Кулсанг, дунё кулар – кўнгиллар тўлар

Ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кўпгина мамлакатлар қатори юртимизда ҳам шодлик, қувонч ва бахтиёрлик байрами сифатида кенг тарзда нишонланади. Бу сана илк маротаба 1925 йилда Женевада болалар манфаатлари масалаларига бағишлаб ўтказилган Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган “Халқаро болалар куни” (International сhildren’s day)га бориб тақалади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин болалар саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш ўта муҳим даражага кўтарилди ва 1949 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтган аёллар конгрессида болалар тинчлигини асраш борасида курашга чақирувчи аҳд янгради. Худди шу йили Москвада бўлиб ўтган Халқаро аёллар демократик федерацияси кенгашининг сессиясида бу байрам юқоридаги конгресс қарорига уйғун ҳолда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида таъсис этилди. Бир йилдан сўнг – 1950 йилнинг 1 июнида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг байрам сифатида нишонланди.

Ушбу сананинг ўз байроғи бўлиб, унда юксалиш, уйғунлик, мусаффолик ва унумдорлик тимсоли – яшил ранг фонида чизилган Ер шари атрофида турли ирққа мансуб болакайлар тасвирланган. Ер шари эса инсониятнинг умумий уйидир.

Болалар байрами эса ҳар йили мамлакатларда ўзига хос тарзда, ҳар бир халқнинг қадрият ва анъаналарига уйғун ҳолда нишонланади. Шу куни истироҳат боғлари ва хиёбонларда болажонларнинг тасаввурга бой оламига монанд турли томошалар ташкил қилинади, бақувчисини йўқотган болалар ҳолидан хабар олинади, хайр-саховат тадбирлари уюштирилади.

Аммо бугунги кунда дунёнинг қайсидир бурчагида очлик, ташналикдан азоб чекаётган, яна қайсидир ҳудудда нотинчлик сабаб ота-онаси, яқинларидан бевақт жудо бўлаётган ва мутаассибликнинг қурбонига айланаётган болакайлар ҳам борлиги сир эмас. Шунинг учун бу куннинг аҳамиятини янада ошириш, болаларни турли юқумли хасталиклардан асрашимиз лозим. Зеро, ёшлар – келажак эгалари. Уларнинг соғлиги башарият ҳаётининг давом этишини таъминлайди.

Ҳар бир боланинг бепул таълим олиши бизнинг юртда кафолатлаб қўйилган, аммо, унинг келажакда мустаҳкам моддий таянчга эга бўлиши, ўзи ва оиласини таъминлай олиши учун уларни тўғри йўналтириш ота-оналарнинг энг муҳим вазифаси саналади.

Бироқ ҳозирда компьютер ўйинлари, интернет ва ҳатто ўйинчоқлар орқали болалар онгига ҳужум қилаётган, уларни ўз таъсирига оғдираётган ёт ғоялар кўпайгандан кўпаймоқда. Ғайри ахборотлар фарзандларимиз онгу тафаккурига соя солмаслиги учун, энг аввало, ота-оналар, устоз-мураббийларнинг бу иллатларга қарши турмоғи шарт. Шундагина мурғак қалбнинг туганмас саволларига тўғри жавоб бериш, уларга нима яхши-ю, нима ёмонлигини англатиш мумкин.

Яна ўқинг:  Болаларда нега аденоид ривожланади?

Ҳа, бугуннинг болалари кўп нарсани билишади. Ҳали ёзишни билмайдиганлари ҳам телефон кодини бир зумда очиб беришади, компьютерни мустақил ёқиб, ўзлари яхши кўрадиган мультфильмни қўйиб кўра олишади. Бироқ минг билимдон ва ақлли бўлмасин, бола – барибир бола. Унинг тийрак нигоҳлари атрофидан идеал инсонни излашини, юрагида муҳаббати, туганмас шижоати қайнаб туришини, онги эса ёзилмаган қоғоз сингари топ-тоза ва пок эканлигини унутиб бўлмайди. Демак, биз катталар шунга монанд йўл тутишимиз, болалардан бир қадам олдинда, уларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: