод, энг озода ва кўркам мактаб” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринга мушарраф бўлди.

Мактабда спортга ҳам алоҳида эътибор берилаётгани боис “Қўл тўпи” бўйича қизлар жамоаси қатор йиллардан бери вилоятда ўтказиладиган турли мусобақаларда мунтазам фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. “Маҳалламиз болалари” кўрик-танловида ҳам ўқувчиларнинг вилоят мактаблари орасида фахрли 1-ўринни эгаллашгани уларга ғурур бағишлайди.

Бир сўз билан айтганда бугун Сафия Раҳматованинг шогирдлари, ўқувчилари Ватанимиз фаровонлиги, гуллаб-яшнаши йўлида ҳалол меҳнат қилиб келмоқдалар. Бунинг барчаси фидойи устозларнинг меҳнатлари маҳсулидир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Навоий вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: