Олий ўқув юртларида тест синовлари бошланди. Ваъда қилинган шаффофлик таъминланадими?

“Талабалик – олтин давр” деб бежиз айтилмаган. Бу унутилмас даврнинг илк босқичи абитуриентликдан бошланиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳаяжонга тўла бу онларни эса сўз билан таърифлаб бўлмайди…

Кеча юртимизнинг барча ҳудудларида олий ўқув юртларининг бакалавриат йўналишига кириш учун тест синовлари бошланди. Бошланди, дейишга сабаблар етарли. Боиси, бу йил ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, имтиҳонлар ўн беш кун давомида бўлиб ўтади. Қолаверса, Давлат тест маркази вакиллари жорий йил тест жараёнлари ҳар томонлама шаффоф ўтишига ваъда берган эди. Биз эса амалда қандай бўлганлигини билиш мақсадида имтиҳон ўтказилаётган жойга бордик.

Яна бир янгилик. Бу йил имтиҳон мактаб ёки бошқа ўқув муассасаларида эмас, очиқ мажмуаларда бўлиб ўтмоқда. Пойтахтдаги барча олийгоҳлар саккизта павилионга бўлинди. Аралаш тартибда гуруҳларга ажратилиб, имтиҳонлар куннинг икки қисмида ўтказилди. Биз пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”нинг очиқ биносида имтиҳонга тайёргарлик жараёнларини бевосита кўздан кечирдик.

Абитуриентларнинг ҳар бири учун алоҳида парта. Оралиқ масофа икки метрни ташкил этади. Бунинг сабаби тўрт томонга камералар ўрнатилган бўлиб, жараённи тўлиқ кузатиб туриш мўлжалланган. Камераларни ДТМнинг масъул ходимлари диққат билан кузатиб боради. Шунингдек, www.test2018.uz сайти орқали имтиҳонни онлайн кузатиб бориш мумкин. Бу узоқ ҳудудларда яшовчи, фарзанди билан бирга имтиҳонга кела олмаган ота-оналар учун ажойиб қулайлик.

Муваффақиятга эришсангиз, қувончингиз дунёларга сиғмайди. Ота-онангиз эса сиздан икки ҳисса кўпроқ севинади. Мушкулотда эса сиздан-да кўпроқ куюнади. Бунинг исботини боласини имтиҳондан чиқишини кутиб турган ота-оналар нигоҳида кўриш мумкин.

 

– Саҳар-мардондан набирамни дуо қилиб, имтиҳонга кузатдим, – дейди Жиззах вилояти, Фориш туманидан Маҳкам ҳожи ота Абдуллаев. – Уйда кутиб ўтиришга сабрим етмай, ортидан ўзим ҳам келдим. Уни болалигидан ўзим катта қилганман. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди, репетиторда тайёрланди, уч йилдан буён Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширади. Ўтган йиллар набирам имтиҳон вақтидаги ноҳақликларни гапириб, хафа бўларди. Бу йил коррупцияга қарши катта кураш олиб борилаяпти. Билими борлар маррага етадиган замон келди.

 

Отахон билан суҳбатлашаётган пайтимиз унинг набираси имтиҳондан чиқиб келди. Яқинини кўриб, суҳбатдошимиз хурсанд бўлиб кетди ва уни маҳкам бағрига босиб, “Юрагинг нима деяпти?” дея савол берди. Набира “Насиб қилса, бу йил кирдим!”, деди нимтабассум билан.

Яна ўқинг:  Тарғибот ишлари натижа бермаса...

 

– Инсон ўз олдига қўйган мақсадларидан ортга қайтмаслиги керак, – дейди Усмонжон Маҳкамов. – Бу йил учинчи бор имтиҳонга келдим. Ички ҳиссиётларим ўқишга кирганимни айтаяпти. Сабаби олдинги йиллар “парвоз”, “шпаргалка” ва телефондан фойдаланиш каби ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Ўқиганлар бир четда қолиб, қаловини топганлар “қор ёғдирган”. Бу йил эса шаффофлик 100 фоиз таъминланган. Кириш жараёнида телефон ёки қоғозлар олиб киришга уринганлар имтиҳонга умуман қўйилмади. Кузатув камералари ҳар томонга ўрнатилган, ҳеч қандай ортиқча ҳаракатнинг иложи йўқ. Билими бор имтиҳондан ўтади.

 

Дарҳақиқат, келажак илмли инсонлар қўлида. Сабаби билимли кадр фарзандимизни даволайди, юридик жиҳатдан ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилади, халқнинг боласига таълим беради. Ана шу жиҳатларини ҳисобга олган Юртбошимиз “Келажак сизларники” дея ёшларни илм олишга ундамоқда.

 

Юртбошимизнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган эътиборидан руҳланиб, катта мақсадлар билан Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ҳужжат топширдим, – дейди Шаҳзода Мадаминова. – Шифокорлик муқаддас ва масъулиятли касб. Соҳа бўйича янги ғояларим, лойиҳаларим бор. Насиб қилиб, талаба бўлсам, бу ғояларимни амалиётга татбиқ этаман. Бу йил имтиҳон ҳар томонлама адолатли тарзда ўтди. Шунинг учун ўқишга киришимга ишонаман.

 

Абитуриентлар билан суҳбатлашиш асносида шундай хулосага келдик-ки, бу йилги имтиҳонларнинг илк куни адолатли тарзда бўлиб ўтди. Синовларга узоқ муддат тайёрланганларнинг кайфияти юқори. Сал четроқда нимадандир безовталанган нигоҳларни ҳам учратасиз. Уларнинг биридан бунинг сабабини сўраганимизда, “ўқишга таваккал топширдим, буёғи омадга боғлиқ” дея жавоб берди. Инсонга омад керак. Аммо фақат омадни кутиб яшайдиган замонлар ўтиб кетди. Натижаларни эртаси кунига билиб олганлар илм олиш зарур эканини англаб етишади. Билим эгалари чўққини забт этади.

Маълумот учун жорий йил республика бўйича жами 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалига 675 минг 49 нафар абитуриентдан ариза қабул қилинган. Танлов кўрсатгичи бир ўринга 8,3 тани ташкил этади.

 

Энг кўп ҳужжат топширилган ОТМлар рўйхатининг учлиги қуйидагича:

1-Қарши давлат университети – 30 минг 937 нафар

2-Самарқанд давлат университети – 28 минг 733 нафар

3-Фарғона давлат университети – 27 минг 726 нафар

Яна ўқинг:  Ҳикмат ойнаси

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: