Реклама

Байрам ва тараддуд: муаллим ўқувчининг қандай совғасига муносиб?

Ҳар йили юртимизда “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни катта шодиёна сифатида нишонланади. Шу куни эрта тонгдан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қўлларида гул ва совғалар билан мактаб томон шошади.

Аслида, барчамизга оқу қорани танитган, ҳаёт йўлларида мустаҳкам суянч бўлган бу меҳридарё инсонларга, меҳрибон устозларимизга дунёдаги жамики совғаларни, гўзал гулларни тақдим этсак, ҳам оз. Аммо баъзан, бу ҳадялар ортида айрим ота-оналарнинг ким ўзарга баҳслашиши, фарзандининг бошқалардан устун эканлигини кўрсатиб қўйишга интилиши, кези келганда, баъзи устозларнинг совғага маҳтал бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Айни билим олиб, ўз истеъдодини юзага чиқарадиган паллада фарзандни бундай дабдабабозликларга, қуруқ обрў олишга ўргатиш уларнинг келажагини сўроқ остига қўйиши, шубҳасиз. Наҳотки, ота-оналар мана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаса?!

Қизим тўртинчи синфда ўқийди. Ҳар йили устозлар байрами арафасида ота-оналар мажлиси ўтказилади. Йиғилишда асосан ўқитувчиларга қандай совға олиш кераклиги хусусида баҳс боради, – дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Муқаддас Шаймонова. – Бу йилги мажлис ҳам худди шундай мунозаралар билан ўтди. Айрим ақлидан пули кўп ота-оналар устозларга қимматбаҳо ва эсда қоларли совғалар бериш кераклигини таъкидлашди. Табиийки, бу фикрга ҳамма ҳам қўшилмади. Баъзи “бойвучча” оналар бир дона гул олишни уят деб билади. Уларга қолса, ўқитувчиларга қимматбаҳо атирлар, заргарлик буюмлари ҳадя қилинса, мақсад мувофиқ. Афсуски, ана шундай ота-оналарнинг “беминнат хизматлари” туфайли жондан азиз фарзандларимиз таҳсил оладиган синфда табақаланиш юзага келади. Уларнинг болалари ўзлари каби димоғдор ва синфдошларини камситиб гапиради. Шукрки, қизимнинг ўқитувчиси қимматбаҳо совғаларга унчалик ҳуши йўқ. Аммо ўғлимнинг боғча опаси бундан мустасно. Унга совға олиб бориш учун бирор байрамни кутиш шарт эмас. Ким кўпроқ ҳадя олиб келса, ўша одамнинг боласига эътибор билан қарайди. Бунга чора кўриш учун раҳбариятга мурожат қилганмиз, аммо “айби исботланмади” дея бу масалага кўз юмишган.

Биламизки, бола катталарга тақлид қилиб улғаяди. Кўрган воқеалари, эшитган сўзлари хотирасига ўрнашади. Шунинг учун ҳам унинг тарбиясида заррани ҳам эътиборсиз қолдирмаслик лозим.

Германияда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари устозларга миннатдорлик рамзи сифатида байрамларда гуллар ва бошқа совғаларни тақдим этишади. Гулни мамнуният билан қабул қилган немис ўқитувчилари қимматбаҳо совғани олишни рад этади. Биласизми нега? Чунки бу ҳаракати туфайли у ўзи меҳр қўйган ишидан айрилиб қолиш ҳеч гап эмас. Хўш, бу масалада мамлакатимиздаги ўқитувчиларнинг фикри қандай?

Олти йил мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаганман, – дейди Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги 28-умумтаълим мактаб директори Наргиза Кариева. – Ўша йилларда байрам олди муаммолар учраб турарди. Айрим ота-оналар ким ўзарга совға танлашгани сабаб фарзандлари кўп оилалар бунга эътироз билдириб, менга мурожаат қилишган. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили байрам арафасидаги ота-оналар мажлисида “совға учун пул йиғиманглар” деб тушунтирилади. Жорий йил раҳбар лавозимига тайинланганимдан сўнг бу масалага янада жиддийроқ ёндошаяпман. Нафақат ўқитувчилар байрами, балки бошқа тантаналарда ҳам совға учун пул йиғиш қатъий тақиқланади. Бу қоидага риоя қилмаган ота-оналарга чора кўрилади. Мана шундай тартибда иш кўрсак, аввало устозни ноҳақ айбловлардан ҳимоя қилган бўламиз. Қолаверса, ўқувчилар ҳам аъло баҳо олиш учун совға-салом эмас, фақат билим зарурлигини тушуниб етишади. Бунда ота-оналарнинг ҳам ёрдами жуда зарар.

Мазкур ўқув йилидан бошлаб барча мактабларда бир хил форманинг жорий этилганидан хабарингиз бор. Буни бежиз ёдга олмадик. Бир хил либос, энг аввало, таълим масканида тартибни, сўнг синфдаги барқарорликни таъминлайди. Бу орқали ким ўзарга кийиниш эмас, ким ўзарга таълим олиш муҳити яратилади. Ана шундай соф муҳитда ўқувчи бошқа ўй-хаёлларга чалғимасдан, фикрини билим олишга йўналтиради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабларда “йиғди-йиғди”ларга ҳам чек қўйиш борасида огоҳлантиришлар эълон қилмоқда. Устоз учун ўқувчисининг қандай совға олиши эмас, келажакда қандай ютуқларга эришиши муҳимдир. Шундай экан вақтингиз ва нақдингизни фарзандингизни билим олиши учун сарфласангиз, оламнинг барча совғалари пойингизда бўлади.

Яна ўқинг:  Мустақил юрт манзаралари

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: