Авайланган кўзга чўп тушмайди

Дил ойнаси аталмиш кўз орқали беғубор осмону мусаффо замин қўйнидаги жамики гўзалликларни кўриб бир олам шодланамиз. Танамизнинг ана шу бебаҳо аъзосига ногоҳ шикаст етса нима бўлишини бир ўйлаб кўринг-а?

Бебаҳо гавҳар аталмиш кўзларимиз ҳамиша равшанлик билан туташиб юриши учун, энг аввало, уни қандай асраб-авайлаш зарурлиги хусусида билиб олсак асло фойдадан холи бўлмайди.

– Кўзни авайлаб-асраш учун энг аввало шахсий гигиенага риоя қилиш лозим. Уни ҳа, деб қўл билан ишқалаш, кўчадан уйга келиб қизиб турган ҳолда дарҳол муздек сув билан юз-кўзни ювиш ман этилади. Шунингдек, чанг-ғуборларни кўзга тушиши ҳам зарарлидир. Айниқса, китоб ўқиётганда уни толиқтирмаслик керак. Акс ҳолда ундаги оғриқ секин-аста бошга кўчади, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир Бузруков. – Кўз чарчашига асосий сабаб ёруғликни камлиги ёки ўта кўплигидир. Бунда ёруғлик манбаи жилосиз ярқирамайдиган бўлиши билан биргаликда ишлаётган пайтда ёруғлик чап тарафдан тушиши лозим. Кўз билан китоб орасидаги масофа 30-40 см. бўлиши талаб этилади. Яқиндан ўқиш қатъиян ман қилинади. Ҳар 30 дақиқада 10 дақиқа танаффус қилиниши керак. Ёруғлик кам ҳолатда, юриб кета туриб ва транспортда ўқиш мумкин эмас.

Кўз А, В ва С витаминларига жудаям муҳтож бўлади. Шу сабабли истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ана шу витаминларга бой бўлиши лозим. Ушбу витаминлар сабзи, бақлажон, лавлаги, кўк пиёз, қизил қалампир, маймунжон, шафтоли, мандарин, узум, қовун каби мева ва сабзавотлар таркибида мавжуд. Шунингдек, А витаминига бой бўлган сариёғ, жигар, тухум, балиқ ёғи, В витаминига бой бўлган сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳам кўриш қобилиятини яхшилайди. Инсон организмида кўзни ёшартириб унга куч бағишловчи кальций ва калийнинг меъёрда бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Нон, картошка, буғдой ёрмасидан тайёрланган бўтқа, балиқ, ўрик, банан каби маҳсулотларни истеъмол қилиш орқали Д витаминнинг ўрни тўлдирилади. Ўз навбатида темир моддасига бой маҳсулотлар ҳам кўриш қобилиятини меъёрини сақлайди. Яшил сабзавотлар, хантал (горчица), малина, қизил ва қора, сариқ қорағат (смородина), кунгабоқар, олма, қуритилган мевалар, тухум темир моддасига бой.

Дарҳақиқат, кўриш қобилиятининг зўриқиши нафақат кўзга, балки танадаги бошқа аъзоларга ҳам жиддий хавф солишини унутмаслик керак.

Яна ўқинг:  Izlanishlar samarasi – muvaffaqiyat

Бола машғулоти ва унинг кўриш қобилияти

Ҳар бир ота-она фарзандини гўдаклигиданоқ кўриш қобилиятига жиддий эътибор қаратиши унинг келажакда кўриш қобилияти борасида жиддий камчиликка учрамаслигини таъминлайди. Бола билан кундалик машғулот ўтилаётганида албатта вақт эътиборга олиниши шарт. Мактабгача таълим муассасаларидаги машғулот катта гуруҳларда 25 дақиқа, мактабга тайёрлов гуруҳларида эса 30 дақиқа бўлиши лозим. Ушбу вақт унинг кўриш қобилиятини толиқиб қолмаслигига тўғри келади. Чунки, санаш, ёзиш, ўқиш каби машғулотларнинг барчаси кўздан кўп меҳнат талаб этади. Кичик гуруҳлардаги машғулотлар 5-10 дақиқадан ошмаслиги зарур. Болалар билан машғулот ўтилганда кўриш қобилиятини зўриқтирмаслик учун шеърларни ёд айттириш, уларга дидактик ўйинлар асосида машғулот ўтиш ва китобдаги эртак, ҳикояларни, масалларни сўзлаб бериш ҳам катта аҳамиятга эга. Машғулот орасидаги 2-3 дақиқалик жисмоний тарбия машқлари болага хушкайфият улашади. Биринчи ва иккинчи машғулот ўтилаётганида масалан, мусиқа машғулотини бошлашдан аввал 10 дақиқалик танаффус болани енгил нафас олиши ва қўл ҳаракатларини тикланишига катта ёрдам беради. Бола уйда қолганида кўпинча расмлар чизишга қизиқади. Мактаб ёшидаги болалар ўқиш ва ёзиш каби машғулотларни кўп бажаришга одатланишган. Бу вазифаларнинг барчасига кўз орқали эришилади. Шу боис ҳам машғулотлар учун 3-5 ёшли болаларга 40 дақиқагача, 6-7 ёшли болаларга эса 1 соатгача вақт белгиланган. Бунда куннинг иккинчи ярмидаги машғулотлар ҳам худди куннинг биринчи ярмидагидек бажарилади. Машғулот орасида боланинг турли ўйинларни ўйнаши, тоза ҳавода сайр қилиши яхши натижа беради.

Ўқувчиларнинг уй вазифасини тайёрлаш жараёнида биринчи ва иккинчи синф ўқувчилари 1, 5-2 соат, учинчи-тўртинчи синф ўқувчилари эса 2 соатдан ошмаган ҳолда дарс тайёрлаши тавсия этилгани ҳолда юқори синф ўқувчилари учун 3–3, 5 соатдан ошмаслиги мақсадга мувофиқдир. Бунда ҳар 30-40 дақиқа орасида 5-10 дақиқа танаффус қилиш талаб этилади. Зеро, боланинг ўз вақтида калорияли овқатлар тановул қилиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ҳар кунги бадантарбия машқларини бажариши, организмни тоза ҳаво ва қуёш нурларида чиниқтириш ҳам кўриш қобилиятининг меъёрда бўлишида яхши самара беради.

Экран қаршисида

Кичкинтойларнинг телевизор кўришга бўлган иштиёқи жуда баланд бўлишини ҳар биримиз яхши биламиз. Аммо ҳадеб экранга термулиб туриш баробарида ундан таралаётган нур бола кўзи учун зарарли. Бола ойнаи жаҳон қаршисида ўтириб томоша кўраётганида бошқа томондан келаётган ёруғлик унинг кўзини қамаштирмаслигига эътибор бериш лозим. Кичкинтойнинг болалар учун бўлаётган кўрсатувларни томоша қилиши учун кун давомида 30 дақиқагача вақт кифоя қилади. Бошланғич синф ўқувчилари учун эса бу вақт кун давомида 1-1, 5 соатни ташкил этади. Маълумки, бола телевезорни яқиндан кўришга интилади. Бундай ҳолат албатта кўзга таъсир этади. Шунингдек, уларни телевизорни 3-5 метр узоқликдан томоша қилиши тавсия этилади. Бу вақтда бола бир тарафга қийшайиб ёки энкайиб ўтирмасдан фақат гавдасини тўғри тутиб ўтириши лозим.

Яна ўқинг:  110 йиллик рекорд

Ҳа, кўз тананинг бебаҳо гавҳари ҳисобланади. Унинг равшан бўлиши ва жозибали чақнаб туриши учун энг аввало ўзимизни ўзимиз ва дунёни ҳамиша бизга мунаввар айловчи кўзимизни асрашимиз зарур. Зеро, гавҳари шамчироқнинг нурафшонлиги учун соғлом ҳаёт тарзига амал қилиб, зарарли иллатлардан фориғ бўлиб ва соғлом ҳаёт кечириш шарт.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: