Умид бор бўлсин

Умида Асриддинова – Андижон давлат университети талабаси.

У инглиз, немис, грузин, форс-тожик тилларида эркин сўзлаша олади. Ваҳоланки, бундан бир неча йиллар аввал ногирон бўлиб туғилган бу қизалоқнинг яшаб кетишига умид ҳам йўқ эди…

Мухтасар опа қизалоғининг юзига боқар экан дунё кўзига қоронғу кўринар, фарзандининг ногирон эканидан сиқилар эди…

…Тўққиз ой кутилган бахтли кун ҳам келди. Мухтасар опа жажжигина қизалоғини илк бора қўлга оларкан гўдакнинг юзидаги кемтикни кўриб даҳшатга тушди. Чақалоқ дурустгина оғзини ёполмас, қисмат ато этган бир кўзи хиёлгина жовдирарди. Бола ҳар қанча интилса ҳам Яратган ином этган, меҳр билан тўлган онасининг сийнасидан баҳраманд бўлолмасди.

Узоқ-яқинларнинг турфа фикрлари онани ҳардамхаёл қилиб қўйди. Кимдир сабрли бўлишга ундади. Яна “Бир умр мажруҳ бола изидан юрасанми?”, дея гўдакни “Мурувват” уйига топширишни маслаҳат берганлар ҳам топилди. Сўнгги қарор эса Камолиддин аканинг “Мени “Мурувват уйи”га топширадиган болам йўқ”, дея узил-кесил айтган сўзидан сўнг қабул қилинди. Она сабр, ирода ва матонат сабаб таъна-дашномларга чидаб берди. Ота эса қизалоғини маҳкам қучганича умидларимиз шу фарзанд ортидан ушалсин, дея эзгу ният билан қизалоққа Умида дея исм қўйди.

Бир фарзандни вояга етказиш қийинчилиги не чоғлик оғир бўлса, хаста болани парваришлаш машаққати янада оғирроқ. Жажжи Умидани вояга етказгунга қадар Мухтасар опа ва Камолиддин ака ҳам не қийинчиликларни бошдан ўтказишмади, дейсиз. Қуввати суст гўдак мунтазам шифокор кўригию, ота-она парваришида бўлди. Қизалоқ бир сония ҳам уларнинг эътиборидан холи қолмади. Умида икки ёшга тўлганидан ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг овқатни шланг ёрдамисиз мустақил тановул қила бошлашининг ўзи бир мўъжиза бўлди. Уч ёшга тўлгандан сўнг фарзандининг бир оғиз сўзига илҳақ бўлган ота-она қизчасининг айтишга уринган бир-икки оғиз сўзи учун боши осмонга етди. Ўша кезларда улардан бахтиёр инсон йўқдек, гўё.

Умида кун сайин улғаяр экан унинг хатти-ҳаракатидан, ҳаётга ташналиги, атрофдаги оламга қизиқувчанлиги сезилиб турарди. Буни яхши англаган Камолиддин ака бошланғич синф ўқитувчилиги қўл келиб, у билан мунтазам шуғуллана бошлади. Мактаб ёшига ҳали етмаган Умида дадаси билан дунёни англарди. Соатлаб чўзилган сабоқ Умидани сира чарчатмас, аксинча, унинг илмга бўлган қизиқишини янада оширарди. Вақт ўтиб қизалоқ мактабда аъло баҳолар билан ўқиб, иқтидорлилар сафидан жой олишида айнан унинг отаси Камолиддин аканинг меҳнати сабаб бўлди.

Яна ўқинг:  Либосингизда нима ёзилган?

