Ҳаёт кузатувларидан қайдлар
Ота-боболару она-момоларнинг кексайиб кучдан қолиши инсонга тушкунлик бағишласа, фарзанду набираларнинг улғайиши куч-қувват бахш этади.
* * *
Ёшлик, талабалар шаҳарчаси ва талабалар уйидаги илм ўрганиш, ҳаётда ўз ўрнини топишга бўлган интилишлар умримизнинг бетакрор дамларидир.
* * *
Ёмон одамнинг ҳамма боласи ҳам нодону ёмон бўлавермайди.
* * *
Турли муаммолар учун ортиқча ва узлуксиз изтироб чекиш ақллилик аломати эмас.
* * *
Ёмонлар бир умр яхшиларнинг ҳурмати ва обрўйига ҳасад қилиб яшайдилар.
* * *
Олиму фозиллар ўз эътироз ва танбеҳларини ҳам майинлик, хушмуомалалик билан билдирадилар.
* * *
Ўзининг хатоси билан йўлини йўқотганларнинг аксарияти бошқалардан нолиб юради.
* * *
Яхши одамлар қуёшга ўхшайди, қуёш барчага баравар нур сочгани каби яхшиликдан ҳам барча тенг баҳраманд бўлади.
* * *
Инсонлар орасида ёмон одамларнинг бўлиши боғу гулзорда майда ёввойи ўтларнинг борлигига ўхшайди.
* * *
Ҳар жойда ҳар кимга маслаҳат беришга интилувчиларнинг ўзи тарбияга муҳтождир.
Абдишукур ОМОНОВ