Перинатал марказида туғилган чақалоқ алмаштириб қўйилган(ми)?…

 Cамарқанд шаҳридаги вилоят перинатал марказида қиз фарзанд дунёга келтирган онага уч кун ўтиб ўғил бола чақалоқнинг жасади берилгани ҳақидаги хабарлар турли онлайн нашрлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Ўзи бу ерда қандай ҳодиса рўй берган эди?

Маълумотларга кўра вилоятнинг Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган Гўзал Ҳакимова 23 майдан 24 майга ўтар кечаси соат 01: 00 да вазни 850 грамм бўлган чақалоқни муддатидан олдин дунёга келтиради. Туғуруқни қайд этиш журналида доя Барно Эргашева томонидан чақалоқнинг жинси қиз бола эканлиги ёзилади. (Кейинчалик Б. Эргашева ўз машъум хатосини тўғрилашга уринган ва журналдаги “жен” ёзувини “муж”га ўзгартириб қўйган). Аслида Г. Ҳакимова ўғил болани дунёга келтирган бўлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ҳам туғуруқдан олдинги ультратовуш текшируви давомида унинг ҳомиласи жинси ўғил эканлиги таъкидланмоқда.

Нега унда журналга чақалоқнинг жинси адашиб, қиз бола сифатида ёзилиб қолди?

Гап шундаки, Г. Ҳакимованинг фарзанди муддатидан аввал туғилган. Бундай чақалоқлар туғилиши ҳамоно, танаси совиб қолмаслиги учун шошилинч равишда махсус вакуумга солинади. Перинатал марказда эса ўша куни туғуруқ интенсив бўлган. Г. Ҳакимовадан 10 дақиқа аввал М. Қурбонова исмли аёл эгизак фарзандлар – ўғил ва қиз фарзандни дунёга келтиради. М. Қурбонованинг қизалоғи Г. Ҳакимованинг ўғлидан 4 дақиқа аввал туғилади.

Чақалоқларни журналга қайд этган доя Б. Ҳакимова (у мазкур воқеада хатога йўл қўйганлиги учун ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган)нинг айтишича, “кейинги туғилган чақалоқнинг жинси нима эди?”, деб савол берилганида кимдир эгизаклардан кейингисини сўраяпти, деган гумонда “қиз” деган ва у бу маълумотни журналга ёзган. Табиийки, онага ҳам, унинг қариндошларига ҳам ҳамширалар томонидан қиз фарзанд дунёга келгани айтиб бўлинган. Бу вақтда муддатидан аввал чала туғилган чақалоқ эса вакуум ичида ҳаёт билан курашарди.

Чала туғилган чақалоққа очилган тиббиёт тарихида ҳам унинг жинси журналдан кўчирилиб, “қиз” сифатида ёзилган. Фақатгина неонатолог Мавзина Ҳамраеванинг дастлабки ёзувларида унинг жинси “ўғил” сифатида қайд этилган. Чунки фақат у чақалоқни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказган.

Перинатал марказ директори, тиббиёт фанлари номзоди Б. Жумановнинг айтишича, вазни 1 килограмга етмай, муддатидан аввал туғилган чақалоқларнинг яшаб кетиши жуда қийин, одатда уларнинг 90 фоизи нобуд бўлади. Г. Ҳакимова дунёга келтирган ўғилча ҳам 3 кун яшаб, ҳаёт билан видолашган. (Қайд этиб ўтиш жоизки, бу чақалоқ Г. Ҳакимованинг иккинчи фарзанди бўлиб, олдинги фарзанди ҳам муддатидан аввал туғилиб, вафот этган).

Яна ўқинг:  Аёл – миллат тарбиячиси. Унинг муаммоси бутун жамиятнинг муаммосидир

Чақалоқнинг қариндошлари аввал бошда “фарзандимиз алмаштирилган”, деган важ билан ундан тониб туришади, уни танаси патологоанатом томонидан ўрганилган, қариндошлари вилоят прокуратурасига ҳам бу борада ариза орқали мурожаат қилишган.

Хуллас, доянинг эътиборсизлиги ортидан чақалоқнинг жинси алмаштириб ёзиб қўйилган ҳамда унинг жасадини қариндошларига топширишда турли тушунмовчилик ва гумонларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Э. Боситхонованинг билдиришича, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев бошчилигида гуруҳ хизмат текшируви ўтказиш учун Самарқанд шаҳрига жўнаб кетган.

 

Элмира БОСИТХОНОВА,

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

Самарқанд вилоят перинатал марказида рўй берган мазкур ҳодиса, албатта, кишини ўйга толдирмасдан қолмайди. Тиббиёт ходимларнинг қўпол хатога йўл қўйиши, эътиборсизлиги турли шубҳа ва гумонларнинг урчишига сабаб бўлади. Албатта, айрим шифокорларнинг врачлик этикаси ва деонтологияси қоидаларини бузганлиги, мураккаб вазиятда муомала маданияти ва хатти-ҳаракатлари рисоладагидек бўлмагани хизмат текшируви давомида атрофлича ўрганиб чиқилиб, керакли чоралар кўрилади.

 

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: