Фарзанд ила тугал эрур бахтимиз

Қани, болажон сени бир “алло-алло” қилиб эшитиб кўрайлик-чи? Қорнингдаги балиқлар нима қилаётганини билиб оламиз, хўпми? Мана бу стулга ўтирайликчи, ўғил болалар йиғламайди, улар аскар бўлади. Кўзлари мўлтираб турган болажон ростдан ҳам қорнимда балиқлар бор эканми ёки мен йиғласам аскар бўлолмайманми, – деганича ҳайратланиб бир муддат йиғисини ҳам унутади.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган Иммунология маркази бош шифокори олий тоифали шифокор-педиатр Лола Муҳаммеджонова ҳузурига келган болажонларни ана шундай ширинсуханлик билан қарши олади. Уларни синчиклаб текширувдан ўтказгач боланинг соғломлигига кўра эмлашга буюради. Қўли енгил шифокордан тегишли маслаҳатларни олган ота-оналар унинг ҳузуридан мамнун ҳолда чиқишади.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 86-мактабни аъло баҳоларга тугатиб Тошкент Тиббиёт педиатрия институтига ўқишга қабул қилинган Л. Муҳаммеджонованинг орзуси шифокорлик касбини сиру асрорини мукаммал эгаллашга қаратилган эди. У тиришқоқлиги боис устозлари назарига тушди. Институтни муваффақиятли тугатиб ушбу даргоҳда талабаларга ўзи ҳам устозларидек сабоқ бера бошлади. Сўнгра иш фаолиятини пойтахтимиздаги 55-оилавий поликлиникада бўлим мудири ҳамда шифокор-иммунолог сифатида давом эттирди. Малакали шифокор йиллар давомида тўплаган бой тажрибаси боис эл назарига тушди. 2009 йилдан бошлаб эса у пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Тиббиёт дунёси” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Иммунология маркази”да бош шифокор лавозимида ишлай бошлади. Мазкур марказ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича болаларни режали ва ундан ташқари эмлаш ишларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида ва назоратида фаолият юритаётган мазкур марказ иммунопрофилактика бўйича ушбу вазирлик томонидан чиқарилган меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият юритмоқда.

– Маълумки, гўдак туғилиши билан туғруқ мажмуасида сил, шол ва вирусли В гепатитига қарши эмланади. Қолган эмлашлар эса бола икки ойлигидан бошлаб Ўзбекистон Миллий эмлаш календари асосида яъни, кўкйўтал, бўғма, қоқшол, ротавирус инфекцияси, қизамиқ, тепки, қизилча каби хасталикларга қарши эмланади. Эмлаш жараёнида бола организмида шу касалликка қарши иммунитети (организмнинг хасталикка чидамлилиги ошади) шаклланади. Шу боис бола ушбу хасталикларга чалинувчан бўлмайди ёки уни енгил шаклда ўтказади, – дея касалликни таъкидлайди Лола опа. – Болаларни ва катталарни эмлаш туфайли уларни нафақат юқумли касалликлардан сақлаймиз балки уни келтириб чиқарувчи асоратларнинг олдини олган бўламиз. Бугун юртимизда доимий эмлаш ишлари амалга оширилгани боис шол касаллиги деярли учрамайди. Марказимизда эмланувчилардан патронаж хизмати асосида хабар олинади. Баъзан бола эмлангандан сўнг унда ножўя таъсир кузатилса тиббий ходимлар томонидан назорат қилиниб, керакли тиббий ёрдам кўрсатилади.

Яна ўқинг:  Beshik yonidagi mutolaa

Лола опанинг хушфеъллиги, нурли чеҳраси ва ширин табассуми ҳамда эгнига ярашиб турган оқ халати хаёлимни олис болалик сари етаклайди. Кечагина ўзи шифокорларга ҳавасманд бўлган қиз бугун нуфузли даргоҳнинг бош шифокори. Ҳа, инсоннинг нияти холис бўлса унга омад қўш-қўш қувонч олиб келади. Турмуш ўртоғи хуқуқшунос Зафар Муҳаммеджонов билан уч нафар фарзандини вояга етказаётган Лола опа бугун чинданда бахтли аёлларимиздан бири десак асло муболаға бўлмайди.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: