Ҳаёт йўлларида йўлдош, устозлар!
Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг хизмати нечоғли беқиёс эканига фаолиятим давомида кўп бора ишонч ҳосил қилганман.
Бир олам орзу-ҳавас ва теран нигоҳ билан мактаб остонасига қадам қўяётган ўқувчиларни кўрганда устозлик нақадар масъулиятли ва айни пайтда шарафли касб эканини дилдан ҳис этаман.
Халқимиз азал-азалдан устозларни улуғлаб, эъзозлаб келган. Шуни фахр билан айтиш керакки, бу хайрли анъана бугунги кунда ҳам муносиб давом этмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш ва уларга етарлича шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишлар биз муаллимларни жуда қувонтирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деб алоҳида таъкидлагани биз учун – мамлакатда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг дилидаги гап бўлди, десам сира янглишмаган бўламан.
2017–2018 ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган жами 408 135 нафар педагог ходимнинг 120 336 (29,5 фоиз) нафарини эркаклар ташкил этган.
Юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқчида таълим тизимини жаҳон андозалари даражасида ислоҳ қилиш, янги илм масканларини қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишларига, ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу эса ўз навбатида, таълим бериш жараёнини тубдан ислоҳ этиш, юртимиз ёшларини ҳар жиҳатдан соғлом ва мустақил фикрли инсонлар этиб тарбиялашга кенг йўл очмоқда. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, ўзим фаолият юритаётган пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 194-умумтаълим мактаби ҳам капитал таъмирдан чиққач, устозлар кенг ва ёруғ хоналарда дарс ўтиш имконига эга бўлди. Шу билан бирга мактабнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди.
Таъкидлаш жоиз, ёшларнинг юксак интеллектуал салоҳият соҳиби бўлиб камолга етиши кўп жиҳатдан фидойи устозлар, касбига содиқ ўқитувчилар, жонкуяр мураббийларга боғлиқ.
Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланаётган шу кунларда айни бу муҳим жиҳатни яна бир бор кўнглимдан ўтказиб, танлаган касбимдан фахрланиш ҳисси қалбимда жўш урди. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни, устоз-мураббийларни касб байрами билан муборакбод этаман.
Мадина ОЧИЛОВА,
Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги 194-умумтаълим мактаби ўқитувчиси