Юрагинг уриб турсин, болажон!

Инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бири бу – фарзанд. Зеро, у ўзининг бахт-у иқболини зурриёдининг келажагида кўради. Дилбанди товонига қадалган ҳар бир зирапча ота-она юрагига ханжар бўлиб санчилади.

Фотима опа ўғли Сардорбекнинг биринчи фарзанди туғилганида ўзини қўярга жой тополмади. “Ўригидан мағзи ширин” эмасми, набирасини еру кўкка ишонмаган меҳрибон буви чақалоққа ақлли, доно, оқила қиз бўлсин, дея Фарзона деб исм қўйди. Аммо, жажжи қизалоқнинг саломатлигида кун сайин нохуш ўзгаришлар кузатила бошлади. Ғам соя солган оила вакиллари қизалоқни касалхонага олиб боришди. Тиббий кўрикдан сўнг икки ойлик Фарзона туғма юрак нуқсони билан дунёга келганлиги маълум бўлди…

– Митти юракнинг хаста бўлиши катта юракларни ларзага солади. Фарзандимга аёлим билан биргаликда шифо излаб юрган кунларимизнинг бирида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳақида эшитиб қолдик. Умид билан уларга мурожаат қилдик. Шукрки, ҳаракатларимиз зое кетмади. Тошкент педиатрия тиббиёт клиникасида биринчи кичик операция муваффақиятли ўтказилди. Иккинчи жарроҳлик амалиёти эса жорий йилнинг январь ойида Ҳиндистон клиникасида бўлиб ўтди. Ҳозирда қизимнинг аҳволи анча яхши. Бундан жуда хурсандмиз. Шу ўринда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига ўзим ва оилам, жажжи қизалоғим Фарзона номидан чуқур миннатдорлигимни билдираман, – дейди Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи Сардор Турсунбоев.

 

Дониёр ПИРНАЗАРОВ,

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти кардиожарроҳи:

– Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсони бўйича ўтган йили Тошкент Педиатрия тиббиёт институти томонидан 780 нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Ушбу хасталик Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида яшовчи болаларда нисбатан кўпроқ учрайди. Онанинг ҳомиладорлик вақтида тиббий текширувлардан ўз вақтида ўтмаслиги, саломатлигига етарли даражада эътибор бермаслиги боланинг туғма юрак нуқсони билан дунёга келишига сабаб бўлади. Бу йил яна 800 нафарга яқин бемор болага кўмак беришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

 

Аҳолининг кам таъминланган қатламига кўмак кўрсатиш, улар ҳолидан хабар олиш, хасталикка чалинган болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда хайрия ташкилотларининг ўрни беқиёс. Бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам чорак асрдан буён кемтик қалбларга ўзининг қувонч нурларини улашиб келмоқда.

Қайд этиш керакки, фонд томонидан 2012-2017 йилларда биргина туғма юрак нуқсони бўйича 237 нафар бола Германия халқаро хайрия ташкилоти грант маблағлари асосида Тошкент педиатрия тиббиёт институтида, улардан 51 нафари эса Ҳиндистоннинг “Артемис” клиникасида соғломлаштирилди.

2018 йилнинг биринчи чораги давомида эса “Фриденздорф интернейшнл” халқаро хайрия ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан мураккаб турдаги юрак туғма нуқсони бўлган 6 нафар бемор бола Ҳиндистоннинг “Артемис” клиникасида операция қилинди. Шу билан бир бирга, ушбу хасталикка чалинган 16 нафар бола ТошПТИ клиникасида жарроҳлик операцияси ёрдамида соғломлаштирилди. Ташкилот томонидан оксигенаторлар, уларни бутловчи қисмлар, канюлла ва катетер, шунингдек, бошқа турдаги зарур материаллар ота-оналарга етказиб берилди.

Яна ўқинг:  Пластикни йўқ қилувчи бактерия топилди

Фарзанд кулгиси дилларга ёруғлик улашади. Уларнинг саломатлиги эса ота-она бахтидир. Шундай экан кўзлари мунчоқ жажжи қалб эгаларининг бошлари доимо омон бўлсин!

 

Ҳуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: