Ҳамдам бўл, эзгулик!

“Бори элға яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ”. Шоҳ ва шоир, улуғ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтилган ушбу ҳикмат мана, неча аср ўтса ҳамки ўзининг қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Аксинча, кундан-кун долзарблигини ошириб бораяпти. Ана шундай қутлуғ айём кунлари арафасида эса кишиларни эзгуликка, яхшилик қилишга даъватдек янграмоқда.

Президентимиз 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дея номлашни таклиф қилган лаҳзалардаёқ кишиларнинг қалбидаги умид, эртанги кунга ишонч янада мустаҳкамланди. Ахир, бунинг замирида миллатимизга хос бўлган, қон-қонимизга сингиб улгурган меҳр-оқибат, саховат каби инсоний фазилатлар мужассам эди. Айниқса, умумхалқ байрами – Қурбон ҳайити арафасида ана шундай эзгу ишларни эслаймиз, хотирлаймиз. Бировларга ёрдам қўлини чўзган кишиларга ҳавас билан қараймиз.

Ойдан тушганмисиз?

“Тез ёрдам” шифокори куйиниб гапирди.

– Ойдан тушганмисиз, опа? Етти соатдан бери оворамиз. Бундай кимсалар кўп, ахир.

Улардан жамиятга нима фойда?

У бироз машина ойнасидан атрофга разм солди ва яна аёлга сўз қотди:

– Сиздай одамлар кўп бўлганда эди, жамиятимиз бундай қусурлардан тозаланган бўлар эди.

Яқинда Сергели тумани Қўйлиқ – 5-мавзе ҳудудида бир вақтлар ичкиликка ружу қўйган, соғлиғини йўқотиб юролмай қолган, уст-боши кир кишини кўриб қолган аёл шошилинч тез тиббий ёрдамга мурожаат қилади. “Тез ёрдам” шифокори билан биргаликда маҳалла профилактика нозирининг қабулига боришади. У эса хаста кишини тиббий кўрикдан ўтказиш зарурлигини айтади. Шифокор Аброр Маҳмудов эса “Мендан ўтди, эгасига етди” қабилида иш тутмайди. Бу дайди кишининг насл-насаби, манзили билан қизиқа бошлайди ҳамда профилактика нозиридан бу борада амалий ёрдам сўрайди.

Хуллас, профилактика нозирининг саъй-ҳаракатлари натижасида саёқ киши ҳақидаги қисман маълумотлар топилди. Ўзини Ринат Казаков деб таништирган бу кимса Миробод тумани Қўйлиқ – 3-мавзеда истиқомат қилган. Маълум сабабларга кўра уйидан айрилиб, кўчада қолган.

Шу тариқа саёқ кишини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келишади. Бу ерда уни ювиб-тараб, тиббий ёрдам кўрсатишади. Ҳатто, муассаса жарроҳи Равшан Мадиев хонасида турган ҳали оҳори тўкилмаган кўйлак ва шимини ҳам унга кийдиради.

Шифокор профилактика нозирига қўнғироқ қилса, телефон тинимсиз банд бўлади. Кейин улар Сергели туман ИИБ га боришади. У ердаги мутасадди кишининг тавсияси ва кўрсатмаси билан Ринат Казаков вақтинчалик махсус реабилитация марказига ётқизилади. Ҳозир у муассасадагилар парваришида. У уч маҳал иссиқ овқат ва вақтинча бўлса ҳам бошпана билан таъминланган.

Яна ўқинг:  МИЛЛИЙ ЭМЛАШ тақвимида янги вакцина

Аёл эса кечаси билан унинг келажагини ўйлаб ухлолмай чиққанини айтади. Дарҳақиқат, эртага махсус реабилитация марказидан чиққач, Ринат Казаков қаерга боради? Майли, бу бошқа масала. Асосийси, халқимизда меҳр-саховат каби тушунчалар ҳали ҳам муқаддас эканида. Дарвоқе, бу аёл ҳам бегона эмас, у шундоққина ёнимизда, биз билан бир жамоада узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб келмоқда. “Тез ёрдам” врачи Аброржон ҳам қасамига ва инсоний фазилатларга содиқ шифокор.

Бир кундаёқ уч қизга она бўлди

Кечирасиз, опажон, – дея йўловчи аёлни тўхтатди уч қиздан бири. – Шу атрофда ижара уй йўқми? Кўчада қолдик.

Салом-аликдан сўнг бу қизлар “Меҳрибонлик” уйида тарбия топгани, пойтахтга иш излаб келгани, айни вақтда бошпанасиз қийналаётганидан бохабар бўлган аёл уларни ўзи турадиган ижара уйи томон етаклади. Кўнгли очиқ, қўли чаққон қизлар тез орада янги уйга мослашиб кетишди. Кечагина нотаниш бўлган аёл билан она-боладек апоқ-чапоқ бўлиб олишди. Ўзига арзимасдек туйилган мурувватидан аёлнинг кўнгли шод. Улар мени она деб чақиришаяпти, дейди у. Муҳими, озгина эътибор, озгина ғамхўрлик. Қизлар ҳам ўз ишини топибди. Уларнинг бирига ўзи туғилган, тарбия топган вилоятидан ҳукуматимиз томонидан уй ҳам ажратиб берилибди. Ҳа, кишиларнинг ҳожатини чиқармоқ, уларнинг бошига ташвиш тушганда елкама-елка турмоқ ҳам фазилат. Бу аёл ҳам таҳририятимизга тез-тез келиб туради, мақолалари билан иштирок этади.

Бу икки воқеа ёнимизда, атрофимизда юрган икки саховатпеша кишининг бошидан кечиргани. Аммо атрофга разм солайлик. Бундай эзгу ниятли одамлар, сизу биз билмаган меҳр-оқибатли инсонлар қанча!

Тўйдан ортгани “меҳрибонлик” уйига

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир воқеа шарҳи овоза бўлди. Ҳақиқатда, таҳсинга лойиқ иш бўлибди. Қизи унаштириб қўйилган ота тўй маслаҳатига йиғилганларни бир гап билан ҳайратда қолдирди.

– Тўйни оддийгина “Хатми Қуръон” билан ўтказамиз.

Даврада “шивир-шивир” гап тарқалди. Ҳамма ўзича муносабат билдиришга чоғланди.

– Ота, – дея олди ўғил ўзида журъат топиб ва бироз ўйланиб, – Қўни-қўшни, маҳалла-кўй нима дер экан?

– Қиз меники, тўй мени. Ўзим истагандек ўтказаман, – деди ота.

– Қолаверса, – деди ўғил, – Қудаларнинг бунга муносабати қандай бўларкин?

Яна ўқинг:  10-синф учун 12 та фандан янги дарсликлар тайёрланди

– У ёғини ўйламай қўявер, – вазминлик билан жавоб қайтарди ота. – Ўзим ҳаммасини ётиғи билан уларга тушунтираман.

– Орзу-ҳавас билан йиғингандик. Бунча маҳсулотни нима қиламиз?

– Увол бўлмайди, – мунозарага нуқта қўяди ота.

Тўй куни кутилмаганда ўғил отасига таҳсинлар ўқийди. Шундай олижаноб отаси борлигидан фахрланади. Ўша куни синглисининг тўйи муносабати билан шаҳардаги “Меҳрибонлик” уйларида ош тарқатилади. Бу ота-боболаримиздан қолган ибрат. Меҳр, саховат, оқибату мурувват каби инсоний фазилатларга бериладиган мукофот ҳам бебаҳодир. Дарҳақиқат, бу воқеалар билан танишар эканмиз, одамнинг кўнгли мунаввар тортади. Ҳаётга, келажакка, инсониятга бўлган умиди юксалади. Шундай саховатпеша одамлар билан даврдош, миллатдош бўлганидан ич-ичидан фахрланади. Уларга интилади. Улардай бўлишга ўзида куч излайди. Шу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг мисралари ёдимга тушади.

…Дунёнинг бу паллалари топилмайди,

Эшиклари тун-кун очиқ, ёпилмайди.

Меҳр кейин дўконларда сотилмайди,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: