Меҳр мангу яшайди

Биз фарзандларимизнинг баркамол руҳий дунёси учун, уларнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, жисмонан соғлом бўлиши учун доимо қайғуришимиз, курашмоғимиз зарур.

Ислом КАРИМОВ

Бизни бахтимизга доим соғ-омон бўлинг. Сиз борсиз, халқимиз, юртимиз тинч. Сиз борсиз, осмонимиз мусаффо. Доим бизни ёнимизга келиб туринг…

Бу самимий сўзлар бундан 10 йил аввал, аниқроғи, 2007 йил Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Бухоро шаҳридаги 32–“Меҳрибонлик уйи”га ташриф буюрган пайтда ушбу маскан тарбияланувчиси бўлган Лиана Сулейманованинг тилидан янграган эди. Ҳар гал ойнаи жаҳон орқали ушбу лавҳани томоша қилганда қадди баланд, ой юзли қизнинг “Доим бизни ёнимизга келиб туринг…”, дея айтган гапларидан вужудни титроқ босади. Беихтиёр, кўзларга ёш келади. Томоғингга нимадир тиқилгандай бўлади… Сен ҳам нимадир демоқчи бўласан-у, кучинг етмайди…

Аслида ҳам ҳар бир фарзанд доим отаси ёнида бўлишини, уни суйиб-эркалашини истайди. Падарининг борлиги, ёнида экани ҳар бир ўғил-қиз қаддини кўтаради, унга қувонч бағишлайди. Шунинг учун Лиананинг бу сўзларини ҳар бир фарзанд отасига айтадиган энг беғубор, энг самимий тилаклар рамзи дегим келади.

Лиана бугун ўша бахтли кунларни кўзларида ёш билан эслайди. Ширин энтикиш билан ёдга олади. Биринчи Президент билан яна суҳбатлашгиси, унга қалбидаги ширин орзуларини айтишни истайди.

Ислом Абдуғаниевичнинг “Қизим, йиғлама. Барчангиз фарзандимсиз. Ҳаммангизни яхши кўраман. Сизларни ёнингизга тез-тез келиб тураман”, дея айтган сўзлари ҳануз қулоқлари остида жаранглайди…

– Ислом Каримов муассасамизга ташриф буюрган ўша қувончли лаҳзаларни нафақат мен, балки барча тенгдош дугоналарим унутмайди, унутолмайди, – дейди Лиана кўзда ёш билан. – Эслайман, шу куни масканимиз ҳовлисида у инсон билан узоқ суҳбатлашганмиз. Улар биздан спорт билан шуғулланишни, олдимизга юксак мақсадлар қўйиб, унга етишиш учун доимо олға интилишни, ҳеч ҳачон бўш келмасликни тайинлаган эдилар. Айниқса, Ислом бобонинг самимийлиги, оталарча меҳрибонлик билан айтган сўзлари биз каби ота-она меҳридан мосуво болалар қалбига ишонч туйғусини жо этганди. Ушбу юксак ишонч эса беғубор орзуларимизга етишда бизга қанот бағишлади. Бу меҳридарё инсон билан бўлган ўша учрашув бир умрга татигулик ширин хотираларни қалбимизга муҳрлади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти юртимизнинг қай гўшасига бормасин, ёшлар даврасига талпинар эди. Уларнинг қувончига шерик бўларди, дарду ташвишларини жон қулоғи билан тингларди. Юрт фарзандларини қийнаётган муаммоларга ечим изларди. Айниқса, у улуғ инсоннинг ташаббуси билан мамлакатимизда ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши, маънавиятли шахс бўлиб камолга етиши, чуқур билим олиши учун яратилган шароитлар, бу соҳада амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар, қабул қилинган қарор ва қонунлар фарзандларимизнинг кўплаб орзуларини рўёбга чиқарди. Бу борада Ислом Каримов шундай деган эди: “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади”.

Яна ўқинг:  Бахши бобом боласиман

– Ислом Каримовнинг ғамхўрликларини биз каби ота-онасиз қолган болалар яхши билишади, ҳис этишади. Масалан, ўзим тарбия топган Меҳрибонлик уйида спорт билан шуғулланиш, таълим олиш, бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун барча шароитлар яратилган эди, – дея сўзида давом этади Лиана. – Мен ана шундай имкониятлар сабаб кўплаб орзуларимга эришдим. Ҳуқуқшунослик соҳасида таҳсил олдим. Оилали бўлдим. Бугун турмуш ўртоғим ва 7 ёшли Аниса қизим билан ширин ҳаёт кечирмоқдамиз. Бу йил фарзандим Бухоро шаҳридаги 21-умумтаълим мактабининг 1-синфига боради. Унга Президент совға беришини айтганимда болаларча севинди. Фарзандимнинг юз-кўзидаги қувончни кўриб, таниш туйғулар мени олис хотиралар сари етаклади. Биласизми, биз ҳам байрам кунларида Ислом бободан кўплаб совғалар олардик. Ўша пайтда қанчалар севинганимизни сизга сўз билан ифодалаб беролмайман…

Халқимиз ҳар бир ишдан ҳикмат излайди. Бугун ойнаи жаҳон орқали Афғонистон, Сурия, Фаластин, Ироқ ва Миср мамлакатларида бўлаётган талотўплар, уруш-у низоларни кўриб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз учун шукроналар айтамиз.

Она Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувлик, осуда ҳаёт ана шу кўнгли ўксик болаларга кўрсатаётган ғамхўрликларимиз, эзгу амалларимиз туфайли эмасмикан, деб ўйлайман.

Бир сўз билан айтганда, бундай эзгу амаллар халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Айтиш керакки, бу борада ҳам Биринчи Президентимиз барчамизга ўрнак эди. Ўтган чорак аср давомида у инсон қилган ишлари ҳаммамиз учун ибрат мактаби бўлди.

Қувонарлиси, бугун ҳам мамлакатимизда бу борада кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ота-она меҳридан бенасиб болаларга мурувват қилиш, ёрдам қўлини чўзиш, ҳолидан хабар олиш, уларнинг таълим олиши учун барча имкониятлар ишга солинган.

– Ислом Каримов билан учрашган кунимиз менга, “Сиз дунёдаги энг бахтли аёлсиз. Чунки сиз бу ерда тарбияланаётган болаларнинг меҳрибон онасисиз. Тилагим, фарзандларингиз бахтига доимо соғ бўлинг. Ҳеч қачон чарчаманг!”, дея айтган меҳрли сўзларини эсласам, ҳануз кўзларимга ёш келади, – дейди муассаса раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Саида Шарипова. – Шу куни Биринчи Президентимиз болаларга автобус совға қилган эди. Ўша автобус бугун ҳам болаларимизнинг узоғини яқин қилмоқда. Бу буюк ва бағрикенг инсоннинг халқимиз, фарзандларимиз учун қилган яхшиликлари, эзгу ишлари бир умр ёдимизда қолади.

Яна ўқинг:  Пекинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ваколатхонаси очилди

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида “Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолади”, деган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу сўзлари билан бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти бошлаган барча хайрли ишлар, олиб борган изчил ислоҳотлар давом этишини алоҳида таъкидлади. Қувонарлиси, бугун орадан бир йил ўтиб, шу нарсага амин бўлмоқдамизки, Ислом Каримов ўзига муносиб шогирдларни ҳам тарбиялаб, мамлакат истиқболи, юрт келажаги учун меҳрдан муносиб пойдевор яратган экан.

Она халқимиз истиқлолимиз бунёдкори, Биринчи Президентимизнинг кўрсатган жасорати, юрт тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасини ҳеч қачон унутмайди.

Саъдулло ТУРСИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: