Соғлом ва баркамол авлод – ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Соғлом ва баркамол авлод – ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мулоқот тарзида ўтказилди.

Йиғилишда сўз олганлар истиқлол йилларида мамлакатимизда эришилган ютуқлар, айниқса, ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг баркамол вояга етишлари борасида яратилган шарт-шароитлар, пировардида ёшларнинг кўплаб соҳа ва йўналишларда эришаётган муваффақиятлари хусусида тўхталди.

Шу билан бирга анжуманда тезкор ахборот асрида дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ғоявий таҳдидларга қарши ёшларимизда ғоявий иммунитетни шакллантириш, миллий қадриятларимизга содиқ жисмонан ва маънан баркамол авлодни камол топтириш борасида сўз борди.

– Бугун ёшлар ҳаётига таҳдид солаётган «оммавий маданият»нинг асл моҳиятини фарзандларимизга очиб беришимиз лозим, – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юнусов. – «Оммавий маданият» – оломонча маданият, чин маданиятлар кушандаси, бир сўз билан айтганда инсоният таназзулига йўлдир. Унинг замирида «бир марта бериладиган ҳаётда яйраб қолиш керак», деган жўн қараш, ахлоқсиз ва енгил турмуш моҳияти ётади. Афсуски, бу ёт тушунчаларни ёшларимиз онгига сингдиришга уринишлар бўлаяпти. Бизнинг вазифамиз эса ана шу «оломонча маданият»ни емирувчи таъсирни кучайтириб, фарзандларимизни юксак одоб-ахлоқ билан улғайтиришдир.

Оилада болаларни фақатгина компьютер, медиа маҳсулотлари билан банд қилмай, қадимдан шаклланиб келган болалар ўйинларини ўргатиш ота-оналарнинг муҳим вазифасига киради.

Шунингдек, тадбирда таъкидланишича, юртимиз маҳаллаларида Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан аҳоли, хусусан ота-оналар ўртасида фарзандларини ғоявий ва информацион хуружлар, «оммавий маданият» таҳдидларидан асраб-авайлашга қаратилган 22 минг тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Дарҳақиқат, тинч ва осойишта, озод ва обод Ватанда хотиржам умр­гузаронлик қилмоқдамиз. Аммо дунё тобора мураккаблашиб бораётган таҳликали замонда ҳар дақиқа огоҳ яшаш талаб этилади.

– Дунёда ғоявий эпидемия кенг қулоч ёймоқда, – дейди Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари М.Қуронов, – бизга «оммавий маданият»ини сингдирмоқчи бўлган ғарбликлар ҳам «бой берилган авлод»и ҳақида ўйланиб қолди. Бугун ёшларимизни ана шу таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида кўп ва хўп гапирмоқдамиз. Тўғри, аввало, ҳимоя қилишимиз зарур, лекин ёшларни ўзини ўзи ҳимоя қилишга ўргатишимиз керак эмасми?! Кези келганда, фақатгина ҳимоя билан чекланиб қолмасдан, ўзимизга хос эзгу қадриятларимиз, фазилатларимиз, билим ва тафаккуримиз, маърифатимиз билан «ҳужум»га ўтишимиз зарур.

Яна ўқинг:  Tanlov g'oliblarini qutlaymiz!

Анжуманда ёшларнинг бўш вақт­ларини фойдали меҳнатга жалб этишда ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўрни хусусида ҳам сўз борди. Бежиз халқимизда «бир болага етти маҳалла ота-она», деган ҳикматли ибора шаклланмаган. Шу боис юртимизда мустақиллик йилларида маҳалла институтини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Шубҳасиз, бугун дунё унинг моҳиятини ўрганиб, тажриба орттирмоқда.

Қизғин мулоқот тарзида ўтган матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўз мухбиримиз

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: