Кашталарда жилоланган тарих ва келажак

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейида “Шаҳрисабз каштачилиги: қадим ва замон” кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми О.Файзуллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида халқ амалий санъати турларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли неча минг йиллик тарихга эга каштачилик санъати ўзининг янги босқичига кўтарилганини таъкидлади. Самарқанд, Нурота, Бухоро, Шаҳрисабз, Тошкент ва Фарғона каштачилик мактаблари фаолияти қайта тикланиб, изчил ривож топмоқда.

Шаҳрисабзлик каштадўз Гулнора Одилова томонидан яратилган кашталарда нафислик, ўткир ва ёрқин ранглар акс эттирилган.

– Шаҳрисабз каштаси гулбезакларининг кўплигига кўра, Бухоро ва Нурота каштачилигига яқин, – дейди Г.Одилова. – Нурота каштачилигида гул тасвирларига назокат ва нафислик бахш этувчи эркин таглиги катта ўрин тутса, Шаҳрисабз каштачилигида тагликни тўлалигича нақш билан безаш ёки безакнинг бир текисда тақсимланиши янада ёрқин акс этади.

Каштачилик Гулнора Одиловага момомерос. Моҳир каштадўз Шаҳрисабз каштачилиги анъаналарини давом эттираётган тўртинчи авлод вакили ҳисобланади. У XVII асрда қўлланилган ва унутила бошлаган «ироқи» услубини, юртимиз ва хорижий музейларда сақланаётган Шаҳрисабз кашталарини устози Ҳалима Бобоқулова билан чуқур ўрганиб, анъанавий нусхаларни қайта тиклади. Ҳозирги кунда “Кеш-Осиё карвони” корхонасида бир неча ёшларни ҳунарга ўргатиб, уларни иш билан таъминламокда.

Каштадўзнинг табиий ипакдан ишлаган кашта-сўзаналар, чопонлар, ёстиқ жилдлар, аёллар сумкаси, пойабзаллар ва бошқа маҳсулотлари нафақат, мамлакатимиз, балки хорижда ҳам харидоргир. Ҳунарманд ижод намуналари билан АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Россия, Туркия, Италия, Греция, Исроил, Малайзия каби давлатларда ўтказилган кўргазмаларда иштирок этиб, диплом ва совринлар билан тақдирланган.

Мазкур кўргазмада ҳам каштачиликнинг ёрқин намуналари –сўзаналар, чопонлар, ёстиқлар, пойабзаллар, сумкалар, бош кийимлар намойиш этилмоқда.

Гўзал Сатторова,

ЎзА

Яна ўқинг:  Осиё чемпионати якунланди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: