Тиббиёт ходимларини ҳимоя қилувчи янги лойиҳа

Жорий йилда давлат бюджетидан тиббиёт соҳасига 10 триллион сўмга яқин ёки 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Келаси йилга бу маблағни яна 2 триллион сўмга ошириш режалаштирилган. Бу эса соҳага қаратилаётган юксак эътибордан далолат.

Яқинда тиббий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун ҳужжатлари ижросини ташкил қилиш, соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш ҳамда беморлар ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги муносабатларнинг қонунийлигини таъминлашга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида имзоланган қўшма лойиҳа ҳам мазкур тизим ривожи йўлида ташланган улкан қадамлардан бири бўлди.

Лойиҳада тиббий-ҳуқуқий қўлланма чоп этиш ва тарқатиш, тиббиёт муассасаларида аниқ мавзулар бўйича “бепул ҳуқуқий маслаҳат” курс­лари ва “ҳуқуқий саводхонлик“ бурчакларини ташкил этиш, тиббиёт муассасалари фаолиятини меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ олиб боришга кўмаклашиш, бутун республика бўйлаб тиббиёт муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ва “одоб-ахлоқ ойлиги”ни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, лойиҳада тиббиёт муассасаларидаги коррупция ҳақида тезкор ва аноним хабар бериш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ходимларига нисбатан беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан камситиш, ҳақорат қилиш ва жисмоний куч ишлатиш ҳолатлари юз берганда, тиббиёт ходимлари ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтиришга қаратилган тадбирлар ташкил қилиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар ҳамда юзага келаётган муаммолар бўйича тезкор муносабат билдириб бориш кўзда тутилган.

Ушбу янгилик ҳуқуқий тарғибот соҳасида Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланишда ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Х.ҲУСЕНОВА

Яна ўқинг:  Китоб байрами

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: