БЕШИНЧИ БОРА
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Осиё футбол конфедерацияси ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимда жорий йилги футбол мавсумининг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди.
Ватандошимиз Равшан Эрматов Эрон вакили Али Ризо Фағоний ва баҳрайнлик Навоф Шукруллоҳ номзодлигини ортда қолдириб юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда “Осиёнинг энг яхши ҳаками” бўлди.
Шу тариқа Эрматов бешинчи бора Осиёнинг энг яхши ҳаками деб тан олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, у 2008, 2009, 2010 ва 2011 йилларда ҳам худди шундай муваффақиятга эришган эди.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз ёзда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати вақтида тўртта ўйинни бошқариб, мундиаллардаги учрашувлари сонини 9 тага етказган ва бу борада рекорд ўрнатган эди.