Ҳаёт ҳозирлаган турфа синовлар кишининг иродасини синаб, сабр-матонатини тоблайди. Шифокорлар Умиданинг юзидаги кемтикни буткул даволаш, шунингдек, нутқини равонлаштириш учун юз қисмини бир неча маротаба босқичма-босқич жарроҳлик амалиётидан ўтказиш лозимлигини таъкидлаши оиладагилар учун яна бир синов бўлди. Ота қизининг чеҳрасига тиғ тегишини ўйлаб, ваҳимага тушганда, жарроҳликдан сўнг асорати қандай бўлади, деган хавотир олганида шифокорлар унга ширин сўзлик билан таскин бериб, барчаси яхши бўлишини, бунинг учун бироз сабр ва қунт лозимлигини уқтиришди…

Камолиддин ака ва Мухтасар опага осон бўлмади. Умидани тўққиз маротаба жарроҳлик столига кузатиб қўйишди. Сабр қилишди. Қизалоғининг соғлиғини тиклашга кетган дори-дармонлар, сарф-харажатнинг охири кўринмаганда ҳам ҳар бир ишга яхшилик назари билан қарайдиган Камолиддин аканинг феъли тундлашмади. Оиладагилари учун ҳам вазмин ва кўтаринки кайфиятда бўлишга интилди. Аёлига ҳам ҳаммаси яхши бўлади, дея таскин берарди у. “Яхши ният – ярим давлат” деганларидек, чиндан ҳам ҳаммаси яхшиликка бўлди. Умида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ташкил этилган тиббий кўрикдан ўтиб, кўп ўтмай даволаниш учун Германияга жўнаб кетди. Бир сония ҳам қизидан айрилмаган она, айниқса, Камолиддин ака учун икки йил жуда катта муддат эди. Аммо фарзандининг саломатлиги учун у бундан ҳам кўп кутишга тайёр.

Шукрки, фонднинг фидойи ходимлари Камолиддин акага қизининг саломатлигидан тез-тез бохабар бўлиб туришига кўмак беришди. Умида учун хорижда ота-онасидан айро бўлиш осон бўлмади. Ҳар сафар у жарроҳлик муолажасига йўл олар экан, дадасининг “ҳаммаси яхши бўлади”, деган сўзларини ёдга олиб ўзида куч топа биларди. Умида Германияда саккиз маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди…

…Вақт елдирим. Умиданинг Германияда даволаниб қайтганига ҳам мана бир неча йиллар бўлди. Ҳаммаси кечагидек ёдида. Аммо у ўтган кунларни кўп ҳам хотирлагиси келмайди. Келажакка қўйган улкан орзу-мақсадлари ила яшамоқда. Шунинг учун тинмай изланишда. Ҳозирда бир неча хорижий асарларни ўзбек тилига таржима қилиш билан машғул.

Умида келажакдаги орзулар ҳақида сўзлаб чарчамайди. Қизгинанинг режалари бир олам. У танлаган соҳаси бўйича Германияда магистрлик босқичида таҳсил олиш ниятида. Шунингдек, саломатлигини тиклаган клиникада фаолият олиб бориб, даволаниш илинжида келган болаларга холис кўмак беришни ҳам орзу қилади.

Яна ўқинг:  Жаҳон, бўйлашмоққа етар журъатим

Умида ҳозир ҳам “Соғлом авлод учун” фонди билан тез-тез боғланиб туради. Ташкилотда ишлайдиган ходимлар билан ака-сингилдек яқин бўлиб кетишган. Германиялик мутахассислар ташриф буюрганида ҳам улар билан мулоқот ўрнатиб, фонд ходимларининг фаолиятига яқиндан ёрдам беришга уринади.

Қизидаги ташаббус ва иқтидорни кўриб Камолиддин ака ва Мухтасар опа дилдан қувонади. Қизлари ортидан орзулари ушалган бўлса, ажаб эмас. Зеро, ҳар бир ота-онанинг орзуси фарзандининг иқболини кўриш. Инсон саломатлигини ҳар нарсадан устун қўяётган фонд фаолиятидан, юртимизда ижтимоий ҳимоя тизими изчил йўлга қўйилганидан улар беҳад мамнун.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: