Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ – TIHE 2018” XXIII Тошкент халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Ушбу нуфузли тадбирда Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Латвия, Қозоғистон, Хитой, Мўғилистон, Нидерландия, Польша, Корея Республикаси, Россия, АҚШ, Туркия, Украина, Ўзбекистон, Чехия ва Швейцария каби дунёнинг 18 мамлакатидан 200 дан зиёд тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илғор корхона ва фирмалар ўз маҳсулот ва хизмат турлари билан иштирок этмоқда.

Эътиборлиси, ушбу кўргазма узоқ йиллар давомида ишлаб чиқарувчилар ва амалиётчи мутахассислар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш учун кенг майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу йилги кўргазма 3 та павильонда ўтказилиб, унда компаниялар ўзларининг замонавий тиббиёт техникалари, ускуналар, фармацевтика саноати учун технологиялар, дори-дармон воситалари билан қатнашмоқда. Кўргазманинг доимий иштирокчилари орасида жаҳоннинг етакчи фирмаларини ҳам учратиш мумкин.

– Бизнинг компания фармацевтика ва биотехнология соҳасида бир неча йиллик тажрибага эга бўлиб, саноат биотехнологияси борасидаги ўз хизматларини кўргазма иштирокчиларига тақдим этмоқда. Мижозларимиз Европа, Ҳиндистон, Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадаги йирик халқаро компаниялар ва кичик маҳаллий компанияларни ўз ичига олади, – дейди Ҳиндистоннинг “Elomatic-pharmalab” компанияси директори Абҳай Ранжан.

Таъкидлаш жоизки, хорижий экспонентлар кўргазма иштирокчилари умумий сонининг 66 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, тадбирда халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамкорлари бўлган маҳаллий дистрибьюторлар ҳам қатнашмоқда. Айтиш керакки, кўргазма ўзининг мазмунга бой илмий дастурлари билан Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳаси мутахассислари малакасини оширишга ҳам кўмак беради.

– Компаниямиз 2 хил турдаги табиий воситалардан тайёрланадиган капсулалар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Биз олиб келган маҳсулотлар қатнашчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда, – дейди Хитойнинг “Shaoxing Zhongya Capsules Industry Co. Ltd” компанияси менежери Франк Ши.

Уч кунлик кўргазма ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бозорни баҳолаш, истиқболли шартномалар имзолаш ва юртимизга инвестицияларни жалб этиш учун ажойиб имконият яратиши кутилмоқда. Шунингдек, тадбир давомида республикамизнинг барча ҳудудларидан келган амалиётчи шифокорлар, тиш докторлари ва техниклар, фармацевтлар, фельдшер ва тез тиббий ёрдам шифокорлари ва бошқа тиббиёт соҳаси ходимлари хорижий ва маҳаллий компаниялар маҳсулотлари билан шахсан танишиш ва таклиф қилинаётган янгиликларни баҳолаш имконига эга бўлмоқда.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: