Одамийлик дарсхонаси

– Болам, – набирасини чақирди буви. Ёнига келган қизнинг қўлини тутиб тортинибгина мақсадини айтди. – Кечаси нимагадир этим увишяпти. Пахталик камзулимни топиб берсанг кийволардим, яна сизларга ташвиш орттириб қўймай…
– Вой, ойижон-ей, – шу заҳоти ичкаридан чиқиб келди ёш она. – Доим шунақасиз. Ахир Гули кечикиши мумкин эмас-ку! Репититор домласининг вақти минутма-минут ҳисобланган.

Айбдор бола каби онахоннинг боши эгилди, шу лаҳза аёл қизига «Бу ёққа ўт. Кетавер!» ишорасини қилди. Набира бир зум иккиланиб, бувисидан узоқлашди.

Юқоридаги воқеани «Ойим ҳеч нарсани тушунмайдилар. Зарур, муҳим ишга ўзларининг ташвишларини тиқиштирадилар», деб қайнонасидан сўз очган, «қизининг инглиз тилини пухта ўрганиши учун ҳамма шароит­ларни яратиб берган» жувоннинг қайнонасидан навбатдаги шикоятини эшитарканман хаёлан тасаввур қилдим.
Шу ўринда Абдурашид Отахонов деган олим (космонавтика бўйича)нинг гаплари ёдимга тушади: «Оиладаги юмушларни бажаришда ҳамма бола теппа-тенг иштирок этиши керак. Гоҳида фарзандлардан бири: «Эртага мактабда фалон фандан ёзма ишим бор», деса мен: «Жуда яхши. Уйдаги ишларни бажариб бўлганингдан кейин дарсга тайёргарликка ҳам вақт топасан», дейман». Шу олимнинг тўрт ўғли мактабни фақат «аъло» баҳоларга битиришди, турли соҳаларда етук маълумотли мутахассислар бўлиб етишди, бир нечтадан чет тилларини яхши билишади. Кўпчиликнинг ҳавасини келтирган ибратли жиҳатларидан бири – она тилида тиниқ, равон сўзлайдиган бу йигитлар оилавий ишларда онаси, аёлини доим қўллаб-қувватлашади. Қўни-қўшнилар ҳурматини жойига қўйишади. Бу хонадонга меҳмон бўлиб келганлар йигитларнинг одоб-ахлоқи, муомаласи, камтарлиги, самимияти қанчалар чиройли эканини эслаб, гапириб юришади.
Қариндошу таниш-билишларнинг ҳафта – етти кун давомида чет тилларини, аниқ фанларни ўрганиш учун курслар ёки алоҳида ўқитувчиларга; гоҳ мусиқа, гоҳ спорт, гоҳ тасвирий санъат бўйича машғулотларга қатнайдиган ўғил-қизларида кузатганим ҳолатлар миямда айланади.
…Меҳмонда эдик. Даврадагилардан бири ўн беш ёшлардаги қизини олиб келган экан. Суҳбатда бу қизнинг мусаввирликка иқтидори борлиги, танловлар ғолиби экани маълум бўлди, ким ҳавас қилди, ким янги муваффақиятлар тилади-ю… сал ўтмай дас­турхондаги тансиқ неъматларга ҳаммадан олдин гоҳ қизнинг ўзи қўл уриши, гоҳ онаси унга олиб бериши ўтирганларнинг хафсаласини пир қилди.
…Метро вагонида баланд овозда гаплашиб бораётган қизларнинг русча, инглизча, унда-мунда ўзбекча сўзлар қоришиқ суҳбатидан кимдир ажабланар, кимнинг энсаси қотарди. Мен кулимсираб уларга яқинлашиб:

– Ассалому алайкум, узр, гапларингизни бўлдим, – дедим. – Қизларжон, баланд овозда ҳаммага эшиттириб гапириш чиройлимас-да… Яна… – деганимча қолдим. Менга «Кимсан ўзи?» дегандай қараган қизлар шарт ўгирилиб, «пиқ-пиқ» кулиб нари кетишди…


Бугун мамлакатимизда ёшлар истаган хорижий тилларни, илму фанни чуқур ўрганиши, иқтидори тўлиқ намоён бўлиши учун ҳар доимгидан кўпроқ эътибор бериляпти, ғамхўрлик қилиняпти, қатор тадбирлар амалга ошириляпти.

Фарзанди келажакда таниқли олим, арбоб, санъаткор, спортчи… бўлиши орзусида ёш болаларини турли мактаб­лар, тўгараклар, машғулотлар, устозларга олиб боришдан вақтини ҳам, маблағини ҳам аямаётган ота-оналар сони кундан кунга кўпаймоқда. Бу – қувонарли ҳол. Фақат унутмайлик, чет тилини «сув қилиб ичаётган», замонавий фанларга боши билан шўнғиган, халқаро танловларда ғолибликка интилаётган ҳар бир ўғил-қизимиз танлаган соҳасининг етук мутахассиси сифатида халққа, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиши аввало атрофидагиларга ҳурмат-эҳтиромли, ширинсўз, оқибатли, эътиборли, саховатли, самимий бўлишига, яъни одамийлик фанини ўрганиб уққани ва унга нечоғли амал қилишига – маънавиятига боғлиқ.

Шунинг учун ўғил-қизларимиз ақлини пешлайдиган, ўткир қиладиган билимларни ўрганиши баробарида уларнинг қалбини ҳаётга, Ватанга самимий муҳаббат билан безайдиган, феълу атворини инсонсеварлик нури билан ёритадиган фазилатлар соҳиби этиш аввало ота­оналарнинг, шунингдек, жамиятнинг ҳамиша долзарб вазифасидир.

Яна ўқинг:  Мудҳиш хато

Муҳтарама УЛУҒОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: