Реклама

Бешигида чавандозлар улғайган элмиз

Хабарингиз бор, шу йилнинг апрел ойида Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти базасида от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигасининг биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтган, унда юртимиз терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, Гран-при совринини қўлга киритган эди. Чавандозларимиз 19-23 май кунлари мусобақанинг ­Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтган иккинчи босқичида ҳам юқори натижа кўрсатиб, яна Гран-при совринига эгалик қилди. Ҳамюртларимизнинг юксак натижаларни қўлга киритишида асосий ўрин тутган омиллар ва мамлакатимизда от спорти ривожи йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон От спорти федерацияси Бош котиби Эльдар Анарбаев билан суҳбатлашдик.

– Эльдар ака, баҳсларнинг Бишкек шаҳри мезбонлик қилган иккинчи босқичида чавандоз ва спортчи отларимиз иштироки тўғрисида гапириб берсангиз.

– От спортида бошқа спорт турларига қараганда ғалабага бўлган ишонч бир қадар қийинроқ бўлади. Яъники, майдонда икки спортчи ҳаракат қилади — от ва чавандоз. Агар отлиқ бедовининг тилига тушунмаса, у ҳар қанча маҳоратли бўлмасин, ғалаба қозониши қийин. Иккинчидан, юксак маррани забт этиши учун чавандоз оти билан руҳан яқин бўлиши керак. Бир-бирини ҳаракатларидан англаши керак. Учинчидан, мураббий от ва чавандоз устида обдан ишлаши талаб қилинади. Боиси, у ҳар иккисининг ўртасидаги жонли кўприк. Чунки фақатгина мураббий ойлаб иккисини синов майдонида кузатиш имкониятига эга. Тўртинчидан, хоҳлайсизми-йўқми, спортнинг барча тури учун етарли даражадаги моддий-техник база ғоятда муҳим. Таъкидлаб ўтиш керак, кейинги йилларда республикамизда от спорти ва йилқичиликка катта эътибор қаратилиб, соҳанинг моддий-техник базаси талаб қилинган стандартларга кўтарилган.

Ўйлайманки, терма жамоамизнинг Бишкекда юқори марраларни забт этишига ана шу омиллар сабаб бўлган.

Мусобақанинг илк кунида спортчилар биринчи айланишда баландлиги 1 метр-у 30 см. бўлган тўсиқлардан ошиб ўтишди. Унда қозоғистонлик Нурпўлат Картожак “Камелот” лақабли отида биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўрин ҳамюртимиз Хуршидбек Олимжоновга насиб қилди. У “Кордон Блу” лақабли отида белгиланган баландликни забт этди. Учинчи ўринга мусобақа мезбони Медет Маулетбеков ва унинг “Дас Пантом” лақабли тулпори муносиб деб топилди. Иккинчи айланишда 1 метр-у 30 см. баландликдан от сакратиш бўйича Хуршидбек Олимжонов ва унинг “Кордон Блу” лақабли оти биринчилик соҳиби бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни яна бир юртдошимиз Нуржон Туёқбоев “Дирлеванг” ва “Кинг Корнет” лақабли тулпорларида забт этди.

Яна ўқинг:  Ўзидан асорати хавфли ёки глаукома қандай дард?

Иккинчи куни Миллатлараро кубок баҳсларида дастлабки айланишда 1 метр-у 20 см., иккинчи айланишда 1 метр-у 20 см. баландликни забт этиб, юртимиз терма жамоаси мутлақ ғолибликни эгаллади. Жамоавий беллашувда муносиб иштирок этган Оқил Собиржонов ва унинг “Самира” лақабли оти, Нуржон Туёқбоев ва унинг “Кинг Корнет” лақабли оти, Баҳром ўозиев ва унинг “Каризма” лақабли оти, ўайрат Назаров ва унинг “Куатро Жуниор” лақабли оти рақибларини ортда қолдириб, пеш­қадамликка эришди. Иккинчи ўрин Қирғизистон, учинчи ўрин Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.

Жаҳон кубоги ва Гран-при баҳсларида ҳам юртимиз чавандозлари биринчи ўринни забт этишди. Бинобарин, баландлиги 1 метр-у 40 см. дан 1 метр-у 60 см. гача бўлган тўсиқларни хатосиз ошиб ўтган Оқил Собиржонов ва унинг “Самира” лақабли оти Гран-при совринини қўлга киритди. Қирғизистонлик Садир Маметов “Куинтендро” лақабли отида иккинчи, белоруслик Миколай Карпович юртимиздан борган “Кардинал” лақабли отда учинчи ўринни қайд этишди.

– Натижаларни кўриб, чавандозларимиз Жаҳон кубогининг асосий баҳслари йўлланмасини қўлга киритди ҳисоб, деган ўйга боради киши. Аслида ҳам шундайми?

– Терма жамоамиз натижалари ёмон эмас. “Тўйдан аввал ноғора қоқма” дейишганидай бу борада сўз юритишни кейинга қолдириб турсак.

Июн ойининг 22-25 кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида учинчи босқ­ич мусобақалари бўлиб ўтади. Ўшанда босқичларнинг мутлақ ғолиби, улар тўплаган натижалар эълон қилинади. Яхшиси, Олмаота баҳсларини кутганимиз маъқул. Аммо, сизга шуни ишонч билан айтаманки, чавандозларимиз ва спортчи отларимиз учинчи босқичда ҳам ёмон натижа қайд этишмайди. Боиси, чавандозларимизнинг руҳий-жисмоний тайёргарлиги, отларимизнинг спорт ҳолати юқори даражада.

Қолаверса, минг йилларки, хал­қимизнинг бешигида чавандозлар улғайган! Шу боис, Жаҳон кубогининг асосий баҳс­ларида ҳам муносиб иштирок этиш, юқори натижалар кўрсатиш ҳаракатидамиз.

 

Анвар СУЮНОВ

суҳбатлашди

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: